Ru De En

Эл саломатлиги — олий саодат

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ана шу эзгу мақсад мужассам.

Саломатлик — бойликнинг боши. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти таъкидлаганидек, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бугун ушбу эзгу мақсадлар сари дадил одимлаб борар эканмиз, жамиятимизнинг барча соҳалари, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан тортиб, юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача бӯлган барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси айни шу мақсадга хизмат қилаётир.

Шунингдек, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида ташкил этилган 10 та республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология каби йўналишларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Замон ривожланиб, тараққиёт илдамлагани сайин, табиийки, тиббиёт олдида турган юксак илмий мақсадлар ҳам ортиб боради. Қувонарлиси, бугун ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт муассасаларида жамланган катта илмий салоҳият ушбу талабга монанд кундан-кун ривожланмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Олимларимизнинг долзарб мавзулардаги илмий изланишлари натижасида тиббиётнинг йигирмадан зиёд йўналиши бўйича мингдан ортиқ даволаш диагностика стандартлари ишлаб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, тиббиёт тизимини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Сабаби, илғор мамлакатлар тиббиётида жорий қилинган даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам қўлланилиб, жаҳондаги етакчи мамлакатларда эришилган кўрсаткичлар билан бўйлашмоқда. Энг муҳими, эндиликда даво истаб хорижга отланишга зарурат қолмаяпти. Биргина кардиология йўналиши мисолида оладиган бўлсак, ушбу соҳада қатор янги техника ва технологияларнинг амалиётга жорий этилгани ва муваффақиятли амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, сўнгги йилларда қатор даволаш муассасаларида рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлимининг ташкил этилиши ва у замонавий ангиографик ускуналар билан жиҳозланиши мураккаб жарроҳлик амалиётларининг ижобий натижасини кафолатламоқда.

Изчил илмий изланишлар натижасида Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида юқори технологик усул — юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция (ЭКС) усуллари йўлга қўйилгани билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Ҳозирда радиочастотали аблация усули кардиологик беморларни даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усул ҳисобланишини инобатга олсак, ушбу амалиёт салмоғи нечоғли юқори экани ўз-ўзидан аён бўлади. Энг муҳими, бундай нозик ва мураккаб даволаш усулларини ўзбекистонлик кардиожарроҳлар амалга ошираётгани тарихий аҳамиятга эга.

Факт ва рақамлар

2016 йилда ҳам соғлом болани вояга етказишнинг муҳим шарти бўлган репродуктив саломатликни яхшилаш, туғма нуқсон ва хасталиклар билан туғилишларнинг олдини олиш, тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун тизимли ишлар амалга оширилди.

✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 7 триллион 480 миллиард сўм ва 190 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланди.

✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган тадбирлар бўйича 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди.

Мамлакатимизда илгари сурилган ва бутун дунё миқёсида катта эътирофга сазовор бўлган муҳим ташаббуслардан бири — «Соғлом она — соғлом бола» концепциясининг ҳаётий ифодаси реал воқеликка айланиши учун кўп йиллардан буён самарали фаолият йўлга қўйилган. Масалан, юртимизда скрининг ва перинатал хизматларнинг мукаммал тизими яратилгани миллий тиббиётимизнинг яна бир муваффақияти бўлди, дейиш мумкин. Зеро, соғлом авлодни вояга етказиш тўғридантўғри миллат, халқ тақдирига боғлиқ масала.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шу нуқтаи назардан қарасак, «Соғлом она — соғлом бола» концепцияси ғояси нақадар устувор вазифа эканини теран англаймиз. Аммо соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш бир кунлик ёки бир йиллик иш эмас. У йиллар давомида амалга оширилиши лозим бўлган изчил ислоҳотларни, тизимли ёндашувни талаб этади. Демак, она-бола муҳофазаси йўлидаги кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олиш ва пировард натижада миллат генофондини соғломлаштириш ҳамда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур йўналишда олиб борилаётган тиббий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Замонавий тиббиётни шошилинч тиббий ёрдамсиз тасаввур этиш мушкул. Бугун ушбу йўналишда ҳам аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизматларида янгича тизим шакллантирилаётир. Энг муҳими, илм-фан соҳасидаги ҳар бир янгилик тиббиётимизнинг барча бўғинларига татбиқ этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юқори технологияли диагностика-даволаш усулларининг амалиётда қўлланилиши натижасида илгари даволаш мушкул бўлган кўплаб оғир касалликларни кам жароҳатли усулларда даволаш, ногиронликнинг олдини олишда муҳим омил бўлаётир.

Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида юртдошларимиз саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 76 ёшгача узайгани, аҳолимиз сони 32 миллиондан ошгани, яъни мустақиллик йилларида халқимиз 12 миллионга кўпайгани эл-юртимизнинг ҳаёт сифати ва фаровонлиги ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Барчамиз яхши тушунамизки, биз эришаётган улкан марра ва натижалар кўзлаган мақсадларимизнинг маълум бир қисмини ташкил этади, холос. Шавкат Мирзиёев Ӯзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қӯшма мажлисидаги нутқида соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш борасида олдимизда турган долзарб вазифалар хусусида бежизга тўхталмадилар. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида бугун соғлиқни сақлаш соҳасининг узвий бўғини саналган тиббий-профилактика хизмати жаҳон андозалари талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий тизимга айлантирилмоқда. Маълумки, мазкур бўғин моҳиятан кенгжамоатчилик орасида касалланишнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу мақсадда жойлардаги уч мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари халқимизга хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, фармацевтика соҳасини жадал ривожлантириш, маҳаллий доридармон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг талаб ва истаги-ан келиб чиққан ҳолда давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг арзон нархларда сотилишини таъминлаш каби масалалар ҳам олдимизда турган долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш соҳасининг икки асосий бўғини — патронаж ва «103» хизмати билан аҳолининг тўлиқ қамраб олинишига эришиш ҳам элимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Глобаллашув даврида тиббиётда катта ютуқларни қўлга киритиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, пировардида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиш саноқли мамлакатларгагина хос. Ушбу йўналишда юртимиздаги ўнлаб ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш ва улар хизматини энг чекка ҳудудлардаги аҳолигача яқинлаштириш, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини тубдан яхшилаш ҳамиша ўз долзарблигини сақлаб қолаверади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида шарафли соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ва бурчга садоқати ётади. Бугунги кунда 72 653 нафар малакали шифокор, 321 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими халқимиз саломатлигини таъминлаш учун меҳнат қилиб келмоқда.

Тиббиёт ходимларининг эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, туну кун эл ғамида меҳнат қилиши эвазига шифокорлик касби бугун ўзининг юксак мақомига эришди. Аҳолининг унга ишончи, меҳри ва ҳурмати ортди. Ўз ўрнида тиббиёт тизими ходимлари ҳам изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас одимлаб бораётир.

Факт ва рақамлар

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. Бунинг учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди.

✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓

2016 йилда 700 минг нафар бола пневмокок инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди.

✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓✓

Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 2016 йилда 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Мустақиллигимиз асосчиси бошлаб берган анъанага биноан кириб келаётган янги — 2017 йил юртимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Бу эса мамлакатимиз тиббиёт ходимларига катта масъулият юклайди. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг кучқудрати, жаҳон миқёсидаги нуфузи, обрў-эътибори, энг аввало, шу юртда одамлар қандай ҳаёт кечираётганлигига қараб белгиланади. Бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт кўрсаткичи инсон, унинг соғлиғи ва турмуш даражасига бераётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлари билан ўлчаниши ҳаммамизга кундек равшан. Шундай экан, кириб келаётган янги йил ҳам барча соҳаларда бўлгани каби, тиббиёт тизими ривожи йўлида яна бир улкан қадам бўлиши шубҳасиздир.

Фурқат Санаев,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати бошлиғи.


© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz