Ru De En

ТИББИЁТИМИЗДАГИ ЯНГИЛАНИШ ВА ЎЗГАРИШЛАР мамлакатимиз кардиология соҳасини ривожлантиришда ҳам муҳим асос бўлмоқда

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир.

 

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу тизим фаолиятини тубдан яхшилашга катта аҳамият қаратаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Ўтган қисқа вақт ичида улар томонидан соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилингани эса фикримиз далилидир.

Давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда ҳам соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, қилиниши лозим бўлган вазифалар ўртага ташланди. Хусусан, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, эҳтиёжга қараб Республика ихтисослаштирилган марказларининг вилоятларда филиалларини ташкил этиш, энг чекка туманлардаги оилавий поликлиникаларда малакали тор мутахассислар фаолиятини таъминлаш масаласи бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Дарҳақиқат, тиббиётнинг асосий йўналишларидан ҳисобланган ихтисослашган тиббий хизмат — соҳанинг ислоҳ қилининши лозим бўлган йўналишларидан ҳисобланади.   Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг  жорий йил 20 июнида “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

 Мазкур қарорнинг ижроси доирасида мамлакатимиздаги мавжуд барча ихтисослашган тиббиёт марказлари ҳамда даволаш муассасалари фаолият доираси кенгайтирилди. Хусусан,  биргина Республика ихтисослаштирилган Кардиология марказида аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда юрак-қон-томир хасталиклари келиб чиқишининг олдини олиш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда бу ерда 10 та махсус кардиологик бўлим фаолият кўрсатаётгани ва ушбу бўлимларда артериал гипертония, ўткир миокард инфаркти, юрак-ишемик касаллиги, юрак аритмиялари, юрак етишмовчилиги каби хасталиклар самарали даволанаётгани қувонарли, янгилик албатта. Кунига 250 қатновга мўлжалланган даволаш муассасасида замонавий қулайликларга эга бўлган  маслаҳат ­поликлиникаси ҳам аҳолига  сифатли  тиббий  хизмат кўрсатаётир. Бу ерда беморларга малакали шифокорлар, олий тоифали кардиологлар томонидан тиббий маслахатлар берилади ва велоэргометрия, ЭКГни сутка давомида ёзиб олиш, ЭХОкардиография, биохимик таҳлиллар каби замонавий текширувлар ўтказилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг  деярли   барча  вилоятларида  кардиодиспансерлар, 2 та вилоятда эса мазкур ихтисослаштирилган  марказнинг филиаллари ташкил этилган. Шаҳар ва туман поликлиникаларида эса 380 та кардиологик хоналарда малакали шифокорлар томонидан ахолига сифатли тиббий  хизмат  кўрсатиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиздаги мавжуд барча тиббиёт муассасалари жаҳон андозаларига жавоб берадиган тиббий асбоб ускуналар билан жихозланди, юқори технологик даволаш ва диагностика усуллари амалиётга кенг жорий этилди. Ушбу ислоҳотларнинг натижасини биргина кардиология йўналишида кўриб чиқадиган бўлсак, марказда охирги 5 йилликда рентгенэндоваскуляр жаррохлик бўлими ташкил этилди ва бўлим замонавий ангиографик ускуна билан жихозланди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда коронароангиография ёрдамида юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниклаш ҳамда  уларга стент (найча) ўрнатиш  каби юқори  технологик усуллар  муваффакиятли амалга оширилмокда. Кардиология марказида йилига мингдан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланилаяпти. Бундай усул билан даволаш орқали юрак қон-томир касалликларининг энг оғир тури ҳисобланган миокард инфарктининг олди олинади. Амлага оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, кейинги 10 йил ичида миокарднинг ўткир инфарктидан содир бўлаётган госпитал ўлим ҳолатлари 9-10 фоизгача пасайишига эришилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шуниси қувонарлики, бундай замонавий усул билан даволаш Республика вилоятларида ҳам йўлга қўйила бошланди. Жумладан, Наманган вилоят кардиология марказида коронарография ва стентлаш амалиётининг жорий этилгани эса водий аҳолига кўплаб қулайлик яратиб бермоқда. Шунингдек,  Хоразм, Фарғона, Бухоро ва бошқа вилоят кардиология диспансерларида хам бундай усулни  жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.

Яна бир юқори  технологик усул – юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция (ЭКС) усуллари  кардиология марказида амалга оширилмоқда. Ҳозирда радиочастотали аблация усули – кардиологик беморларни даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи  юқори технологик усул ҳисобланади. Бунда,  кўкрак қафасини очмасдан, яъни «қонсиз» йўл билан – махсус мосламалар ёрдамида юракка етиб бориб, унинг нотекис уриши (аритмия) баъзи турларини радиотўлкинлар воситасида бартараф этилади.

Яна бир муҳим воқеа. Ўтган 2016  йилдан бошлаб Кардиология марказида Кардиожаррохлик бўлими ишга туширилди. Бўлим замонавий тиббий асбоб ускуналар билан жиҳозланган бўлиб унда малакали кадрлар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, бўлимда очиқ усулдаги мураккаб жаррохлик амалиётларни ўтказиш учун ҳам барча имкониятлар яратилган. Хусусан, юрак ишемик касаллигининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш (АКШ), юрак порокларини жаррохлик усули билан тиклаш каби мураккаб операциялар амалга оширила бошлади.

Марказ хорижий кардиологик клиникалар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу ерда фаолият кўрсатаётган ёш шифокорлар Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби хорижий давлатлар етакчи кардиологик клиникаларида ўз малакаларини ошириб қайтишгани ҳамда Москва, Новосибирск, Томск кардиология марказларининг бир гуруҳ нуфузли олим ва профессорлари, Швейцария, Жанубий Кореянинг етакчи мутахассисларининг марказга келиб, маҳорат дарсларини ўтказганликлари ўзаро ҳамкорлик саъй- ҳаракати натижасидир.

Шунингдек, Европа юрак фонди раиси, швейцариялик машҳур кардиожаррох, профессор Пауль Фогт юртимизга бир неча бор ташриф буюриб, марказ кардиожаррохлари билан ҳамкорликда мураккаб амалиётларни амалга оширгани эса ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамлигидан далолат беради. Беморда бир вақтнинг ўзида Аорта коронар шунтлаш (АКШ) ва юрак клапанларини протезлаш, АКШ ва бўйин томирлари атеросклерозини бартараф этиш каби операциялар шулар жумласидандир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундай амалиётлар сунъий юрак аппарати ёрдамида ва ишлаб турган юракда амалга оширилаяпти. Тан олиш керакки, бундай мураккаб операциялар дунёнинг саноқли давлатларида амалга оширилади. Мазкур усулнинг жорий этилиши натижасида беморларда ўткир миокард инфаркти ва бош мия инсульти каби оғир асоратларнинг олди олинди, беморлар фаол ҳаётга  қайтарилди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорда ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, марказларнинг малакали мутахассислари томонидан сайёр консультациялар, ҳудудлардаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида мураккаб операциялар ва маҳорат дарслари ўтказиш билан биргаликда, у ерда фаолият кўрсатаётган кадрлар салоҳиятини ошириш  бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар белгилаб берилган эди.   Республика ихтисослашган Кардиология марказида ҳам мазкур қарор доирасида  малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилади. Унда ташкил этилган клиник ординатура курсларида ҳар йили 25 нафардан ортиқ кардиолог-шифокорлар етишиб чиқади. Охирги ўн йилликда марказда таҳсил олган 250 нафардан зиёд кардиологлар айни пайтда республикасмизнинг турли даволаш муассасаларида фаолият юритишмоқда.

Шунингдек, бу ерда фаолият кўрсатаётган ҳодимлар соҳада қўлга киритилган ютуқлар, замонавий, юқори технологик даволаш ва диагностика усулларини мамлакатимиз ҳудудларига, тиббиётнинг қуйи бўғинларига татбиқ этиш мақсадида вилоятлар кесимида маҳорат дарсларини йўлга қўйишди. Ўтган қисқа вақт мобайнида Қорақалпоқистон Республикаси, Тошкент шахри ва Тошкент вилоятида, шунингдек, Бухоро, Хоразм, Кашқадарё, Сирдарё, Фарғона, Наманган, Андижан, Навоий вилоятларида ана шундай маҳорат дарслари ташкил этилди.

Кўриб турганингиздек, бугун соғлиқни сақлаш соҳасида бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар, олиб борилаётган ислоҳотларда давр талаби ўз ифодасини топмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек,  “... замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.” Мана шу эзгу даъват барча қатори ушбу тиббиёт маркази ходимларини ҳам янада фаолликка, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундайверади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.


© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz