Ru De En

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ЁРДАМ уни аҳолига янада яқинлаштириш соҳада ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири

Тиббиёт шундай соҳаки, унга ёши, жинси, касби-коридан қатъи назар, аҳолининг барча қатлами мурожаат этади. Бу катта масъулият ва жавобгарликдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Ўтган вақт давомида давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари юзасидан ўтказилган йиғилишларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, бунинг учун эса энг чекка туманлардаги оилавий поликлиникаларда малакали тор мутахассислар фаолиятини таъминлаш масаласи муҳокама қилиниб, унга ечим изланганлиги ҳам бежиз эмас.

Шу йилнинг 20 июнида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани эса бу борадаги вазифаларни бажаришда муҳим асос бўлмоқда.

Мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиздаги мавжуд барча ихтисослашган тиббиёт марказлари, даволаш муассасалари ўз фаолиятини тизимли равишда  олиб бораётир. Биргина, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази айни пайтда 400 ўринга мўлжалланган ва энг сўнги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Марказда халқаро стандарт талабларидан келиб чиққан  ҳолда ички аъзолар касалликларини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш ҳамда тиббий реабилитация вазифаларини юқори сифат даражасида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бундан ташқари, клиникада катталарга мўлжалланган 240 ўринли стационар бўлимнинг мавжудлиги беморлар учун қулайлик яратмоқда.  Қабул ва кардиология бўлимлари, интенсив терапия блоки, интервенцион кардиология, ревматалогия, кардиореабилитация, кардиоцеребрал патология, гастроэнтерология, гепатобилиар патология, пульмонология ва клиник аллергология, физиотерапия, бальнеология ва лой билан даволаш бўлимиларида эса бугунги кунда энг мураккаб амалиётлар ўтказилиб келинмоқда. Фикримизнинг тасдиғини марказдаги биргина интервенцион кардиология бўлими фаолияти мисолида кўриб чиқамиз.

2014 йилдан бошлаб ташкил этилган мазкур бўлим замонавий катетерланган лаборатория кўринишида ташкил этилган (Cath-Lab) бўлиб, юқори технологик  ангиографик қурилмалар  ва рақамли ёзув тизим асосида иш юритади. Шунингдек, бу ерда беморлар малакали тез тиббий ёрдам олиш имкониятига ҳам эгадирлар.

Коронарография юрак ишемик касаллиги ташхисини “олтин стандарти” ҳисобланиб, у юрак қон томир тизимини рентген контраст текшируви — махсус рақамли рентген комплекси (ангиограф) ёрдамида текширади. Текширувдан кейин касаллик хавфи даражасини баҳолаш, прогнозлаш ва кейинги даволаш усулини аниқлаш мумкин. Агарда коронарография давомида торайган артерияни стентлаш имконияти бўлса, беморга дарҳол ушбу жаррохлик амалиёти қўлланилади. Бундай амалиётнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унинг ёрдамида даволаш нафақат ногиронликни, балки ўлим кўрсаткичини ҳам камайтиради.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Марказ мутахассислари коронар қон-томирлар ангиопластикасидан ташқари, юрак клапан аппаратида, буйрак ва оёқ томирларини перкутан аралашувини амалга оширишмоқда. Митрал ва ўпка артерияси стенозини баллонли вальвулопластикаси, буйрак артериялари стентлаши ва диабетик ангиопатияси бор беморларда оёқ томирларида сезиларли гемодинамик торайган томирлар ангиопластикаси самарали бажарилмоқда. Шу билан биргаликда, бачадон миомасида бачадон томирлар эмболизация амалиёти шу ернинг ўзида ўтказилаётгани очиқ жаррохлик амалиётини қўлланилмаслигига имкон бермоқди. Малакали шифокорлар томонидан амалага оширилаётган ишлардан ҳам кўришимиз мумкинки. Биргина ўтган 2016 йилнинг ўзида 1000 нафардан зиёд беморга коронарография текшируви ўтказилиб, қарийб 350 нафар беморда коронар қон томирларни стентлаш, 70 нафарга яқин  беморда оёқ томирлари ангиопластикаси каби  энг мураккаб  жарроҳлик амалиётлари қўлланилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тиббий ребилитация ҳудудида шунингдек, маслаҳат-ташхислаш поликлиникаси ҳам мавжуд бўлиб,  терапевт, кардиолог, невролог, ревматолог, эндокринолог, гастроэнтеролог, окулист, гинеколог, уролог, психотерапевт сингари 15 га яқин ихтисосликка эга мутахассислар самарали фаолият кўрсатади.

Дарвоқе, бу ерда амалга ошириладиган 14 хилдаги клиник, 18 хилдаги биокимёвий, 24 хилдаги  иммунофермент  таҳлиллар  ва бошқа хасталикларни  текшириш бўйича лаборатор таҳлиллар ҳам юқори технологик ускуналар ёрдамида аниқланади. Шунингдек, замонавий  лаборатория фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича ҳам  илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга  мўлжалланган. 

Тан олиш керакки, бугун давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган  эътибор ва ғамхўрлик сабаб тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар ўз ечимини топмоқда. Шу билан биргаликда, тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам давлатимиздиққат марказида.Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида илмий-услубий фаолият марказининг ташкил этилгани илмий изланишлар олиб боришда қўл келмоқда. Ушбу марказ томонидан бугунга қадар  7 та илмий ишларбўйича грант лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу грантларнинг  4 таси амалий, 2 таси инновацион, ва 1 та ёш олимлар амалий тадқиқотлари эканлиги эса қувонарли, албатта.

Ўтган 2016 йилда бўлиб ўтган IX Республика инновацион ғоялар, технологиялар  ва лойиҳалар ярмаркасида марказ томонидан тайёрланган 5 та илмий ишланмаларнинг  тақдим этилгани ва 114 млн сўмга 9 та шартнома тузилгани ҳамда  жорий йилнинг 10-12 май кунлари ўнинчи маротаба ўтказилган мазкур ярмаркада  2 та илмий ишланма «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» томонидан мақулланиб, 250 млн сўмлик шартнома тузилгани фикримизнинг исботидир.

Яна бир эътиборли томони, марказ нафақат мамлакатимиз бўйлаб, балки АҚШ,  Германия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон  каби етакчи хорижий давлатлардаги нуфузли клиника ва таълим муассасалари билан ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Улар билан ҳамкорликда марказ ходимлари терапия ва тиббий реабилитация сохасида қўлга киритилаётган ютуқлар, замонавий, юқори технологик даволаш ва диагностика усулларини мамлакатимизнинг энг олис худудларига, тиббиётнинг қуйи бўғинларига татбиқ этиш мақсадида маҳорат дарсларини ҳам ташкил этишмоқда.  Шунингдек, имзоланган ҳамкорлик режалари асосида айни пайтда тиббий реабилтация маркази томонидан 16 нафар чет эллик етакчи олимлар иштирокида 10 та ўқув семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилгани ва марказнинг 14 нафар ҳодими Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Австрия, Россия, Федерацияси,  Жанубий Корея, Чехия ва Нидерландия сингари қатор давлатларда ўтказилган  халқаро конференцияларда иштирок этиб қайтгани ҳамкорлик алоқаларининг натижасидир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар терапия ва тиббий реабилитацияга ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, ҳудудларда юқори малакали терапия бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси эса  халқимизнинг мазкур йўналишга бўлган талабидан келиб чиқиб олиб борилаётганлиги эса янада қувончлидир.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 Ахборот хизмати.


© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz