Ru De En

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИ 26 ЙИЛЛИК БАЙРАМИ ОЛДИДАН

Мустақиллик, тинчлик, тараққиёт ва халқ розилиги. Бу улуғ тушунчалар доимо ёнма-ёндир. Халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келинувчи буюк тарихий сана – жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда бу ҳақиқат яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.

Дарҳақиқат, бугун ҳамюртларимиз нигоҳида ҳаётдан розилик, эртанги кунга ишонч, келажакка интилиш акс этмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро,  юртдошларимиз барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараларини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифати таъминланаётганини ўз турмушлари мисолида кўриб, сезиб туришибди. Бу эса фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканидан далолат. Тажрибалардан аёнки, ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончини оқлаш, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Айниқса, тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Шубҳасиз, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Қисқа фурсат ичида Президентимизнинг тизимни янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, кадрлар таъминотини яхшилашга қаратилган ўнга яқин фармон ҳамда қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни, онкология хизматини ривожлантириш, тиббий таълимни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга доир меъёрий ҳужжатлар бунинг яққол тасдиғидир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир маърузаси ва учрашувлардаги нутқида аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондириш лозимлиги такрор ва такрор айтилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувлари, шунингдек, 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисида билдирган фикр-мулоҳазалари, ушбу тизимни такомиллаштириш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича берган кўрсатмалари бугунги ҳолатни танқидий таҳлил қилиш, тегишли хулоса чиқариш ва  соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини шу асосда ташкил этишда дастуриламалга айланди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифлари чоғида ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, халқимизни рози қилиш учун, аввало, тиббий хизмат сифатини юксалтириш лозимлигини таъкидламоқда. Президентимиз Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиздаги қатор туманларда бўлганда ҳам оилавий поликлиникаларнинг самарадорлигини юксалтириш, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш, фуқароларнинг тиббий хизматдан баҳраманд бўлиши учун шарт-шароитларни яхшилаш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш борасида алоҳида топшириқлар берган эди. Давлатимизнинг бирламчи тизимга қаратаётган бу эътибори ушбу бўғинда фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходими зиммасида улкан масъулият турганини англатади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шу мақсадда, аҳолига энг яқин бўғин ҳисобланган бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматида қатор ислоҳотлар олиб борилаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманида бўлганда аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича намунали оилавий поликлиникани айнан шу туманда ташкил этиш таклифини киритган эди. Ушбу ташаббус соҳа мутасадди ходимлари томонидан қўллаб-қувватланиб, дарҳол амалий ишлар бошлаб юборилди. Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти таҳлилий ўрганилди ва мазкур мақсад учун танланди.

Намунали оилавий поликлиника фаолиятига бир назар

Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника 26 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳудудда жойлашган учта мактаб, битта коллеж ва тўртта боғчага ҳам 47-оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган кардиолог, эндокринолог, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог каби тор мутахассислар ҳамда 15 нафар умумий амалиёт шифокори ва 32 нафар патронаж ҳамшира сидқидилдан бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рентген аппаратлари билан жиҳозланган.

 Президентимиз топшириғидан сўнг, қисқа вақт ичида поликлиника фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ислоҳ қилинди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти ҳавас қилса арзирли даражага етган. Тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони халқ розилиги эканини англаш мумкин. Бундай дейишимиз бежиз эмас. Сабаби бу ерда яратилган барча шарт-шароитлар замирида, аввало, аҳолига қулайлик яратиш мақсади мужассам.

Поликлиникага ташриф буюрувчи эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонадонга қуйидаги маълумотларни ўзида жамлаган ташриф қоғозлари тарқатилди:

·     аҳоли ўз фикр ва таклифларини билдириши учун оилавий поликлиника бош шифокорининг телефон рақамлари;

·     беморларни олдиндан шифокор қабулига ёзилишларини қайд этиш телефон рақами;

·     аҳоли билан ҳудуд шифокори ва оила ҳамширалари билан узвийликни янада яхшилаш мақсадида уларнинг телефон рақамлари:

·     103 тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг телефон рақамлари кўрсатиб ўтилган.

Эътиборли томони, ташриф қоғозида шифокор ва ҳамширалар сурати ҳам бўлиб, бу фуқаролар учун яна бир қулайлик бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Поликлиникага, одатда, режали тарзда ва шошилинч ҳолатларда мурожаат қилинади. Пойтахтимиздаги 47-оилавий поликлиникада ҳар икки ҳолатда ҳам беморга ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Агар бемор режали тарзда тиббий кўрикдан ўтмоқчи бўлса, шифокор қабулига олдиндан ёзилиши мумкин. Бу икки хил усулда амалга оширилмоқда: телефон орқали ва уйдан чиқмаган ҳолда, электрон тарзда.

Шошилинч ҳолатларда эса, мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомошина хизмати йўлга қўйилган. Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад – тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишиб боришдир. Бу эса бемор аввал ўтказган касалликлари, олган муолажалари ва саломатлигига доир бошқа зарур маълумотларни аввалдан билиш имкониятини пайдо қилади.  Шунингдек, тез ёрдам бригадаси кўрикдан сўнг, бемор саломатлиги ҳақида умумий амалиёт шифокорини огоҳлантиради ва режали патронаж ўтказиб борилади. Кўриниб турибдики, бирламчи тиббий ёрдамнинг бундай кенг қамровли ташкил этилиши тиббий ёрдамнинг занжирдек узвийлигини таъминламоқда.

Замон билан ҳамнафаслик

Бугун замон билан ҳамнафас ҳаракатланмаган ҳар қандай тизим фаолиятида олдинга силжиш, самарадорликни кўриш мушкул. Шу нуқтаи назардан, поликлиникада ҳам ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Поликлиника ходимларининг замонавий технологияларда ишлаш малакаси оширилаётир.

 Айтайлик, бемор шифокор қабулига олдиндан навбат олмай келган бўлса, поликлиниканинг ўзида электрон тарзда навбатда туради. Бунинг учун ҳар бир ташриф буюрувчи махсус ўрнатилган қурилма орқали ўз тартиб рақамини олиб, мониторда навбати қачон келишини кузатиб бориши мумкин. Кутиш вақтини фойдали ташкил қилиш ҳам эътибордан четда қолмади. Яъни поликлиника ҳудудида wifi зона ташкил этилган бўлиб, навбатини кутаётган фуқаро бепул интернет орқали саломатликка доир фойдали маълумотлар билан танишиб боради.

Бундан ташқари, бемор шифокор қабулида бўлганда, қўйилган ташхис ва муолажалар беморнинг амбулатор картасида қайд этилиши билан бирга, поликлиникада юритала бошланган электрон амбулатор картага ҳам ёзилади. Яъни ҳар бир маълумот онлайн тарзда киритилади. Бу эса, инсон омили билан боғлиқ айрим ҳодисалар, масалан, амбулатор картанинг йўқолиши, баъзи саҳифаларининг тушиб қолиши кабиларнинг олдини олади. Бундан ташқари, мутахассислар фаолиятида ҳам самарадорлик пайдо қилади.

Яна бир эътиборли жиҳат дори-дармон воситалар таъминоти билан боғлиқ. Яқиндан поликлиника ичида чекланган нархларда савдо қилувчи дорихона ва фитобар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, шифо муассасасини дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар ҳам ўтган йилга нисбатан уч бараварга оширилди. Поликлиника ходимлари буни мамнуният билан эътироф этмоқда. Келажакда ушбу тажриба мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этилиши кўзда тутилган.  

Ислоҳотлар самараси халқ розилигида кўринади

Халқ манфаатини кўзлаб, одамларни рози қилиш учун қилинган амалий ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Зеро, жорий этилаётган ҳар бир янгилик фуқаролар томонидан мамнуният билан қабул қилиниб, эътироф этилаётир. Бунга аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганимизда яна бир бор амин бўлдик. Аксар суҳбатдошларимиз хонадонига шифокорларнинг ўзи келиб, кўрик ўтказганидан мамнунлигини билдириб, илгари шифокор қидириб, шаҳар маркази ё пойтахтгача боргани, ҳозир эса шифокорнинг ўзи уйга келиб, хабар олаётганини айтиб ўтди. Ҳа, юртдошларимиз томонидан берилаётган бу баҳо халқнинг ичига кириб ишланаётгани самарасидир. Зеро, ислоҳотлар натижаси рақам ва ҳисоботларда эмас, Президентимиз таъкидлаганидек, аҳоли розилигида, халқимиз эътирофида кўринади.

Бугун замонавий тиббиётда касалликнинг олдини олиш, профилактика қилиш устувор мақсад сифатида қўйилгани ҳолда, янгича қоидалар асосида фаолият юритилмоқда. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ врачлик пунктлари жойлашуви, техник жиҳозланганлиги ва уларда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди ҳамда халқимиз эҳтиёжидан келиб чиқиб, самарасиз ишлаётгани ҚВПлар оптималлаштирилди. Президентимизнинг шу йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида оптималлаштирилган ҚВПлар негизида кундузги станционарли қишлоқ оилавий поликлиникалар ташкил этиш, уларни арзон ва сифатли дори воситалари таъминлаш белгиланди.

Аҳоли учун яратилган яна бир қулайлик, қишлоқ оилавий поликлиникалари тизимида тез тиббий ёрдам тармоғи подстанцияларини ташкил этиш бўлди. Бу эса тиббий хизматнинг тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлашда қўл келиши, шубҳасиз. Ўз навбатида, қишлоқ врачлик пунктлари шифокорларини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатилиши учун имконият яратиш масалалари ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Яъни маълум бир ҚВП биноларини қишлоқ шифокорларига хизмат уй-жойи сифатида бериш, патронаж ҳамшираларнинг йўл ҳақи компенсациясини тўлаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Аҳамиятли жиҳати, оптималлаштириш натижасида бўш қолган маблағлар соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситалари, реагентлар, харажат материаллари ва транспорт воситалари билан таъминланиш даражасини яхшилашга йўналтирилади. Зеро, жойларга чиқиб халқимиз эҳтиёжи ўрганилганда, бирламчи тиббий ёрдам тармоғида диагностика ишлари сифати ва тиббий хизмат, унинг оперативлиги борасида ҳам бажарилиши лозим бўлган вазифалар борлиги аниқланган эди.

Патронаж  ҳамшира – оиланинг бир аъзоси

Мамлакатимизда тиббий патронаж хизмати янги босқичга кўтарилмоқда. Патронаж хизмати, оила ҳамшираси ва шифокори ишини ташкил этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжуд. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари билан оила ҳамширасининг лавозим вазифалари, оналик ва болаликни, қариялар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича асосий кўникмалари белгилаб қўйилган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бугун патронаж ҳамшира ҳақида сўз борса, у оиланинг бир аъзоси сифатида тилга олинмоқда. Бу жуда катта гап. Ушбу мақомга ҳамширалар хонадонларга кириб бораётгани, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, режали асосда профилактика тадбирларини ўтказаётгани, тиббий хизмат кўрсатишда фаол иштирок этаётгани орқали эришмоқда, дейиш мумкин.

Бирламчи тиббий бўғинда иш самарадорлигини ошириш, патронаж ҳамшираларнинг узоғини яқин қилиш учун кўрилаётган тадбирлар ҳам эътиборга молик. Масалан, пойтахтимиздаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникасига 120 дона “DAMAS” русумли автомашина топширилди. Мазкур амалиёт фақат пойтахт билан чегараланиб қолмайди. Келажакда бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиниши қўзда тутилган. Хусусан, яқинда Самарқанд шаҳридаги барча оилавий поликлиникалар худди шундай автоуловлар билан таъминланди.

Шошилинч ҳолатларда тезкор ёрдам

Тиббиётнинг яна бир муҳим йўналиши — шошилинч тиббий ёрдам хизматидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 март куни имзоланган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги вармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди. Фармонда мазкур тизимни такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.

Ҳозирги вақтда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари ва санитар авиация хизматини ўз ичига олади. Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шунингдек, шошилинч ҳолатларда тиббий ёрдам бригадаси ишини ташкиллаштирувчи асосий бўғин — тез ёрдам хизмати диспетчерлари қайта ўқитилиб, уларга нисбатан талаблар ҳам ошди. Энди диспетчерларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш учун улар қайта ўқитилади. Чунки бугунги кун диспетчерининг вазифаси фақат мурожаатни ёзиб олиб, уни керакли мутахассисга етказиш эмас, зарур ҳолатда у мурожаат қилувчига тез тиббий ёрдам бригадалари етиб боргунига қадар кўрсатилиши лозим бўлган биринчи тиббий ёрдам бўйича маслаҳатлар бера олиши ҳам керак.  

Шошилинч тиббий ёрдам ҳақида сўз борганда биз, аввало, кафолатланган, сифатли ва тезкор тиббий ёрдамни тасаввур қиламиз. Президентимизнинг ушбу соҳага доир фармон ҳамда қарори ижросидан кўзланган мақсад ҳам шу билан боғлиқ. Унда белгиланган вазифалар ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Бу эса тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳар бир мурожаатига амалий ёрдам билан жавоб қайтариш, энг муҳими, халқимизни ушбу тизим фаолиятидан рози бўлишига эришишга хизмат қилади.

Тиббий таълим ислоҳотларнинг янги босқичида

Тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига бугун давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига боғлиқ.  Хусусан, тиббиёт ҳам. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қорори ушбу йўналишда муҳим бурилиш ясаб берди. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим муассасалари ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида ҳар йили 2 мингдан ортиқ шифокорлар тайёрланмоқда. Тан олиш лозим, олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши бугунги кун талабларига жавоб бермасди. Бу мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча маблағ сарфланиши билан бирга, кадрлар таъминотига ҳам сезиларли салбий таъсир кўрсатаётган эди.

Президентимиз қарорида, тиббий таълим йўналишларидаги бакалавриат тизимида ўқиш муддатларини белгилаш алоҳида қайд этилди. Унга кўра, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланди.

Эътиборли томони, ҳозирги вақтда “даволаш иши”, “касбий таълим” (даволаш иши), “ҳарбий тиббиёт иши” (даволаш иши), “педиатрия иши” бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши кўзда тутилган.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб мақсадли қабул йўлга қўйилди. Яъни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилди.

Хўш, ушбу тадбир амалда қандай натижа беради? Тиббий таълим соҳасида даволаш иши йўналишида ўқиш муддатларини 7 йилдан 6 йилга қисқартирилган таълим тизимига ўтилиши халқаро стандарт талабларига мос келиши билан бирга, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, энг муҳими, тиббиёт кадрлари етишмовчилиги қопланишини 15 фоизга тезлаштиришга хизмат қилади.

Халқаро  эътироф

Давлат ва жамиятнинг тараққиёт кўрсаткичи инсон ва унинг манфаатлари, турмуш даражасига берилаётган эътибор, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар билан ўлчаниши барчамизга аён. Яқинда Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессиясида ҳам мазкур фикр ўз исботини топди. Тадбирда 194 та аъзо давлат қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Халқаро анжуманда маъруза қилган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов  Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда аҳоли манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 3-устувор мақсади бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, оналар, чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини камайтириш, юқумли ва вирусли касалликлар, юқумли бўлмаган хасталиклар кўрсаткичини пасайтириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани ва барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётганини  таъкидлаб ўтди.

Қувонарлиси, давлатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларида назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун кучли сиёсий мажбуриятини кўрсатаётгани иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси раиси Вероника Скворцова томонидан алоҳида қайд этилди. Ютуқларимизнинг жаҳон миқёсидаги эътирофи, аввало, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг соҳа ривожи йўлида яратиб берган имкониятлари, қолаверса, тизимда фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходимининг меҳнати самарасидир.

Бугун мамлакатимизда давлат идоралари халқ билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Одамларнинг талаб ва истаклари асосида ишлаш тамойили ҳар бир раҳбар фаолиятининг бош мезони сифатида қабул қилинмоқда. Чунки  юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ рози бўлса, ишда унум ва барака бўлади.

 
 

       Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати бошлиғи Фурқат Санаев .

 


© Все права защищены 2017г. E-mail: journal@medicalexpress.uz