Соғлиқни сақлаш вазирлиги: БОЛА ТИШЛАРИНИ КАРИЕСДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МУМКИН?

Кариес хасталиги келиб чиқиш сабаби нима? Тишларни кариесдан қандай сақлаш мумкин? Бир марталик пломболар қанча вақтгача туради? ССВ матбуот хизматининг шу йўналишдаги саволларига олий тоифали стоматолог-шифокор Миравзал Ирханов жавоб берди.

—Болаларда кўп учрайдиган кариес касаллиги ва унинг келиб чиқиши сабаблари нималардан иборат?

— Овқат қолдиқлари чайнов юзаси ёки тиш бўйин қисмларида йиғилиб қолиб, тишлар ювилганида улар тишнинг табиий чуқурчаларида қолиб кетади. Маълум вақт ўтиб эса тиш эмалини чиритади, бу кариеснинг бошланишидир. Ота-она боланинг тиш ювишини ўз назоратига олиши лозим.

— Тиш юзасига кумуш билан ишлов бериш кариесдан ҳимоя қила оладими?

— Сут тишларида эрта бошланган кариесни даволашда кумушлаш амалиёти кенг қўлланилади. Маълум фоиздаги кумуш эритмаси тиш юзасига суртилади ва бу кариеснинг тўхташига хизмат қилади. Аммо кумушлашдан сўнг тиш эмали бироз қорайиб қолиши мумкин. Кариес аниқлангач, бола ҳар олти ойда бир марта стоматолог кўригидан ўтиб туриши керак. Агар тиш кариеси катталашиб борса, қўшимча равишда кумуш нитрати суртилади.

— Бир марталик пломба неча йил хизмат қилиши мумкин?

— Бола сут тишларига қўйиладиган пломбаларнинг бир нечта тури бор. Тиш нерви олинганидан сўнг қўйиладиган пломба тиш илдиз каналининг доимий тишга алмашгунига қадар хизмат қилади. Тиш тож қисмига қўйиладиган пломба овқатланиш пайтида халақит бермайди ва доимий тишлар алмашгунига қадар етиб беради. Агар пломба яхши турган бўлса, уни алмаштириш талаб этилмайди. Пломба тушиб қолмагунча ундан фойдаланиб юраверса бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotibi
 

06.01.2021 590

Похожие новости