Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ​​​​​​​​ ​ПОЛИОМИЕЛИТ ЎЗБЕКИСТОНГА ҲАМ ХАВФ СОЛИШИ МУМКИНМИ?

Қўшни мамлакатда тарқалаётган ўткир юқумли вирус Ўзбекистонга ҳам кириб келиши мумкинми? Мамлакатимизда бунинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Дилором ТУРСУНОВА жавоб берди.

— Полиомиелитга қарши вакцина қилиш Ўзбекистонда қачон бошланган? Эмлаш тартиби қандай?

— Мамлакатимизда миллий эмлаш календарига 13 турдаги юқумли касалликларга қарши вакциналар киритилган бўлиб, полиомиелит ҳам шулардан бири ҳисобланади.

Айни пайтда юртимизда полиомиелитга қарши аралаш иммунизация, яъни томчи орқали ҳамда инъекцион усулда амалга оширилади. Вакцина беш марта: болаларнинг 2, 3, 4, 16 ойлигида ва етти ёшида қўлланилади. Болалар 4 ойлигида ҳам томчи орқали, ҳам инъекцион тарзда эмланади.

Полиомиелитга қарши аҳоли вакиллари 5 марта эмланиши ҳамда вакцинацияда аралаш усулдан фойдаланишилиши хавфсизликни янада оширади.

— Полиомиелит касаллиги бизга кириб келмаслиги учун қандай эҳтиёт чоралари кўрилаяпти?

— Ўзбекистонда бу касаллик тарқалишини олдини олиш учун доимий равишда мониторинг олиб борилади. Шунингдек, қўшни давлат билан чегара ҳудудлардан кириб келаётган фуқароларда полиомиелит касаллиги аломатлари борлигини аниқлаш чора-тадбирлари тўлиқ кўрилган.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мутасаддиларимиз томонидан Ўзбекистондаги барқарор вазиятни мониторинг қилиш ҳамда полиомиелит касаллигини олдини олишда ҳамкорликда амалий ишлар олиб бориш бўйича таклиф киритилди.

Шунингдек, полиомиелит касаллиги билан симптомлари бир хил бўлган ўткир бўшашган шол касаллигига чалинган беморлар қайта лаборатор таҳлиллардан ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

29.03.2021 640

Похожие новости