ТИББИЁТ СОҲАСИДАГИ УЛКАН ИСЛОҲОТЛАР КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИГА ҚАРШИ МУНОСИБ КУРАШИШ ИМОНИНИ БЕРМОҚДА

Шунингдек, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 180 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ижросини босқичма-босқич таъминлашга алоҳида ҳам эътибор қаратилмоқда.

***

Маълумки, жорий йил 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёда коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли пандемия эълон қилинди. Дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ хавотирли вазият юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қарамай, мамлакатимиз тиббиётидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, коронавирус инфекциясига қарши кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши асосида ташкил этилган Республика махсус комиссияси томонидан юртимизда коронавирус аниқланган илк кундан бошлаб кечиктириб бўлмайдиган, жиддий чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Эпидемияга қарши тадбирлар билан бир қаторда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳолига ўз вақтида, сифатли ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни кўрсатиш учун кўплаб зарур чоралар амалга оширилди.

Мавжуд тиббиёт муассасалари катталар ва болалар учун 4 тоифада қайта ихтисослаштирилиб, тайёрланди.Биринчи навбатда, COVID-19 инфекцияси билан касалланган ҳамда гемодиализга муҳтож беморлар учун 16586 та шифо-ўринга эга 80 та даволаш-профилактика муассасалари, шунингдек, COVID-19 инфекцияси билан касалланган ҳомиладор аёллар учун эса 340 шифо-ўринга эга 13 та туғрук комплекси шай ҳолатга келтирилди.

Иккинчидан, касалланганлар билан мулоқотда бўлган, шошилинч тиббий ёрдам хизматига, шунингдек, гемодиализ ёрдамига муҳтож беморлар учун 1860 та шифо-ўринга эга 14 та даволаш-профилактика муассасалари, коронавирус билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёллар учун эса 740 шифо-ўринга эга 14 та туғрук комплекслари ажратилди.

/uploads/news/DSC_5956.JPG

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шунингдек, инфекцияси аниқланмаган ва мулоқотда бўлмаган аҳолини қолган қисми учун фтизиатрия, эндокринология, онкология, нейрохирургия, нефрология, гематология, наркология, акушерлик ва гинекология, руҳий касалликлар, қон марказлари, гемодиализ бўлимлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, жами 78284 та шифо-ўринга эга даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатиши белгиланди.

Тўртинчи тоифа сифатида инфекция аниқланмаган ва мулоқотда бўлмаган, кечиктирилмайдиган ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморлар учун 1586 та шифо-ўринга эга 210 та даволаш-профилактика муассасалари тайёрлаб қўйилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.Барча даволаш-профилактика муассасалари малакали тиббий кадрлар, керакли миқдордаги дори воситалар, тиббий асбоб-ускуналар, буюмлар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди.

***

Ўтган вақт ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суруштирув ҳамда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча зарур профилактик чора-тадбирларни изчил амалга ошириб келмоқда. Мамалакатимизда аниқланган барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Марказий штаби назоратига олинган ҳамда ҳар бир бемор ҳолати бўйича кунлик таҳлил ва мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари сўнгги пайтларда ўтказилган коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, янги тиббиёт муассасаларини қўриш, замонавий жиҳозлашга алоҳида аҳамият қаратдилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда тиббиёт муассасалари тизимини янада ривожлантириш ва аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида Иккинчи перинатал маркази барпо этилди. Унда илғор клиникалар тажрибаси асосида энг замонавий қулайлилар яратилган. Унинг биринчи қаватида кўп тармоқли поликлиника, юқори қаватларида беморлар хонаси ва умумий амалиёт хоналари, жумладан, чақалоқлар реанимация бўлими жойлашган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 140 нафар беморни даволаш мумкин. Марказнинг 100 ўринли мажлислар залида юртимиз ва хориждаги мутахассислар билан видеоконференциялар ўтказиш имконияти яратилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида  260 ўринли кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, Тошкент давлат стоматология институти клиникаси негизида республика кўп тармоқли тиббиёт маркази, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 20 000 ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси ва Зангиота туманидаги махсус ажратилган майдонда 10 000 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилиш ишлари ниҳоясига етмоқда.

Ушбу тиббиёт муассасаларни илғор чет эл тажрибасини ҳамда халқаро жиҳозлаш стандартларини инобатга олган ҳолда тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари якунланмоқда.

***

Фуқароларнинг коронавирус инфекцияси бўйича саволларига тезкор жавоб бериш, уларги аниқ ва шоффоф маълумотлар билан мунтазам таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йилнинг 15 март куни 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилди. Call-марказ туну-кун фаолият кўрсатмоқда. Унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар уч сменада фуқароларнинг мурожаатларига жавоб беришмоқда.

Шунингдек, фуқаролар Call-марказга мурожаат қилган вақтда қўнғироқларга узоқ вақт жавоб кутишларининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақаш вазирлигининг COVID-19 бўйича расмий сайти (http://coronavirus.uz)да яна бир қулайлик яратилган. Яъни веб-сайтда аҳоли томонидан кўп берилаётган саволлар тўплами ва уларга жавоблар қулай шаклда жойлаштирилган.

/uploads/news/DSC_1572.JPG

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Яна бир қулайлик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда UZINFOCOM ягона интегратори ҳамкорлигида бугунги кунги эпидемиологик вазиятда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини самарали ва тўғри ташкил қилиш, фуқароларни коронавирус инфекцияси  билан боғлиқ  барча саволларига тўлақонли ҳамда ишончли жавоб бериш мақсадида “coronavirusyordam” онлайн телеграмм бот каналини ишга туширди. Ушбу телеграмм ботда малакали мутахассислар томонидан тайёрланган саволлар ва уларнинг жавоблари мазмунан гуруҳларга ажратилиб жойлаштирилган. Бундан ташқари, 100 нафар тажрибали шифокор, профессор ва ўқитувчилардан иборат гуруҳ туну-кун онлайн тартибида аҳоли томонидан келиб тушаётган барча саволларга жавоб беришмоқда. Бот-маслаҳатчи ўзбек ва рус тилларида юритилмоқда.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 бўйича расмий сайти (http://coronavirus.uz) орқали коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича дастлабки тестни топшириш имкони ҳам яратилган. Тест саволлари малакали вирусологлар томонидан шакллантирилган. Яна бир аҳамиятли жиҳати, вазирлик томонидан беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имкони ҳам яратилган.

Ушбу тизимли ишларнинг мантиқий давоми сифатида юртимизда илк бор “Шифокордан сўранг” онлайн поликлиникаси синов тариқасида ишга туширилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “AskDoctor” компанияси, UZINFOCOM Ягона интегратори ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа ўзбек ва рус тилларида фаолият юритади. Ушбу онлайн хизматдан Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, карантин тадбирлари даврида мутлақо бепул. Хизматдан фойдаланиш учун махсус дастурларни ўрнатиш талаб этилмайди ва Интернет браузерига эга ҳар қандай қурилма (смартфон, планшет, ноутбук, компьютер) орқали фойдаланиш мумкин.

Сифат ва хавфсизлик борасида тўхталадиган бўлсак, онлайн поликлиниканинг барча мутахассислари Соғлиқни сақлаш вазирлигида қўшимча синовдан ўтган, юқори малакали шифокорлар (шу жумладан, профессорлар)  ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу сайтда мақолалар, тавсиялар ва тиббий энциклопедия ҳам мавжуд бўлиб, шифокор билан онлайн маслаҳатлашувдан олдин ўзингизни қизиқтирган саволларингизга жавоб топишингиз мумкин.

***

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, беморларни даволаш бўйича кеча-ю кундуз онлайн маслаҳатлар берадиган тажрибали шифокор ва профессорлардан иборат тезкор штаб ташкил этилди. Тиббиёти ривожланган илғор мамлакатларнинг малакали вирусологлари таклиф этилиб, телемулоқот имкониятларидан фойдаланган ҳолда Россия, Германия, Жанубий Корея, Япония, Туркия каби қатор мамлакатлар етакчи мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Жумладан, Корея Республикасининг Корё университети профессори Цой Чже Ук халқаро эксперт сифатида юртимизда фаолият кўрсатди. У Корея Республикаси тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни самарали даволаш ва уларнинг тикланишини тезлаштириш учун юқори тиббий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашди. Шунингдек, Германиянинг сертификатлаш идораси профессори, эксперт Вернер Бэр тиббий маслаҳатчи сифатида юртимизга ташриф буюрди.

Бундан ташқари, аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хитойлик шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат 15 кишилик гуруҳ мамлакатимизга ташриф буюрди. Хитойлик мутахассислар мамлакатимизда COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда юртимиз тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашди.

Яна бир эътиборли жиҳати, коронавирус инфекциясига қарши курашиш, инфекцияга чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокорлар мутахассисларимиз Тожикистон Республикасига йўл олишди. Улар COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда тожикистонлик тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашмоқда. Тиббиёт гуруҳи таркибига Анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог каби мутахассислардан иборат тиббиёт гуруҳи таркибида коронавирусга чалинган беморларни даволашда катта тажриба тўплаган тажрибали шифокорлар жам бўлишган. Шифокорларимизнинг кўмакка отланишгани ўзбек-тожик халқларининг қадим-қадимдан елкадош бўлиб, синовли кунларда ёрдамга тайёр бўлиб, бир-биридан кўмагина аямаслигидан далолатдир.

***

Ўтган даврда коронавирусга қарши кенг миқёсда курашиш масалаларига бағишланган қатор муҳим тадбирлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан видеоконференция ташкил этилди.

Бюро директори Ханс Клуге бошчилигидаги ушбу конференцияда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этди. Унда ҳозирги эпидемиологик вазият, шунингдек, COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал ва лицензияланган дори воситаларидан фойдаланиш масалалари асосий муҳокама мавзуси бўлди.

Шунингдек, Туркий тилли давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирлари ва етакчи экспертлар иштирокида биринчи видеоанжуман ҳам ташкил этилди. Унда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самара даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича фикр алмашилди ва муҳим таклифларни билдириб ўтилди.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган “COVID-19 бўйича миллий қўлланма”ни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Қўлланмада COVID-19ни бошқариш алгоритми, жумладан, мулоқотда бўлган шахсларни, шабҳали ҳамда тасдиқланган ҳолатларни бошқариш, янги коронавирус туфайли келиб чиққан касалликнинг енгил формаси билан касалланган беморни уйда парвариш қилиш ва мулоқотда бўлган шахсларни бошқариш тактикасига батафсил тўхталиб ўтилган.

Ушбу қўлланма билан танишган мутахассислар коронавирусга чалинганларни муолажа қилиш, хасталанганлар билан мулоқот қилганларни назорат қилиш, тиббий кузатув олиб бориш борасида керакли тавсияларга эга бўлишса, фуқаролар эса касаллик ҳақида, ундан сақланиш борасидаги стандарт эҳтиёт чоралари, ҳаво-томчи йўли, яқин мулоқотда бўлиш каби вирус юқиш хавфларидан сақланиш борасида зарур маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

***

Энг муҳими, беморларнинг соғайиши йўлида юртимизнинг барча ҳудудларидаги шифохоналарда бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида бўлмоқда. Даволаш жараёнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани ҳам шифокорларимизга қўл келмоқда. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган вилоятларимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари билан ҳам доимий мулоқот ўрнатилган.

Умуман олганда, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, коронавирусга чалинган беморларни самарали даволаш, карантинга олинган фуқароларни тиббий кузатувга олишда фидойилик билан меҳнат қилаётган 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимларининг шундай синовли кунларда қаҳрамонларча олиб бораётган фаолияти таҳсинга лойиқ.

Дарҳақиқат, улар бугунги кун қаҳрамонлари. Бу эътироф дунёнинг барча минтақаларида, давлатларида баралла янграмоқда. Чунки жаҳон бўйлаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус инфекциясига қарши, биринчи навбатда, шифокорлар жасорат ва матонат кўрсатишмоқда. Миллионлаб беморларнинг ҳаёти учун кеча-ю кундуз жон куйдираётган тиббиёт ходимларига миллиардлаб инсонларнинг умид кўзлари қадалган. Дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда. Бундан ватанпарварлик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Энг муҳими, оиласи, яқинлари, халқимиз учун ишда қолиб, коронавирус инфекциясига беморларни шифо улашишга интилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эътирофга лойиқ. Давлатимиз раҳбари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида, халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, ушбу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларга чуқур миннатдорлик билдирдилар.

Уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан имзоланган “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам тиббиёт ходимларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Унга кўра, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотда бўладиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари амалга оширилмоқда.

***

Қувонарли жиҳати, тизимли ва самарали саъй-ҳаракатлар туфайли сўнгги кунларда коронавирус юқтирганлар сонининг камайиши баробарида, тузалаётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Натижада, коронавирус кўрсаткичлари жиддий кузатиб борилган ҳолда, иқтисодий ҳаётни фаоллаштириш мақсадида, юртимизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилмоқда.

Албатта, кўпчилик карантиндан сўнг аввалга ҳаёт тарзига тезроқ қайтишни истайди. Бироқ дунёдаги эпидемик вазиятни чуқур таҳлил қилган ҳолда, карантин бекор бўлгач ҳам баъзи қоидаларни ўзимиз учун сақлаб қолганимиз маъқул. Яъни, ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларида ёки уйингизда турли маросимлар ўтказишдан вақтинчалик чекланиш, қўлингизни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақишда давом этиш каби қоидаларга амалга қилган ҳолда эҳтимолий хавфдан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз лозим.

Хулоса ўрнида, халқимиз томонидан тиббиёт ходимлари ва коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол меҳнат қилаётган инсонларга далда бўлишиб, имкон қадар қўллаб-қувватлашаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Ушбу юксак эҳтиром коронавирус инфекциясига қарши мардона курашаётган қаҳрамон шифокорларимиз учун улкан рағбат ва куч бўлмоқда.

Фурқат Санаев,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи.

29.05.2020 125

Похожие новости