СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРДА ФИДОЙИ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ ҲИССАСИ УЛКАН

Мамлакатимизда барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 180 га яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ижросини босқичма-босқич таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Соҳани молиялаштириш ҳажми ошмоқда

Бугунги кунда тиббиёт тизимида ислоҳотлар жуда жадаллашган. Хусусан, соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2018 йилда 9,4 триллион,  2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди. 2020 йилда эса 14,8 триллион сўм ажратиладиган бўлди.

Бугун дунё тиббиётида олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш давлат учун ҳам, оила учун ҳам самаралидир. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Айни пайтда халқимизга бу йўналишда 1793 та амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан, 817 та қишлоқ врачлик пунктлари, 798 та қишлоқ оилавий поликлиникалар, 178 та шаҳар оилавий поликлиникалар хизмат кўрсатаяпти.

Тиббиётнинг бирламчи тизимини мақбуллаштириш ишлари натижасида 798 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниб, уларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар, энг муҳими, 5 та тор соҳа мутахассисларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Тиббий патронаж хизмати замон талабидан келиб чиқиб такомиллашмоқда.

Тез ёрдам янги босқичга кўтарилди

Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган соҳа — шошилинч ва “тез ёрдам” хизматининг фаолияти ҳам кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Натижада, аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди.

Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan”, “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги ҳарид қилинган 281 та реанимобиллар 4,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. 2019 йилда яна 150 та тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган “Ford” русумидаги реанимобиллар харид қилинди.

Ихтисослаштирилган марказлар сони 17 га етди

Ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қўшимча cаккизта республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (онкология ва радиология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, неврология ва инсульт, нефрология ва буйрак трансплантацияси, наркология каби йўналишларда) ташкил қилиниб, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар сони 17 тага етди.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан олис ҳудудларни қамраб олиш борасидаги топшириқлари бўйича ҳудудларда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларнинг 17 та филиаллари ишга туширилди, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида 6598 ўринга мулжалланган 310 та ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил қилинди.

/uploads/banners/news/ABA_8680%20(1).jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мураккаб операциялар муваффаиятли бажарилмоқда

Тиббиёти тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни мамлакатимиз тиббиётида жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият берилаяпти. Шу ўринда Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. Кардиожарроҳлик соҳасидаги замонавий операциялар бугун нафақат пойтахтимизда, балки, Наманган, Хоразм, Фарғона, Бухоро, Қашқадарё ва бошқа вилоят даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли амалга оширилаяпти.

Қувонарли жиҳати, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ҳудудларда 1886 та жарроҳлик операциялари ўтказилди шундан 1050 таси юқори технологик операциялардир. Вилоятларда ҳам кардиохирургия хизмати ривожланиб, ўнта ҳудудда 10 та рентгенэндоваскуляр бўлимлари фаолият кўрсатмоқда, 8 та вилоятларда кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда янги 174 та диагностик ва 264 та даволаш усуллари жорий этилди, телемедицина орқали 801 та онлайн консультациялар ўтказилди.

Охирги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудларимизда болалар даволаш муассасаларида олдинлари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби кўплаб янги бўлимлар ташкил этилиб, энг қийин амалиётларни ўтказилмоқда.

Қолаверса, юртимиз перинатал муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши баробарида мутахассисларимизнинг малакасини ошириш орқали энг кам вазнли гўдакларни ҳам парвариш ва реабилитация қилиш муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар юртимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

/uploads/banners/news/ABA_0005.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ОПВга қарши вакцинани қўллаш йўлга қўйилди

Кўплаб давлатларнинг одам папиллома вирусига қарши вакцинани амалиётга муваффақиятли татбиқ этиш тажрибасини эътиборга олган ҳолда, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб юртимизда  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг  қўллаб-қувватлаши натижасида бачадон бўйни саратони келтириб чиқарувчи ОПВга қарши вакцинани қўллаш йўлга қўйилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, бачадон бўйни саратонига қарши ОПВ вакцинаси билан эмлаш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиб, аҳоли соғлиғини сақлашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда 100 дан зиёд давлатларда ОПВ вакцинаси қўлланилиб, у 96 та давлатнинг Миллий эмлаш календарига киритилган.

Эътиборли жиҳати, малакатимизда ҳар бир вакцина жорий қилинишидан олдин ҳар томонлама чуқур таҳлил ва синовдан ўтказилиб, кўзланган ижобий натижага эришилсагина у амалиётга жорий этилади. Одам папиллома вирусига қарши вакцина ҳам мамлакатимизда илк маротаба 2006 йилда лицензиялашдан олдин синовдан ўтказилган. Ўтказилган клиник тадқиқотларда вакцина аёлларда саратон олди касалликлари ва саратоннинг олдини олиш билан бирга, репродуктив функцияларига ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмаслиги, аксинча репродуктив функцияни ҳимоя қилиши аниқланган. Шунингдек, 2010 йилда мамлакатимизда 8 минг нафар 9-15 ёшли қизлар орасида ушбу вакцина қўлланилган эди. Ўтган даврда қизларда ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кузатилмади ва бу вакцина ўзини оқлади.

Таҳлил натижаларига кўра, эмлаш эвазига келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилади. 2050-2060 йилларгача аҳолининг 90 фоизи эмлаш билан қамраб олиниши орқали Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони касаллиги тўлиқ бартараф этилишига эришилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда эмлаш ишларининг яхши йўлга қўйилганлиги натижасида шол, бўғма, гўдаклар орасида қоқшол, бактериал менингит, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ротавирус инфекциясидан ўлим ҳолатлари кескин камайганлиги ҳамда 18 ёшгача бўлган болалар орасида вирусли гепатит В ва қизилча касалликларининг қайд этилмаслигига эришилди. Эътиборли жиҳати, 2017 йилда эса ЖССТнинг Европа ҳудудий бюросига аъзо бўлган 53та давлатлар ичида олтинчи бўлиб, Ўзбекистонга қизамиқ ва қизилча касаллиги бартараф этилганлиги эътироф этилди. Бундан ташқари, 2018 йил Ўзбекистон безгак касаллигининг маҳаллий ҳолатлари бартараф этилганлиги тўғрисидаги халқаро сертификатни ҳам қўлга киритди.

ОПВ вакцинасини қўллаш бўйича Миллий эмлаш кунларининг иккинчи босқичи 2020 йил апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

/uploads/banners/news/ABA_8239.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Янги учта тиббиёт маркази ташкил этилди

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарор билан келажак авлодни дунёга келтирадиган аёллар ҳамда болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифати, шубҳасиз, янада юқори поғоналарга кўтарилади.

Қарорга кўра, “2019 – 2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури”нинг қабул қилиниши соҳани ҳар томонлама янада ривожлантиришга замин яратади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши ҳам тузилди.

Ҳужжатга мувофиқ, тиббий-ижтимоий соҳада бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тубдан такомиллаштирилади. Хусусан, оналар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни замон талаблари даражасига олиб чиқиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган болалар хирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика болалар тиббий реабилитация маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Ёрдамчи репродуктив технологиялар маркази ташкил этилади. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида, болалар анестезиология-реанимация ва интенсив терапия бўлимлари ҳамда бемор болаларга туну-кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи навбатчи врач пости фаолият бошлайди.

Эътиборли жиҳати, биринчи марта ушбу соҳага хусусий секторнинг кириб келишига йўл очилмоқда. Юқоридаги қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилмоқда, Туғруқни қабул қилиш билан шуғулланиш фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Хавфсиз оналик” стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай оладиган туғруқ, жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника,бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамдаюқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлган, шунингдек,соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини доимий юритиш шарти билан хусусий тиббиёт муассасаларига рухсат этилади.

Хусусий тиббиёт муассасалари 5300 дан ошди

Сўнгги уч йилда 1300 дан ортиқ даволаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги ва биргина 2019 йилнинг ўзида тиббиёт масканлари 100 миллион доллар миқдоридаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани, халқимиз саломатлиги йўлида қилинган ишларнинг мезон ва миқёсини кўрсатиб турибди.

Юртимизда кейинги йилларда хусусий тиббиёт ривожи учун кенг имкониятлар яратилди. Натижада бугунга келиб бу йўналишда фаолият юритаётган шифохоналар сони 5300 дан ошди. Мамлакатимизда Россия, АҚШ, Германия, Хиндистон, Туркия каби қатор ҳорижий давлатларнинг 100 дан ортиқ замонавий клиникаларни ташкил этилди.

Жумладан Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан Термиз шаҳрида замонавий лаборатория марказини ташкил этилди. Жорий йил бошида бошланган ушбу муҳим лойиҳа доирасида қурилиш, жиҳозлаш ва фаолиятни электрон ташкил этиш ишларга 2 миллион АҚШ долларига яқин инвестиция қиритилди. Натижада, 30 нафар янги иш ўрни яратилиб, 300 га яқин турдан ортиқ лаборатория таҳлилларини бажариш имкониятига эга марказ бунёд этилди. Эндиликда, мурккаб лаборатория таҳлилларини бажариш учун Тошкентга боришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, таҳлил жавоблари ҳам ўша куннинг ўзида фуқаронинг электрон манзили ёки мобил телефонига юборилади.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигидаги “Himchan” кўп тармоқли хусусий клиникаси очилди. Ушбу клиникасини қуриш, жиҳозлаш ва фаолиятни электрон ташкил этиш ишларига 7,1 миллион АҚШ доллари миқдорда инвестиция киритилди. Бу ерда 140 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, стационар шароитда даволаниш учун 90 та ўрин ташкил этилди. Эндиликда вилоят аҳолиси ушбу йўналишда малакали тиббий диагностика ва даволаш ёрдами олиш учун олис йўл босиб пойтахтга боришига ҳожат қолмади.

Қатор тиббиёти ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик муносабатлари ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Жумладан, яқинда пойтахтимиздаги Қозоғистон йили доирасида Қозоғистон тиббиёти кунлари ташкил этилди. Шунингдек, “Саломатлик ҳафталиги” доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ҳам ташкил этилди.

22 та халқаро факултет очилди

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали очилиши, Фарғона филиалида қабулнинг тикланиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди.

Тиббиёт илм-фани, тиббий-илмий марказларнинг хориждаги нуфузли илм-фан муассасалари билан алоқалари ҳам жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий-илмий таълим муассасалари ҳамкорлигида 22 та халқаро факультет очилди. Юртимиз тиббиёт илми ҳам жаҳон илм-фани билан ҳамқадам ривожланиб боряпти.

Эътирофга муносиб соҳа

Соҳада амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар шубҳасиз тиббиёт ходимларининг фидойилиги самарасидир. Шу боис соҳа вакилларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, жорий йил Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида ҳам давлатимизнинг тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган улкан эътибори ва эҳтироми намоён бўлди. Биринчи марта Президентимиз тиббиёт ходимларини самимий қутлади ва биринчи марта бир гуруҳ соҳа фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ушбу эътирофлар сўнгги уч йил давомида тиббиётга, шифокорларга қаратилаётган улкан эътиборнинг энг юксак чўққиси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз. 

Президентимиз ўз табригида “Биз сизларнинг тимсолингизда халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз”, дея шифокорларнинг эл саломатлигини асраш йўлида олиб бораётган ишларига муносиб баҳо берди.

Аҳамиятли жиҳати, жорий йилнинг ўзида Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан ҳамда Тиббиёт ходимлари куни арафасида жами 95 нафар тиббиёт ходимларининг давлатимизнинг юксак унвон ва мукофотларига сазовор бўлгани соҳа ходимларининг шарафли ва масъулиятли меҳнати давлатимиз ва халқимиз томонидан нечоғлик юксак эътироф этилаётганининг яқол исботидир.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтаётган “Йилнинг энг яхши шифокори” танлови ҳам тиббиёт ходимларининг меҳнатини қадрлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, тизимда орттирилган илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Танлов бу гал ҳар йилгидан кўра ҳам юқори савияда ва кенг миқёсда ўтказилди. Бу йил биринчи марта 39 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

***

Янгиланаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли ва улкан ислоҳотлар жадал кечмоқда. Бирламчи тиббиётдан тортиб, малакали кадрлар тайёрлашгача бўлган жараён моҳиятида халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсад мужассам. Буни чуқур англаган соҳи фидойиларининг саъй-ҳаракатлари давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, муносиб рағбатлантирилмоқда.

Халқимизнинг ҳаётдан рози бўлишида, давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсатга, ислоҳотлар нисбатан ишончининг мустаҳкамланиб боришида самарали ва сифатли тиббий хизмат муҳим ўрин тутади. Шу боис соҳа тараққиётига йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва тиббиёт ходимларига бўлган эътибор келгусида ҳам изчил давом этади.

Фурқат Санаев,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи.

08.01.2020 4098

Похожие новости