Ru De En

ХАЛҚ БАҲОСИ — БОШ МЕЗОН

Бугун юртдошларимиз барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараларини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасининг сифати тубдан яхшиланаётганлигини ўзларининг кундалик турмушлари мисолида кўриб туришибди. Зеро, фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Тажрибалардан аёнки, ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончини оқлаш, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Айниқса, тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Шу маънода, юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани аҳамиятлидир. Қисқа фурсат ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан беш маротаба учрашув ўтказилиши, Юртбошимизнинг соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттиздан ортиқ фармон ва қарорлари эълон қилингани сўзимиз исботидир.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Буни Президентимиз шу йилнинг 12 декабрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда яна бир бор таъкидлади. Президентимиз вилоятларга сафарлари чоғида ҳам ижтимоий аҳамиятга молик турли объектлар қатори қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли клиникаларда бўлиб, шифокорлар ва беморлар билан бевосита мулоқот қилаётгани кўплаб масалаларни жойларда самарали ҳал этиш имконини бермоқда.

Таъкидлаш ўринлики, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда тизимнинг ҳар бир бўғинини ўзаро мутаносибликда комплекс ривожлантириш тамойили устуворлик касб этаяпти. Халқимизни арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббий таълим тизимини замонавий талаблар даражасида ташкил этишга доир қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва улар ижроси шулар сирасидандир.

БИРЛАМЧИ БЎҒИН РИВОЖИ ЙЎЛИДА

Давлатимиз раҳбарининг бирламчи бўғин ривожи йўлида берган топшириқлари асосида бугун соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йилнинг 29 мартида қабул қилинган қарори алоҳида аҳамиятга эга. Айни пайтда мазкур қарор ижроси доирасида қишлоқ врачлик пункти негизида 800 га оилавий поликлиникалар, 400 дан зиёд тез тиббий ёрдам шохобчасилари ташкил этилиб, қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилганини қайд этиш лозим. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда уч мингдан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилиниб, улар учун барча шароит яратиб берилаяпти.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Албатта, ушбу ютуқлар барчамизни қувонтиради. Бироқ халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас. Чунки аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалари билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш борасидаги ишлар янада такомиллаштиришимиз лозим. Аниқланган касалликларни диспансеризациясини тизимли равишда амалга ошириш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий генетик хизматни янада яхшилаш, ушбу хизматларни аҳолига яқинлаштириш, ижтимоий дорихоналар сонини ошириш каби ўта долзарб ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган масалалар устида астойдил ишлашимизни даврни ўзи тақозо қилмоқда.

Шу мақсадда, яъни халқнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда 2017 йилнинг 18 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг “Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги учун масъуллигини ошириш чоралари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Унда, аҳолининг патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш механизмлари тартиби аниқ белгилаб берилди.

СОҒЛОМ ОНА - СОҒЛОМ БОЛА

Миллат генофондини яхшилаш, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартириш она ва бола саломатлиги муҳофазасидан бошланади. Бу ўзгармас қонундир. Шу нуқтаи назардан оналик ва болалик муҳофазаси ҳамиша давлатимизнинг диққат марказида. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича ўринбосари лавозимининг жорий этилишида ҳам айни шу мақсад кўзланган. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларни оммавий (95% қамровли) скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Ҳозирда эҳтиёж ўрганилган ҳолда штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз.

Яна бир муҳим қадам  — 2018 йилдан жаҳонда биринчилардан бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Бу аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Муҳтож фуқароларни реабилитацион техник воситалар билан таъминлаш 90 фоизгача оширилди. Ногиронлар аравалари, эшитиш мосламалари каби буюмлар билан таъминлаш икки ҳисса ортди. Тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 49,3 миллиард сўм, яъни 2 баробар кўп маблағ ажратилди. –

ТЕЗКОР, КАФОЛАТЛИ ВА САМАРАДОР

Айни пайтда шошилинч тиббий хизмат тизимини такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш борасида ҳам изчил ислоҳотлар ўтказилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 март куни имзоланган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди. Ўз таркибида худудларда 13 филиал ва 172 та туман тиббиёт бирлашмаларидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлинмаларини ҳамда “103” тез тиббий ёрдам станцияларини бирлаштирган мазкур тизим кечиктириб бўлмас ҳолатларда тезкор тиббий хизмат кўрсатмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати ўз олдига аҳолига малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда тиббий хизмат кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимини ташкил этиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби вазифаларни мақсад қилиб қўйган. Шу йўлда жорий йил давомида Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Австрия, Корея, Япония, Туркия, Украина, Озарбайжон каби мамлакатларининг таниқли мутахассислари томонидан соҳанинг долзарб масалаларига бағишланган марузалар ва маҳорат дарслари ўтказилди. Уларда шошилинч тиббий ёрдам тизимида фаолият олиб борувчи 600 нафардан ортиқ шифокорлар иштирок этди.

Яна бир муҳим жиҳат кадрлар малакасини ошириш билан боғлиқ. Бу йўлда 2017 йилнинг ўзида 52 нафар мамлакатимиз мутахассислари Россия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Туркия ва Европанинг қатор ривожланган давлатларидаги етакчи клиникаларда малака ошириб келди.

Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, шу йилнинг ўн бир ойи давомида шошилинч тиббий ёрдам тизимида 200 мингдан ортиқ стационар жарроҳлик операциялари ўтказилди, 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 6 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилди.

Масалан, марказнинг биргина шошилинч кардиология бўлимида ўтган 11 ой давомида 2500 дан ортиқ юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди. Юрак ишемик касалликларини даволашда бутун дунёда тан олинган “олтин стандарт” амалиёт — аорто- коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, коронар томирларни стентлаш, беморларга доимий бир ва икки камерали электрокардиостимулятор ўрнатиш, митрал клапанни баллон ёрдамида кенгайтириш каби амалиётлар шулар жумласидандир.

Шошилинч ҳолатларда беморга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга эга бўлган шошилинч ёрдам бригадалари зудлик билан етиб бориши муҳимдир. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўзида 1 минг 260 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олинди ва эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга етказиб берилди. Шунингдек, тез-тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2 баробарга оширилиб, дори воситалари билан марказлашган ҳолда таъминлаш йўлга қўйилди, 55 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди.

Тез тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш йўлоидаги ҳаракатлар шу билан чекланиб қолмайди. 2018 йилда дори воситалари учун ажратилаётган маблағларни камида икки баробар ошириш ва ҳудудлар кесимида бир меъёрда молиялаштириш бўйича чоралар кўриш белгиланган.

ИМТИЁЗ, ИМКОНИЯТ, РАҒБАТ

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” да соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишлардан яна бири бу – хусусий секторни тубдан ривожлантириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши бўлди. Чунки бугун тадбиркорликнинг жадал ривожланиши тиббиёт соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада, хорижий клиникаларнинг Ўзбекистондаги қўшма клиникалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларидаги юкни камайтириш мақсадида гемодиализ, лаборатория таҳлили, стерилизация сингари тиббий хизмат турларини давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусий тиббиёт муассасаларига, тиббий фаолият ҳисобланмайдиган ошхона, кир ювиш каби хизматларни хусусий сектор ихтиёрига бериш ҳам кўзда тутилган.

 Хусусий сектор билан боғлиқ яна бир янгилик — илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда барча тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизимини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди. Бундан ташқари, улар 2022 йилнинг 1 январигача барча солиқ ва божхона тўловларидан озод этилди. Хорижнинг нуфузли клиникаларидан келиб фаолият кўрсатувчи мутахассисларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ҳам солиқлар бекор қилинди. Юртимизда нодавлат тиббиёт тизимига берилаётган бундай юксак эътибор ва имтиёзлар сабаб уларнинг сони бир йил ичида 450 тага кўпайиб, қарийб 4 мингтага етди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 Пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитдаги ҳусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш белгиланганидир. 

ЎҚУВ ЙИЛИ ҚИСҚАРДИ, ТАЪЛИМ СИФАТИ-ЧИ?

 Поёнига етаётган йилда тиббий таълим тизимида ҳам инқилобий ўзгаришлар юз берди.

 Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори бунга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Тиббий таълим бўйича энг муҳим ҳодиса, ўқиш муддатларининг қисқартирилгани бўлди. Яъни, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланганди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шунингдек, касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 7 фоизгача қисқартирилди, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 85 фоизгача кўпайтирилди. Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида” ги қарори кадрлар таъминотини яхшилашда муҳим ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта мақсадли қабул йўлга қўйилди. Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилди. Жорий йилда тиббиёт олий ўқув юртларига мақсадли қабул учун 1 минг 180 ўрин ажратилган бўлса, кейинги йилларда уни янада кўпайтириш кўзда тутилмоқда. 2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди.

ЭЗГУ ТАШАББУСЛАРГА АМАЛИЙ ЖАВОБ

Гувоҳи бўлаяпмизки, Президентимиз Ш.Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманларига ташрифлари давомида тиббиёт муассасаларига кириб, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ва халқ билан мулоқот қилиб, мавжуд масалаларни жойида ҳал этиш бўйича топшириқ ва аниқ кўрсатмалар бермоқда

Шундай муҳим масалалардан бири республикамиз аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ҳизматнинг пойтахтдан ташқари ҳудудларда етарли даражада эмаслигидир. Тан олиш керак, ҳудудлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш ноқулай бўлганлиги сабабли, аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар бўларди.

Ушбу муаммоларни бартараф қилиш, аҳолини тиббий ҳизматдан баҳрамандлигини ошириш, юқори малакали тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва нуфузли даволаш муассасаларидан ҳудудий шифохоналар раҳбарлигига етакчи мутахассисларни ишлаш учун юбориш вазифаси қўйилди.

Мазкур топшириққа жавобан вилоятларда хизмат қилиш ташаббуси билан чиққан мутахассислар билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбарияти ҳамда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари ва республика даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари иштирокида суҳбат ўтказилди. Ташаббус билан чиққан раҳбар ходимлар ва етакчи мутахассислардан 134 нафар номзод танлаб олинди. Улар орасида профессор, тиббиёт фанлари доктори ва тиббиёт фанлари номзоди ҳамда бош шифокор ўринбосарлари каби юқори малакали шифокорлар мавжуд. Суҳбат чоғида мутахассиснинг билим ва тажрибаси, энг муҳими, республика марказларидаги замонавий диагностика ва даволаш услубларидан хабардор ва уларни амалиётга жорий этиш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди. Келажакда улар фаолияти самарадорлигини ошириш учун марказлардан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ва вилоятдаги иқтидорли ёшларни ушбу марказларга ўқиш ва малака ошириш учун юбориш кўзда тутилмоқда.

Танланган мутахассислар вилоят кўп тармоқли тиббиёт маразларига, шу жумладан болалар шифохоналарига, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерларига, онкология маркази филиалларига, юқумли касалликлар шифохоналарига раҳбарлик лавозимига ишлаш учун юборилди.

Бу эса вилоятнинг ўзида энг ноёб ва юқори технологик операцияларни ўтказиш имкониятини пайдо қилмоқда. Биргина Самарқанд вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, вилоятда пойтахтдан борган турли ихтисосликдаги 8 нафар малакали мутахассис иш бошлади.

— Филиалда фаолият бошлаганимдан буён ўтган қисқа вақт ичида илгари фақат пойтахтда ёки хорижда қилинган 4 турдаги энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини филиалнинг ўзида ёш мутахассислар билан бирга бажардик, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Миржалол Жўраев. — Мисол учун, қизилўнгач, ошқозон, меъда ости бези, йўғон ичак, жигар саратони хасталикларини самарали даволаш имконияти ошмоқда. Қизилўнгач саратонида аъзонинг 80 фоизини олиб, унинг ўрнига ошқозондан трубка ясаб кўкрак бўшлиғига улаш, жигар саратонида жигарнинг 60-65 фоизини резекция қилиш, сунъий ошқозон яратиш каби ноёб операциялар Самарқанд тиббиёти тарихида илк бор бажарилди.

Ҳақиқатан ҳам, ушбу даволаш муассасасида ҳозирга қадар 22 та шундай операция ўтказилган бўлса, уларнинг барчаси муваффақиятли ўтди. Энди ҳар қандай мураккаб жарроҳлик ишларини филиалнинг ўзида бажариш имконияти борлиги самарқандликларни қувонтирмоқда. Вилоятларда фаолият бошлаган мутахассисларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш мақсадида шу йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг “Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Республика тасарруфидаги тиббиёт муассасаларидан вилоят тасарруфидаги тиббиёт муассасаларига раҳбар лавозимларга юборилган ходимларнинг тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорида ойлик устама ҳақи тўланиши белгиланди.

— Вилоятларда ўтказилаётган сайёр қабуллар таҳлилидан кўриняптики, ҳақиқатан ҳам, чекка ҳудудларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам бўйича амалий ёрдам кўрсатишга катта эҳтиёж бор, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиали раҳбари Динорахон Алиева. — Бу ёрдамни ўзимиздан, ички имкониятларимиздан излашимиз лозим. Давлатимизнинг бевосита ёрдами билан тиббиёт соҳасида катта натижаларга эришган, профессор, фан доктори, фан номзоди каби илмий даражаларга эга кўплаб малакали мутахасисларимиз бор. Бугун бурчга садоқатимизни намоён этиш вақти келди. Масъулиятли касбий вазифамизни адо этиш, чекка ҳудудлардаги ватандошларимизга энг юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида вилоятларда фаолият кўрсатаяпмиз. Мен ҳам биринчи навбатда, республика тиббиёт марказлари ва шифохоналаридаги энг илғор тажрибаларни ҳудудда жорий этишга алоҳида эътибор қаратаяпман. Шундай масъулиятли вазифа бизга ишонилган экан, соҳани камида бир поғона юқорига кўтаришимиз, халқни рози қилишимиз лозим.

Ҳудудларга юборилган мутахассисларга юкланган масъулият, иш ҳажми ва кўламини ҳисобга олган ҳолда уларга давлатимиз томонидан бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ушбу мутахассислар фаолияти самарадорлигини баҳолашда ҳам қуруқ ҳисоботлар эмас, балки бевосита маҳаллий аҳоли фикри, халқ баҳоси асосий мезон этиб белгиланди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари ҳудудларга 2407 марта чиқди, ваҳоланки, 2016 йилда бу рақам 500 дан ошган эди. Ўтган йили уларнинг хизматидан 30 минг киши фойдаланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 220 мингга етди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАР ЮРТИМИЗГА ҚАЙТАРИЛДИ

          Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан бўлган учрашувларининг бирида хорижда фаолият кўрсатаётган чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 60 нафардан ортиқ малакали мутахассисларни юртимизга қайтариш борасида аниқ кўрсатмалар берган эди. Ана шу кўрсатмалар доирасида бугун ўзбекистонлик қарийб юз нафарга яқин мутахассис юртимизга қайтиб, халқимиз хизматига бел боғлади. Ҳозирда улар ўз ихтисослигидаги даволаш-профилактика марказларида фаолият юритмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мисол учун12 йилдан буён Россиядаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаб келаётган малакали кардиохирург Рустам Ярбеков Президентимизнинг тиббиёт ходимларига яратиб бераётган шароитлари ва таклифларидан сўнг, Ватанимизга қайтди. Айни дамда Рустам Ярбеков Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида фаолият юритмоқда. Йил бошидан бери у мураккаб жарроҳлик операцияларини, хусусан, аорта коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, юрак туғма ва орттирилган пороги каби амалиётларни муваффақиятли ўтказди.

УЗОҚ КУТИЛГАН ЯНГИЛИК...

Кузатувлар шуни кўрсатадики, мамлакатимиз аҳолиси яқин вақтларгача трансплантация хизмати учун хориж клиникаларига мурожаат қилишга, чет элга боришга мажбур бўлаётган эди. Барчамизни хурсанд қилган янгилик: мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори шундай амалий қадамлардан бири бўлди. Ушбу ҳужжат сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичидаги беморларни юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам билан таъминлаш, яқин қариндошлик трансплантациясини ташкил қилиш мақсадида қабул қилинди. Низом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартибини, трансплантацияни бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Эндиликда тана аъзоларини трансплантация қилиш операцияларини бажаришга киришилар экан, энг аввало, халқимизга юксак технологиялар воситасида, энг илғор тиббий стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатиш, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашга устувор аҳамият қаратилади. Албатта, трансплантология хизмати катта маблағ ва ресурс талаб этадиган соҳа. Ҳозирда бу соҳа фаолиятини ташкил этиш мақсадида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Даволаш муассасаларини жиҳозлаш, кадрлар тайёрлаш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Айни дамда трансплантология соҳасининг жаҳондаги энг нуфузли мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқаларига эгамиз.

Дунёнинг саноқли давлатларидагина амалга оширилувчи бундай юқори технологик операциялар энди юртимиздаги учта йирик муассаса: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент шаҳар нефрология шифохонасида қилина бошланди.

— Мана, халқимиз ва тиббиёт ходимлари узоқ йиллардан буён кутган янгилик бўлди. Мамлакатимизда аъзолар трансплантацияси каби ўта ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошев. — Бундай юқори технологик операциялар Америка, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз тиббиёти ана шу давлатлар қаторидан жой олмоқда. Илгари беморлар чет давлатларга бориб, катта маблағ сарфлаб, ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Лекин шунга эҳтиёжи бор беморларнинг барчаси ҳам бундай имкониятга эга эмас. Масаланинг яна бир томони — хорижда аъзо кўчириш операциясини ўтказиб келган беморларда оғир асоратли ҳолатлар ҳам кузатилиб турганди. Чунки бундай беморлар доимий равишда шифокор назоратида бўлиши лозим, тиббий кўриклардан ўтиб туриши, турмуш тарзида ўзига хосликларга амал қилиши талаб этилади. Мана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда трансплантология хизмати йўлга қўйилди.

Трансплантология хизмати йўлга қўйилишининг аҳамияти жуда катта. Яъни энди бемор тўлиқ шифокор назоратида туради, энг кичик ўзгаришлар ҳам мутахассисларимиз диққат марказида бўлади. Бу амалиётдан кейинги асоратларнинг олдини олади. Шунингдек, беморнинг аввало вақти ва маблағи иқтисод қилинади.

Айтиб ўтиш керак, ҳозир ушбу ноёб тиббий хизматни жорий этиш бўйича асосий қадамлар ташланди. Келажакда унинг кўлами, имкониятлари янада кенгаяди. Бунинг учун юртимизда илмий, техник ва ҳуқуқий жиҳатдан барча шароитлар яратилган.

ЖАҲОН ЭЪТИРОФИ

   Тиббиётнинг яна бир йўналиши борки, бунда бирламчи тизимдан бошлаб ихтисослаштирилган марказларгача — барча муассасалар ва соҳа вакиллари биргаликда ҳаракат қилиши талаб этилади. Бу ижтимоий аҳамиятга эга касалликлардир. Мамлакатимизда сил, психиатрия, тери-таносил, онкология хасталиклари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Биргина фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон 50 дан ортиқ Европа давлатлари орасида 3-ўринни эгаллаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эътирофини қозонди.

Миллий эмлаш календари бўйича мамлакатимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади. 2017 йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Ушбу тадбир учун жорий йилнинг ўзида 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Натижада 2017 йил Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи ҳудуд деб эътироф этилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Албатта, мамлакатимиз тиббиёт тизими олдида ҳали ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб масалалар турибди. Қолаверса, бугун юртимизда давлат идоралари халқ билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Одамларнинг талаб ва истаклари, уларнинг холис баҳолари асосида ишлаш тамойили фаолиятимизнинг бош мезони сифатида қабул қилинмоқда. Негаки, биз катта натижаларга фақат ва фақат одамлар ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш орқалигина эришишимиз мумкин. Шунда халқимиз биздан рози бўлади, бизга ишонади.

Фурқат Санаев,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.

© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz