АҲОЛИ ОРАСИДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ТАРҒИБ ЭТИШ ЭНГ АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ ҲИСОБЛАНАДИ

Мамлакатимизда барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқимизда касални даволагандан кўра, олдини олган афзал, деган нақл бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, саломатликни сақлашда профилактика, аҳолининг соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 180 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ижроси босқичма-босқич таъминланмоқда.

Жисмоний фаоллик саломатликка етаклайди

Яқинда давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам касалликлар профилактикаси масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бошқарув идоралари ишини айнан шунга йўналтириш лозимлигини таъкидланди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, тўғри овқатланиш ва пиёда юришнинг саломатликка фойдасини тарғиб этиш муҳимлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат, миллатимиз генафондини сақлашда профликатика ва соғлом турмуш тарзининг ўрни алоҳида. Шундан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тизимли равишда мамлакатимиз бўйлаб оммавий саломатлик тадбирларининг уюшқоқлик билан ташкил этилиши аҳолининг соғлом турмуш тарзига қизиқишини оширмоқда.

/uploads/banners/news/6%20(3).jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Айнан касалликларни даволаш эмас, унинг олдини олишга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар, камҳаракатлилик натижасида юрак-қон томир, асаб тизими, қандли диабет каби оғир касалликлар кўпайиб бормоқда. Аҳолимизнинг ярми ортиқча вазнга эга, 46 фоизида қон таркибида меъёрдан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори. Юртимизда мева-сабзавотлар маҳсулотлари мўл-кўл етиштирилса-да, аҳолининг кундалик овқат рационида мева-сабзавот истеъмоли етарли эмас. Ушбу муаммолар туфайли Ўзбекистонда йиллик ўлим ҳолатларининг 78 фоизи айнан юқумсиз касалликлар улушига тўғри келмоқда. Шу сабабли касалликларнинг олдини олиш тиббиётнинг асосий, устувор вазифаси этиб белгиланган.

Профилактик тиббиётнинг мавқеи оширилади

Дунё тиббиётида олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш давлат учун ҳам, оила учун ҳам самаралидир. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Айни пайтда халқимизга бу йўналишда 1793 та амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан, 817 та қишлоқ врачлик пунктлари, 798 та қишлоқ оилавий поликлиника ҳамда 178 та шаҳар оилавий поликлиникалар хизмат кўрсатаяпти.

Шунга қарамай, юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг тадбирларини ўтказиш, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати борасида қатор муаммолар мавжуд. Бундан ташқари, ажратилган маблағларнинг асосий қисми стационар даво учун йўналтирилмоқда.

/uploads/banners/news/1%20(4).jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида келгусида, аввало, бирламчи бўғинда профилактик тиббиётнинг мавқеини оширишга асосий эътибор қаратилади. Оммавий профилактик кўриклар тизимли ташкил этиш, инфаркт, инсульт, онкология, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг тадбирларига жорий йилда 5 миллион, 2021 йилда эса 4 миллион аҳолини қамраб олиш кўзда тутилган.

Профилактика ишларининг устуворлигини ошириш мақсадида туман бошқарув тизимини ўзгартириш, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш учун 2020 – 2022 йиллар давомида 315 та қишлоқ врачлик пункти ва 52 та қишлоқ оилавий поликлиникалар очилади. Энг муҳими,  ажратилган маблағларнинг 70 фоизгача бўлган миқдори 2022 йилга қадар босқичма-босқич профилактикага йўналтириб борилиши мўлжалланмоқда.

Натижада келгуси уч йил давомида ўртача умр кўриш давомийлигини 75 ёшга ошириш, юқумли бўлмаган касалликлардан эрта ўлим кўрсатгичини эса 10 фоизга камайтириш, Гепатит А билан касалланиш (100 минг аҳолига нисбатан 98 нафардан 60 нафаргача) камайтирилади ҳамда аҳоли тўлиқ скрининг ва мақсадли профилактик кўриклар билан қамраб олинади.

Ҳудудларда ихтисослашган ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади

Ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (онкология ва радиология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, неврология ва инсульт, нефрология ва буйрак трансплантацияси, наркология, болалар хирургияси каби йўналишларда) ташкил қилиниб, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар сони 18 тага етди. Уларнинг ҳудудларда 17 та филиаллари ишга туширилди, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида қарийб 6600 ўринга мулжалланган 310 та ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил қилинди.

Қувонарли жиҳати, 2019 йил давомида ҳудудларда 2000 дан ортиқ жарроҳлик операциялари ўтказилди. Шундан 1200 га яқини ҳали вилоятлар тарихида бўлмаган юқори технологияга асосланган мураккаб операциялардир. Мисол учун, ҳудудларда кардиохирургия хизмати ривожланиб, ўнта ҳудудда 10 та рентгенэндоваскуляр бўлимлари фаолият кўрсатмоқда, 8 та вилоятда мураккаб кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда янги 174 та диагностик ва 264 та янги даволаш усуллари жорий этилди, телемедицина орқали 800 дан ошиқ онлайн консультациялар ўтказилди.

/uploads/banners/news/4%20(4).jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шу билан бирга, халқаро стандартларга уйғунлаштирилган диагностика ва даволаш стандартлар, клиник протоколларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этилишида қатор камчиликлар кўзга ташланмоқда. Ҳудудий тиббиёт муассасаларига давлат-хусусий шериклик жорий этиш, тиббий кадрлар малакасини ошириш, қўнимсизлигига чек қўйиш, ҳудудий муассасалар негизида тегишли филиаллар ташкил ҳамда уларнинг моддий-техника базаси ва молиялаштириш тизимини яхшилаш борасида етарлича иш олиб борилмаяпти.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколларни ишлаб чиқиш ва қўллаш, пуллик хизматни кучайтириш, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини жорий этиш ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш, маҳорат дарслари ва намойиш операцияларини бажариш учун хорижий мутахассисларни таклиф этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий мутахассисларни хорижий тиббиёт марказларига тажриба орттиришга юбориш, диагностика ва даволашнинг юқори технологияларини жорий этиш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади.

Шошилинч ёрдамда жорий йилда 30 фоиз, 2021 йилда 50 фоиз пуллик хизматни ташкил этиш, ҳудудий муассасалар негизида филиаллар ташкил этиш, сафарбар этилган мутахассисларнинг ойлик маошига 50 фоиз миқдорида устама белгилаш чоралари кўрилади.

Яна бир муҳим жиҳати, ихтисослашган марказлар раҳбарлари ва уларнинг малакали шифокорлари фаолиятининг учдан икки қисмини ҳудудий филиалларда ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

Ушбу саъй-ҳаракталар туфайли миокард инфаркти ва инсультдан натижасида юз берган ўлим кўрсаткичини 5-6 маротаба камайтириш, ҳудудларда юқори технология операцияларни ўтказиш кўрсаткичини эса 23 фоиздан 60 фоизгача ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, онкологик касалликнинг эрта диагностикаси 40,4 фоиздан 50-60 фоизгача, онкологик касалликларда дори таъминоти 33 фоиздан 80 фоизгача яхшиланади. Юқори технологияли даволаш ва диагностика усулларини қўллайдиган врачлар сони ҳам 3-4 маротаба ошириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик жарроҳлик муолажалар улуши 50 фоизга етказиш олдимизда устувор вазифалардан ҳисобланади.

Хусусий тиббиётнинг тиббий хизматдаги улуши оширилади

Сўнгги уч йилда 1300 дан ортиқ даволаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги ва биргина 2019 йилнинг ўзида тиббиёт масканлари 100 миллион доллар миқдоридаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани халқимиз саломатлиги йўлида қилинган ишларнинг мезон ва миқёсини кўрсатиб турибди.

Юртимизда кейинги йилларда хусусий тиббиёт ривожи учун ҳам кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари 50 тадан қарийб 130 тагача кўпайди. Стоматология ва косметологиядан ташқари бошқа йўналишлардаги хусусий тиббиёт ташкилотлари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқ ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди. Қолавервса, хусусий клиникаларга қатор молиявий имтиёзлар берилди. Натижада, бугунга келиб бу йўналишда фаолият юритаётган шифохоналар сони 5300 дан ошди. Мамлакатимизда Россия, АҚШ, Германия, Хиндистон, Туркия каби қатор ҳорижий давлатларнинг 100 дан ортиқ замонавий клиникаларни ташкил этилди.

Жумладан, Термиз шаҳрида Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан очилган замонавий лаборатория маркази ҳамда Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигидаги “Himchan” кўп тармоқли хусусий клиникаси шулар жумласидан.

Шунга қарамай, ташкил этилаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг 60 фоизи 3 тагача ихтисосликка эга кичик корхоналар экани, ўрта тиббиёт ходимлари орасида ишсизликнинг баландлиги, тиббий хизмат сифати юқори эмаслиги ҳамда давлат-хусусий шериклик муносабатлари унча шаклланмагани қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.

/uploads/banners/news/5%20(2).jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда хусусий тиббиёт муассасаларини юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 150 миллион АҚШ доллари (50 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан) миқдорида имтиёзли кредит линиясини очиш, 2021 йилдан бошлаб хусусий “хамширалик иши” фаолиятига рухсат бериш, жорий йилнинг ўзида 200 та, 2021 йил 300 та, 2022 йилда 500 та аутсорсинг лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йил 6 та, 2021 йил 15 та, 2022 йилда 35 та давлат хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2022 йилгача хусусий тиббиёт ташкилотларининг тиббий хизматдаги улушини 20 фоизга етказиш, 2022 йилда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган хусусий сектор муассасаларининг сонини эса 15 фоизга, аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича дастурни амалга оширишда хусусий тиббиёт ташкилотларининг улуши эса 10 фоизга етказилади.

Соҳага инвестициялар жалб этилади

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тиббиёт муасссасаларидаги мавжуд тиббий асбоб-ускуналарнинг 60 фоизи маънан эскирган. Юқори технологик асбоб-ускуналар эса 15 фоизни ташкил этади ҳолос. Педиатрия ва туғруқ  хизмати муассасаларини тиббий асбоб-ускуналарга бўлган эҳтиёжини 25-30 фоиз қопланган холос. Тўғридан-тўғри инвестициялар асосида ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари улуши ҳам кам.

Ушбу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, соҳага инвестиция оқимини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар режалаштирилмоқда.

Биринчи навбатда, бирламчи тизимдаги 800 та қишлоқ оилавий поликлиникаларни жорий йилда 19 миллион, 2021 йилда 24 миллион, 2022 йилда эса 10 миллион АҚШ долларилик, ихтисослашган тизим муассасаларда эса 2020 йилда 48 миллион, 2021 йилда 42 миллион, 2022 йилда эса 50 миллион АҚШ долларилик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳалари амалга оширилади.

Тиббиёт тизимига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш орқали 2020 йилда 40 миллион АҚШ долларилик 6 та лойиҳа, 2021 йилда 90 миллион АҚШ долларилик 8 та лойиҳа, 2022 йилда 150 миллион АҚШ долларилик 12 та лойиҳа амалга оширилади. Бундан ташқари,  2020 йилда 42 миллион, 2021 йил 55 миллион, 2022 йилда 70 миллион АҚШ долларилик грантлар жалб этиш кўзда тутилган.

Натижада аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини янада узайтириш, 2022 йилгача оналар ўлимини 21,0 дан 18,0 га, гўдаклар ўлимини 11,5 дан 9,0 га камайтириш имкони пайда бўлади.

Малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш чоралари кўрилади

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Тиббиёт илм-фани, тиббий-илмий марказларнинг хориждаги нуфузли илм-фан муассасалари билан алоқалари ҳам жадал ривожланмоқда. Натижада мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий-илмий таълим муассасалари ҳамкорлигида 22 та халқаро факультет очилди. Юртимиз тиббиёт илми ҳам жаҳон илм-фани билан ҳамқадам ривожланиб боряпти.

Шундан бўлса-да, тиббий таълим сифати талаб даражасида эмаслиги, шифокорларнинг атиги 49 фоизи малака тоифасига эгалиги соҳага жиддий эътибор қаратишни талаб этмоқда. Тиббиётда яна бир долзарб муаммо – ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини шифокорлар билан таъминлаш масаласидир. Бундан ташқари, тиббиёт олий таълим муассасалари, ихтисослашган марказлар ҳамда илмий-текшириш институтларида ҳам ўртача илмий салоҳиятнинг юқори эмаслиги хавотирли ҳолатдир.

Шунга кўра, олий таълим муассасаларида симуляцион марказлар, анатомик морг-музейлар, Тажриба-биологик лабораториялари ва экспериментал илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда хорижий факультетларни ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Малака ошириш жараёни Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий кўп тармоқли (болалар, катталар) тиббиёт марказларида ҳам йўлга қўйилади, дистанцион ўқитиш усуллари кенг жорий қилинди. Бир йилдан кам бўлмаган муддатда мақсадли ихтисослаштириш курсларида тор соҳа мутахассисларини тайёрланади.

Бугунги кунда тиббиёт тизимида қарийб ўн уч мингга яқин вакант ўрин мавжуд. Хусусан, ўн минг нафардан кўпроқ тор соҳа мутахассиси ва уч мингга яқин умумамалиёт шифокорига эҳтиёж бор. Бу эҳтиёжни босқичма-босқич қондириш мақсадида бир йилдан кам бўлмаган муддатда мақсадли ихтисослаштириш курсларида тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш, мақсадли квоталарни туманлар кесимида шакллантириш, бакалавриат квоталарини 30 фоиз, магистратура ва клиник ординатураникини 25 фоиз ошириш кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими келгусида:

Симуляцион марказлар билан таъминланиш даражаси жорий йил 25 фоиздан 2022 йилда 55 фоизга етказиш;

Тажриба-биологик лаборатория (виварий)лар билан таъминланиши жорий йилда 30 фоиздан 2022 йилда 45 фоизга етказиш;

Малака ошириш жараёни билан қамрови жорий йилда 45 фоиздан 2022 йил 55 фоизга, 2025 йилга келиб эса 80 фоизга етказилиши таъминланади.

Умумий амалиёт шифокорларга бўлган эҳтиёж эса жорий йилда 80 фоизга 2022 йилда 95 фоизга қопланади. Тор соҳа мутахассисларга бўлган эҳтиёж 2020 йилда 45 фоизга 2022 йилда 70 фоизга қопланади. Тиббиёт олий таълим муассасаларида илмий салоҳият 2021 йилда 45 фоиз, 2022 йилда 48 фоизга етказилишига эришилади.

Бундан ташқари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва илмий-текшириш институтларида илмий салоҳият 2021 йилда 55 фоиздан 2022 йилда 57 фоизга етказилишига эришиш мўлжалланган.

Молиялаштириш тизими ислоҳ қилинади

Шу ўринда юксак эътиборнинг мантиқий давоми сифатида соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион, 2018 йилда 9,4 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда эса ушбу кўрсаткич 12,1 триллион сўмни ташкил қилди. 2020 йилда эса 14,8 триллион сўм ажратиладиган бўлди.

Эътибор қаратадиган бўлсак, тиббиётга ажратилаётган маблағ жон бошига бир йилга 46 АҚШ доллари ташкил этади (Европа мамлакатлари – 4300, Корея – 2200, Россияда – 1300, Қозоғистон – 380). Ажратилаётган маблағ эҳтиёжга нисбатан бирламчи тиббий хизматда 68 фоизни, стационар хизматда 32 фоизни ташкил этади. Дори воситалари, тиббий буюмлар ва реагентларга бўлган умумий эҳтиёждан эса 37 фоизи қопланмоқда холос.

Мазкур вазиятдан келиб чиққан ҳолда 2022 йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ жон бошига бир йилга 120 АҚШ долларга ва ялпи ички маҳсулотдаги улушини 4 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. 2022 йилга бирламчи тиббий хизматга ажратилаётган маблағлар миқдорини 100 фоизга, стационар хизмати 40 фоизга оширилади. Шунга монанд дори воситалари, тиббий буюмлар ва реагентларга бўлган умумий эҳтиёжи таъминотини 85 фоизга етказиш кўзланмоқда.

Бунинг учун, аввало, молиялаштириш тизими ислоҳ қилинади. 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида ҳам бошқарув тизимидан тортиб, молиялаштиришгача, малакали кадрлар тайёрлашдан замонавий технологияларни жалб этишгача бўлган йўналишларни тизимли равишда ривожлантириш белгилаб қўйилган.

Мажбурий тиббий суғурта босқичма-босқич жорий этилади

Мамлакатимизда тиббиётга сарфланаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизими талаб даражасида эмас. Молиялаштириш тизими ҳанузгача даволанган ҳолатдан эмас, балки шифо ўринларига қараб ажратилади.

Шу боис жорий йилда суғуртага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади ва махсус жамғарма ташкил этилади. Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида аҳоли жон бошига ва даволанган ҳолатдан келиб чиқиб, молиялаштириш тизими жорий этилади. 2021 йилдан ушбу вилоятда мажбурий тиббий суғурта тизими ҳам татбиқ этилади. 2023 – 2025 йилларда 6 та ва 2025 йилдан эса қолган 7 та ҳудуд мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтилади.

 

Натижада, Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида аҳолига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга алоҳида аҳамият қаратилади. 2022 йилда Сирдарё вилояти аҳолисини мажбурий тиббий суғурта дастури билан тўлиқ қамраб олинади. 2025 йилда эса республика аҳолисини 90 фоиз мажбурий тиббий суғурта дастури билан қамраб олинади.

Бошқарув тизими ва электрон соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ташкилий тузилмасида ҳам қатор ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

 Бунда ихтисолаштирилган хизмат ҳамда рақамлаштириш ва суғурта масалаларига устувор аҳамият берилади. Ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари тизими фаолиятини тугатган ҳолда, ҳудудларда устувор бўлган бирламчи тиббий-санитария хизматини ривожлантириш мақсадида “Халқ саломатлиги марказ”лари ташкил этилиб, бошқаришда замонавий менежмент механизмлари жорий этилади.

Бугунги кунда электрон соғлиқни сақлаш тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳамда қатор қилиши лоҳим бўлган вазифалар бор. Шундан келиб чиққан ҳолда Электрон соғлиқни сақлаш тизимини яратиш доирасида беморлар учун электрон тиббий картани жорий этиш, “Электрон рецепт”ва “Электрон дорихона” тизими ҳамда мажбурий тиббий суғурта, телемедицина, online тиббий статистика тизимларини амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилади.

Эътиборли жиҳати, жорий йил якунигача Сирдарё вилоятидаги барча тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади. 2021 йилгача 3 335 та (95 фоиз) тиббиёт муассасаси юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланади.

***

Кўриниб турибдики, келгусида, аввало, соғлом турмуш тарзини кенг кўламда тарғиб этиш, биринчи навбатда, профилактикага эътибор қаратиш, замонавий тиббиётни, жумладан, соҳадаги энг сўнгги технологиялар ва илм-фанни юртимизда татбиқ этиш орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш доимий саъй-ҳаракатларимиз асоси бўлиб қолади. Фаолиятимиз самараси эса, шубҳасиз, халқимиз баҳосида намоён бўлади.

Фурқат Санаев,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи.

27.03.2020 4081

Похожие новости