Ru De En

Мақсад моҳиятни белгилайди

Мирзоҳид Қодиров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси масъул ходими:

— Замон шиддат билан ўзгармоқда. Бугун одамларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ошиб бораётгани

айни ҳақиқат. Халқимиз тиббий маданияти юксалгани сайин илм-фаннинг сўнгги ютуқларига асосланган малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишни истаяпти. Бу соғлиқни сақлаш тизимининг барча тармоқ ва жабҳалари қатори, аҳолини дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимига ҳам бевосита дахлдор масала.

Шу боис биз, соҳа ходимлари ана шу талаблардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимизни янгича асосда давом эттиришимиз зарур. Бугунги ҳолатни таҳлил қилар эканмиз, соҳада зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган айрим муаммолар мавжудлигини кўришимиз мумкин.

Авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур.

Давлатимиз раҳбарияти томонидан эркин иқтисодий зоналарда ташкил этилаётган барча ишлаб чиқариш корхоналари қатори фармацевтика корхоналарига ҳам имтиёзлар берилиши соҳа ривожига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги «2016–2020 йилларда республикада фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида» ги қарорига асосан, 2020 йилгача бўлган даврда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича жами 67 та инвестицион лойиҳалар ижроси режалаштирилган. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Жиззах вилоятининг Зомин тумани, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани, Сирдарё вилоятида эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилаётганлиги, шубҳасиз, маҳаллий фармацевтика саноатининг янада ривожланиши, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий бумларнинг тури ва ҳажмларининг ошиб бориши ҳисобига аҳоли дори таъминотини янада яхшилашда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда чет эл инвесторларига яратилган қулайликлар, шу жумладан, берилган имтиёзлар натижаси ўлароқ, фаолият кўрсатаётган 26 та корхонадан 5 таси четэл корхоналари ва 21 таси чет эл етакчи фармацевтика корхоналари билан ташкил этилган қўшма корхоналардан иборатдир.

33 та корхона фаолиятига халқаро ISO 9001 ва 9 та корхонага GMP стандартлари жорий этилганлиги эвазига бугунги кунда фармацевтика саноатининг 100 га яқин турдаги маҳсулотлари халқаро фармацевтика бозорига, шу жумладан АҚШ, Франция, Германия ва бошқа Европа мамлакатлари ва МДҲ га экспорт қилинмоқда.

Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Унга асосан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб импорт қилинган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси, етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, белгиланадиган чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан амалга оширилиб, улгуржи савдо учун — сотиб олиниш нархидан 15 % дан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун — улгуржи нархидан 20% дан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи

Фурқат Санаев тайёрлади.


© Все права защищены 2017г. E-mail: journal@medicalexpress.uz