Ru De En

Соғлом авлод — буюк давлат, фаровон ҳаёт асоси

Халқимиз табиатан болажон, ҳамиша фарзандим, деб, унинг камолини ўйлаб яшайди. Зурриёдининг соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишини, пухта билим, касб-ҳунар эгаллаб, ҳаётда ўз ўрнини топишини, бахтли умр кечиришини ният қилади. Фахрланарли жиҳати шундаки, бундай эзгу орзуларнинг рўёбга чиқиши учун юртимизда барча имкониятлар яратилган. Соғлом авлодни тарбиялашга қаратилаётган доимий эътибор, ёшларга оид давлат сиёсати одамларимиз қалбида миннатдорлик ҳиссини жўш урдириб, уларда эртанги кунга бўлган ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.

Соғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир. Шу олижаноб мақсад йўлида ўтган йиллар давомида кўлами ва аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ишлар амалга оширилди. Миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ҳамда узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси таъминланди. Хусусан, моҳиятан бир-бирининг мантиқий давоми саналган «Оила йили», «Соғлом авлод йили», «Она ва бола йили», «Ёшлар йили», «Мустаҳкам оила йили», «Соғлом бола йили» ҳамда «Соғлом она ва бола йили» да амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижалари бугун халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётир.

Жорий 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланиши эса эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлди.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари

билан бўлган учрашувида, ушбу тизимни такомиллаштириш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Халқимиз саломатлиги, айниқса, ёш авлод келажагига дахлдор бу соҳа Президентнинг доимий эътиборида бўлишини алоҳида таъкидлаганди.

Биргина 2016 йилнинг ўзида Давлат дастури доирасида тиббиёт соҳасида рўёбга чиқарилган эзгуликлардан айримларини мисол қилиб келтирсак. Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун ўтган йилда 80 миллион АҚШ доллари қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди. 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 нафардан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. Бунинг учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Ана шундай ишлар қаторида 700 минг нафар бола пневмококк инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди.

Энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг. Бугун дунёдаги манаман деган давлатлар ҳам ҳали-ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз туфайли ижтимоий соҳага аҳамият бера олмаяпти. Натижада соғлиқни сақлаш, бандлик масалаларида муаммолар кучайиб бормоқда. Шундай бир вазиятда юртимизда ислоҳотлар изчиллиги таъминланаётгани давлатимиз юритаётган сиёсат халқчиллигидан, инсон манфаатлари устувор эканидан далолатдир.

Шубҳасиз, оналик ва болалик муҳофазаси бундан буён ҳам эътиборда бўлади. Президенти

мизнинг 2016 йил 2 ноябрдаги «2016–2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори ушбу йўналишдаги ишларнинг навбатдаги босқичи учун мустаҳкам асосдир. Унда фаолиятимизга доир энг муҳим устувор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, ҳар бир тиббиёт ходими бунданхабардор бўлиши ва қарор талабларини ўз иш жараёнига кенг татбиқ этиши лозим.

Хўш, улар нималардан иборат? Энг аввало, барча чақалоқлар, ўсмир қизлар, ҳомиладор аёллар ва туғиш ёшидаги аёллар ҳар йили патронаж кузатуви билан тўлиқ қамраб олинади. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг қатор туғуруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш, туман,шаҳар, туманлараро ва республика даражасидаги туғуруқ муассасаларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан қўшимча равишда ва тўлиқ жиҳозлаш кўзда тутилган. Бу мавжуд имкониятларни янада яхшилаш имконини беради.

Яна бир муҳим йўналиш — профилактикага қаратилаётган алоҳида эътибор. Хусусан, барча чақалоқларни болалар инсультидан ҳамда чала туғилган чақалоқларни ўпканинг заиф ривожланишидан профилактика қилиш мақсадида улар тегишли равишда «витамин К» ва «Сурфактант» препаратлари билан таъминланади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Қарорда диагностика ва даволаш сифати стандартларини, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича клиник протоколларни қайта кўриб чиқиш ва жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли дори воситаларидан янада кенг фойдаланиш орқали дори воситалари, айниқса, антибиотикларга камроқ мурожаат қилиш орқали болалардаги хасталикларни оқилона даволаш назарда тутилган.

Юртимизнинг барча минтақаларида чақалоқлар жарроҳлиги ва аёллар учун каминвазив жарроҳликни, қолаверса, операцияларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаган ҳолда Самарқанд, Наманган ва Хоразм вилоятларида болалар кардиохирургиясини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Соғлом болани вояга етказишнинг муҳим шарти — репродуктив саломатликни яхшилашдир.

Бу тамойил инобатга олинган ҳолда, барча вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳузурида болалар гинекологияси бўлинмаларини ташкил этиш орқали ўсмир қизларга гинекологик ёрдам беришни такомиллаштириш ҳам қарорда ўз ифодасини топган.

Қисқача айтганда, ушбу қарор халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётган «Соғлом она — соғлом бола» концепцияси тамойилларини ҳаётга янада самарали татбиқ этиш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, пировардида баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигинингбош акушер-гинекологи

Д. Нажмиддинова.

 

© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz