Ru De En

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ҲАМИША УСТУВОР

Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, жаҳон миқёсидаги нуфузи, обрў-эътибори, энг аввало, шу юртда одамлар қандай ҳаёт кечираётганлигига қараб белгиланади. Зеро, бугунги кунда давлат ва жамиятнинг тараққиёт кўрсаткичи инсон ва унинг манфаатлари, турмуш даражасига берилаётган эътибор, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар билан ўлчаниши барчамизга аён.

Шу маънода бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Президентимизнинг ҳар бир маърузаси ва учрашувлардаги нутқида ҳам халқимизни рози қилиш учун аввало сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондиришимиз лозимлиги такрор ва такрор айтилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қисқа вақт ичида тиббиёт ходимлари билан ўтказган тўрт маротаба видеоселектор йиғилиши  тизимнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, мавжуд масалаларни ҳал этишда, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим бурилиш ясаб берди.

Айниқса, шу йилнинг 18 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилиш  бу борадаги ўзгаришларни янада жадаллаштириди. Учрашувда давлатимиз раҳбари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолиги яқинлаштириш борасида ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни кўндаланг қўйиб,аниқ  топшириқлар берди.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Бугун пойтахт аҳолисидан тортиб, энг чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар ҳам кундалик ҳаёт тарзида ушбу саъй-ҳаракатларнинг ижобий натижаларини ҳис қилиб яшамоқда. Зеро, 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинишида ҳам айни шу мақсад кўзланган эди.

 Таъкидлаш ўринлики, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда соҳада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Қисқа фурсат ичида соҳани янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган Президенти- мизнинг 30 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш, тиббий таълим тизимини замонавий талаблар даражасида ташкил этишга доир қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар бунинг яққол исботидир.

 Давлатимиз раҳбарининг “Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор”, деган сўзлари ҳамда бирламчи бўғин ривожи йўлида берган топшириқлари асосида бугун соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилгани, фаолияти тугатилаётган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилганини қайд этиш лозим. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 3197 нафар бакалавриат битирувчиларининг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз энди тиббиёт муассасаси, жумладан, патронаж хизматининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратишимиз керак”, деган ҳаётий талаблари бугун бирламчи бўғинда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, поликлиникалар раҳбарлари ва мутахассисларининг фаолияти бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилди, бириктирилган маҳалла фуқаролик йиғинлари ва халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида ҳисобот бериш амалиёти жорий қилинди.

Қайд этиш ўринли, барча янги туғилган чақалоқлар, ҳомиладор ва фертил ёшидаги аёллар тўлиқ патронаж кузатуви билан қамралиши натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан туғруқлар сони 2,5 фоизга, оналар ўлими кўрсаткичи 22,7 дан  21,4 га,  яъни 1,3 промиллега камайди.

Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири — бу тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ эди. Бунинг асосий сабаби транспорт воситаларининг етарли эмаслиги, дори-дармон таъминотидаги узилишлар экани кўпчиликка маълум. Шошилинч ёрдамни такомиллаштириш бўйича қабул қилинган Президентимизнинг фармон ва қарорида мазкур масалаларга ечим кўрсатилди. Яъни тез-тиббий ёрдам хизматига дори воситалари билан таъминоти учун  молиялаштириш 2 баробарга оширилди, дори воситалари билан марказлашган ҳолда  таъминланиши йўлга қўйилди, 52 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Йил охиригача 1200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиниши режалаштирилган бўлса, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган  тез тиббий ёрдам автомобиларининг асосий қисми харид қилиниб, эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга берилди. 

Дунё тиббиёти олдида турган долзарб масалалардан бири ижтимоий касалликлардир. Мамлакатимизда сил, психиатрия, тери-таносил, онкология хасталиклари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди ва Президентимизнинг қарорлари қабул қилинди. Биргина фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон 53 та Европа давлатлари орасида 3-ўринни эгаллаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эътирофини қозонди.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим топшириғи ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш билан боғлиқ. Ушбу мақсадида Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиалалари ташкил этилмоқда. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон, Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида, Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий, Қашқадарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида филиаллари ташкил этилмоқда. Бугунги кунгача республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказаларининг етакчи ходимлари томонидан ҳудудларда 77 мингдан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 500 дан ортиқ юқори технологияли оператив муолажалар амалга оширилди. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган ватандошларимиздан 51 нафарини  республикамизга қайтарилди, 250 нафар чет эл мутахассисларини республикамизга таклиф қилиб, 350 дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди, 80 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди.

Мамлакатимиз аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ҳизматнинг пойтахтдан ташқари ҳудудларда етарли даражада эмаслиги олдимиздаги муаммолардан бири эди. Ушбу муаммони бартараф қилиш мақсадида вилоятларда хизмат қилиш ташаббуси билан чиққан тиббиёт фанлари доктори ва номзодлари, етакчи мутахассислардан 130 нафардан зиёд номзод танланиб, вилоятларга фаолият кўрсатиш учун юборилди.

Бундан ташқари, эмлаш ҳисобига ўн икки турдаги бошқарилувчи инфекциялар барқарорлиги тўлиқ таъминланди. Ўта хавфли касалликларнинг мамлакатга кириб келиши ва тарқалишига йўл қўйилмади. Давлатимиз раҳбарининг эътибори билан вакциналарга ўтган йилга нисбатан икки баробардан ошиқ маблағ, яъни 42 миллиард сўм давлат бюджети ҳисобидан ажратилди. Масалан, вирусли гепатит “В” болалар орасида умуман қайд этилмади. Яқинда шу пайтгача амалга оширилмаган самарали тадбир бошланди.Унга мувофиқ, юртимизда вирусли гепатит “С” билан рўйхатда турувчи беморлар давлат бюджети ҳисобидан даволанадиган бўлди.

Тиббиётдаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири —тиббий таълимни такомиллаштиришдир. Шу мақсадда қабул қилинган Президентимиз қарори билан бакалавриат таълим йўналишларида ўқиш муддатлари 7 йилдан 6 йил  ва “тиббий профилактика”  йўналишида 6 йилдан 5 йил қилиб белгиланди. Бундан ташқари, халқаро таълим стандартларига асосланган ҳолда Соғлиқни сақлаш таълим соҳасининг давлат таълим стандарти ва янги ўқув режалар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.  Натижада бу жойларда кадрлар таъминотини яхшиланишига ва давлат бюджет маблағларини мақсадли сарфланишига муҳим туртки бўлди. Қолаверса, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта мақсадли қабул йўлга қўйилди.Тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида 1180 нафар абитуриент бакалавриат йўналишига қабул қилинди.

Кексалар ва ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш халқимиз менталитетига хос хислат. Президентининг ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга оид фармойиши ўзбек халқи бағрикенлигининг амалий ифодаси сифатида кучга кирди. Мазкур ҳужжат ва давлатимиз раҳбари топшириқлари доирасида 8,4 минг муҳтож ногиронлар протез-ортопедия маҳсулотлари билан, 9,3 мингдан зиёд муҳтож фуқаролар реабилитация техник воситалари билан бепул таъминланди.

Шунингдек, 23 мингдан зиёд 1941-1945 уруш фахрийлари, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Касаба уюшмалари Федерацияси санаторияларида бепул дам олдилар, 15,7 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз ва ёлғиз истиқомат кекса ва ногиронлар уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш билан қамраб олинди. Ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз кекса ва ногиронлар ҳар ойда 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари билан бепул таъминланмоқда.  

Тиббиёт муассасаларини моддий-техник базасини ривожлантириш масаласи ҳам буган давлатимизнинг диққат марказида. 2017 йил Инвестиция дастури доирасида 178 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 552,6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, 236,0 миллиард сўм (52 фоиз) маблағ ўзлаштирилди. Шу билан бирга, жиҳозлаш учун 63,0 миллион. АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестицияси ўзлаштирилди.

Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Президент қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада хорижий клиникаларнинг Ўзбекистонда, жумладан Тошкент шаҳрида Корея, Ҳиндистон ва Туркия давлатларининг, Жиззах шаҳрида Корея давлатининг, Фарғона ва Қарши шаҳарларда ва Қумқўрғон туманида Ҳиндистон давлатининг қўшма клиникалари ташкил этилмоқда. Ўтган 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалар яна 408 га кўпайиб, уларнинг сони 3862 тага етди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди.

Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз. Давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланади”, дея таъкидлаган сўзлари бугун ўз натижасини бермоқда. Хусусан, давлат тиббиёт ташкилотлари учун марказлаштирилган тартибда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва  тиббиёт буюмлари харид қилишга Соғлиқни сақлаш вазирлигига 300,0 млрд сўм миқдорида фоизсиз бюджет ссудаси ва 240,0 млрд сум миқдорида қўшимча бюджет маблағлари ажратилди.

Дори воситалари ва тиббий буюмларга чекланган нархларнинг белгиланиши муносабати билан республика аҳолиси бевосита ишлаб чиқарувчилардан олинадиган мақбул нархлардаги дори препаратлари билан марказлаштирилган ҳолда таъминланмоқда.

Жорий йилда дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш 2011 йилга нисбатан 4 маротаба ўсди.

Шу билан бирга, олдимизда ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор долзарб масалалар бор. Хусусан, аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалар билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш борасидаги ишлар янада такомиллаштирилиши лозим.  

Тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, скрининг марказларнинг моддий-техника базасини ҳамда ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия маҳсулотлари, реабилитация техник воситаларининг сифатини яхшилаш бугуннинг долзарб масаласи. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари сифати, хусусий тиббиёт соҳасига чет эл инвестицияси ва малакали мутахассисларини жалб этиш ишлари ислоҳ қилиниши лозим.  

Юқорида санаб ўтилган ушбу масалалар соғлиқни сақлаш тизими олдига муҳим вазифаларни қўяди. Аҳолини тўлиқ патронаж билан қамраб олиш, аниқланган касалликларни диспансеризациясини тизимли равишда амалга ошириш, она ва бола скрининги  ҳамда  тиббий-генетик хизматни янада такомиллаштириш  ва ушбу хизматларни  аҳолига яқинлаштиришга йўналтирилган 2018-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Яна бир муҳим масала — тиббиёт ходимларининг шахсий масъулиятини оширишдир. Бу мақсадда, соғлиқни сақлаш тизимининг  давлат ва хусусий секторидаги барча мутахассислар учун лицензиялаш тизимини татбиқ этиш назарда тутилган. Шунингдек, тизимда ижтимоий дорихоналар сонини ошириш, она ва бола скрининги  ҳамда  тиббий-генетик хизматни янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлашда хусусий сектор улушини босқичма-босқич ошириш каби долзарб масалалар бўйича истиқбол режалар ишлаб чиқилмоқда.  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бугун пойтахт аҳолисидан тортиб, энг чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар ҳам кундалик ҳаёт тарзида ушбу саъй-ҳаракатларнинг ижобий натижаларини ҳис қилиб яшамоқда. Зеро, 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинишида ҳам айни шу мақсад кўзланган эди. 

Фурқат Санаев,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.

© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz