Ru De En

Тарихий аҳамиятга эга ҳужжат

Ҳабибулло Жалилов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи:

— Давлатимиз раҳбарияти томонидан маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Хусусан, мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида атиги иккита корхона томонидан 30 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 145 та фармацевтика корхоналари томонидан 2100 дан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Аммо бу рақамларнинг ўзи фахрланиш ва ғурурланиш учун етарли эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бу хусусда бир неча бор тўхталиб, арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздорлигимизни ва бу қарзни узиш вақти келганини таъкидлади.

Айни шу мақсадда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори даволаш-профилактика муассасаларини аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни даволашда қўлланиладиган юқори самарадорликка эга бўлган сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашга қаратилган.

Тан олиш керакки, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлаш, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетиши ҳолатлари йўқ эмас. Бугун аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ушбу салбий ҳолатларга йўл қўйилмайдиган энг қатъий чораларни кўриш, дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилишини таъминлаш юзасидан кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш борасида белгиланган вазифаларни соғлиқни сақлаш тизимидаги дорихоналар, даволаш-профилактика муассасалари ва хусусий дорихоналарга етказиш бўйича жойларда семинарлар ўтказилмоқда. Мулоқотларда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида ахборот берилаётир.

Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамиздаги барча беш ярим мингдан ортиқ дорихона ва уларнинг филиалларида «Истеъмолчилар бурчаги» ташкил этилиб, унда барча дорихоналар учун мажбурий бўлган энг зарурий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари, шунингдек, сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали осиб қўйилиши таъминланмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, тиббиётда кенг қўлланиладиган 340 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Энг муҳими, улардан 116 турдаги дори-дармонлар ӯзимизда ишлаб чиқарилаётганлиги билан яънада аҳамиятли бӯлмоқда. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан белгиланади, яъни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун нарх дунё конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ҳар чоракда эълон қилинади.

Ўз навбатида, юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларга қатъий жазо қўлланилади ва ҳатто лицензиясини бекор қилиш кўзда тутилган.

Умуман олганда, ушбу қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ таъминлаш, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда қиммат импорт дори воситаларини тавсия этиш бўйича номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолларга йўл қўймаслик имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи

Фурқат Санаев тайёрлади.


© Все права защищены 2017г. E-mail: journal@medicalexpress.uz