Ru De En

Дори-дармон нархи қанчага арзонлашди?

Муҳаббат Ибрагимова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи:

— Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатишни тиббий воситаларсиз амалга ошириш мумкин эмас албатта. Аммо мазкур беминнат кўмакчи аҳолидан юқори тиббий саводхонликни, тиббиёт ходимидан эса сезгирликни талаб қилаётганини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ, ташхис ва даволаш стандартларини халқаро амалиёт асосида, шунингдек, асосий касалликлар бўйича дори воситаларини рационал тайинлаш юзасидан клиник протоколларни такомиллаштириш, жумладан бир хил касалликларни даволаш учун 2–3 та самарали дори воситаларини қўллашни назарда тутувчи вазифалар қўйилди. Шунингдек, ташхис ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларнинг барча тиббиёт муассасаларига етказилишини таъминлаш, шу жумладан, очиқ ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда уларга риоя этилишини қатъий назорат қилиш белгиланди.

Энг аҳамиятлиси, қарорда ички бозорни сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлақонли таъминлаш, мослашувчан ва шаффоф нархлар механизмини жорий этиш, сифатли дори воситаларининг маҳаллий аналоглари мавжуд бўлган бир пайтда, қиммат чет эл дори воситаларининг номақбул тайинланиш тажрибасини чеклаш ва келгусида бунга йўл қўймаслик каби масалаларга чуқур ўйланган тизимли ечимлар келтирилган.

Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тиббиёт амалиётида кенг қўлланиладиган 340 дан ортиқ номдаги дори воситалари ва тиббий буюмларга тасдиқланган тартибга мувофиқ, жаҳон нарх

конъюктураси таҳлили асосида нарх белгиланади. Дори воситалари ва тиббий буюмлар учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган квоталар бўйича тегишли лицензия фаолиятига эга маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер асосида амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, ташхис ва даволаш стандартларини халқаро амалиёт асосида, шунингдек, асосий касалликлар бўйича дори воситаларини рационал тайинлаш юзасидан клиник протоколларни такомиллаштириш, жумладан, бир хил касалликларни даволаш учун 2–3 та самарали дори воситаларини қўллашни назарда тутувчи вазифалар белгиланган.

Шу ўринда,ушбу қарор аҳолига моддий жиҳатдан қандай манфаат келтиради, деган саволга жавоб сифатида эътиборингизни бир рақамга тортсам. Чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8 % дан 44 % гача пасайганлигини кўрсатди. Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни сезиларли даражада паст нархларда харид қилиш имконига эга бўлди.

Албатта, мана шундай ҳаётий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот, энг аввало, инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятли. Ушбу ҳаракатлар эл саломатлигини асраш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириши, шубҳасиздир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи

Фурқат Санаев тайёрлади.


© Все права защищены 2017г. E-mail: journal@medicalexpress.uz