Ru De En

ХАЛҚ СОҒЛИҒИ — ЭЗГУ МАҚСАД

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу ўзгаришлар жамиятнинг ҳар бир соҳаси, жумладан, соғлиқни сақлаш тизими фаолияти ривожида ҳам туб бурилиш ясамоқда.

Ўтган қисқа давр ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан бир неча маротаба учрашувлар ўтказилиши, Юртбошимизнинг соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттиздан зиёд фармон ва қарорлари эълон қилингани сўзимиз исботидир. Таъкидлаш ўринлики, тиббиёт соҳасини ислоҳ этишга оид чора-тадбирлар тизимнинг ҳар бир бўғинини ўзаро мутаносибликда комплекс ривожлантириш тамойили асосида олиб борила- ётгани ислоҳотларнинг қисқа муддатларда халқимиз ҳаётида акс этишини таъминламоқда. Яъни, аҳолига энг яқин ва одамлар кўп мурожаат қиладиган бирламчи тиббий-санитария тизими фаолиятини яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, хусусий тармоқ ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни, фармацевтика саноатини ривожлантиришга доир узвий чора-тадбирлар аввало инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда. 
 
Марказдан чекка ҳудудларга
 
Маълумки, қишлоқларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилган эди. Аммо, ҚВПларда асосан умумий амалиёт врачлари фаолият юритиши аҳолининг ихтисослашган тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришда муайян муаммоларни юзага чиқарди. 
 
Президентимизнинг 2017 йил 29 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори бу борадаги долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур қарор ижроси доирасида қишлоқ врачлик пунктлари негизида 793 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 400 дан зиёд тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилиб, қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди.
 
Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида ўтган йилда уч мингдан зиёд бакалавриат битирувчиларининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилиниб, улар учун барча шароитлар яратиб берилаяпти. Бирламчи тиббий-санитария тизимида аҳолини патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш механизмлари тартиби аниқ белгилаб берилди.
 
Бироқ, халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас ва ушбу йўналишда 2018 йилга мўлжалланган муҳим режалар ишлаб чиқилди. Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалар билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришимиз лозим. Аниқланган касалликлар диспансеризациясини тизимли равишда амалга ошириш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий генетик хизматни янада яхшилаш каби ўта долзарб ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган масалалар устида астойдил ишлашимизни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бунинг учун, аввало, бирламчи тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкам- лаш кўзда тутилган. 1046 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича 2018–2021 йиллар дастури шакллантирилди. Яъни: 2018 йилда 146 та ҚОП ва ҚВПларида қури- лиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 112,7 млрд. сўм ажратилади. Шунингдек, 2019 йилда бу мақсадларга 181,4 млрд. сўм, 2020 йилда 242,0 млрд. сўм, 2021 йилда 269,0 млрд. сўм — жами 805,1 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.
 
Шунингдек, 2018 йилда қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини ЭКГ, лаборатория ва стерилизация ускуналари, гинекологик, хирургик ва шифокорлик жамланмалари билан қўшимча жиҳозлаш белгиланган. 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Ўзбекистонда биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиёти
муваффақиятли бажарилди. Суратда Академик В. Воҳидов номидаги Республика
ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази директори Феруз Назиров
ва Россиянинг Академик В. И. Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар
Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье.
 
 
Энди ҳар бир туманда скрининг текшируви ўтказилади 
 
Ҳар қандай давлатнинг энг катта бойлиги — соғлом ва баркамол, Ватанига садоқатли фарзандларидир. Ана шундай навқирон авлодни камолга ет- казишда замонавий тиббий хизматнинг ўрни муҳимдир.
 
Президентимизнинг 2016 йил 2 ноябрдаги «2016–2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорининг қабул қилиниши она ва бола саломатлиги муҳофазаси йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтарди.
 
Мамлакатимизда она ва бола саломатлигини яхшилашга оид ишларни такомиллаштириш мақсадида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича муовини лавозими ташкил этилмоқда. Чақалоқларни оммавий скрининг текширувидан ўтказиш ишлари такомиллашди. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш режалаштирилган.
 
Бундан ташқари, ҚВПлар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳомиладорларга антенатал ёрдам ва қишлоқ аҳолисига репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича хизматлар ташкиллаштирилган.
 
Шу ўринда жаҳон тиббиётининг яна бир муҳим ютуғи ҳақида алоҳида тўх- талиш жоиз, деб биламан. Бу — она ва бола скрининги йўналишидир. Бу хизматнинг юзага келиши болалар ўртасида ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олишда катта имконият яратди. Ушбу илғор технологиялар Ўзбекистон тиббиётида ҳам жорий этилгани оналик ва болалик муҳофазасида муҳим омил бўлмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида ҳам она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш ва уларни замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
 
Президентимизнинг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган «2018–2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида» ги қарори эса ушбу эзгу мақсаднинг ҳуқуқий асоси бўлди. Мазкур қарор билан болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга чақалоқларнинг оммавий скрининг текширувларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилди. 
 
Мазкур қарор билан тасдиқланган Давлат дастури доирасида «Она ва бола скрининги» марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ушбу соҳада ишлаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олишга йўналтирилган тарғибот ишларини кучайтириш ва бундай хасталикларга чалинган беморларни даволаш ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилади.
 
Дастур юртимизнинг чекка ҳудудлари, олис туманларида яшовчи аҳоли ҳам замонавий скрининг хизматидан тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлайди. Яъни, барча аёлларни ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида ультратовуш текширувидан тўлиқ ўтказиш йўлга қўйилади. Бунинг учун 195 та марказий кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналарини юқори ҳал этиш қобилиятига эга бўлган стационар УТТсканер аппаратлари билан жиҳозлаш белгиланган. Ушбу мақсад учун давлат бюджети ҳисобидан 200 та УТТ-сканер аппаратлари харид қилинади. Бу эса ҳомиладор аёлларни УТТ текшируви билан 100 фоиз қамраб олишга (илгари ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қиларди) хизмат қилади. 
 
Шунингдек, 2018–2019 йилларда Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона «Она ва бола скрининги» марказларини муковисцидозни аниқлаш учун 4 та тиббий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш ҳамда болаларда цитогенетик тадқиқотларни татбиқ этиш ва ўтказиш учун рақамли микроскоплар ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш белгиланди.
 
2018–2022 йилларда Самарқанд, Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Нукус ва Бухоро «Она ва бола скрининги» марказларини бутловчи буюмлар билан бирга 6 та анализаторнинг такомиллаштирилган модели билан қайта жиҳозлаш кўзда тутилган.
 
Тезкор, кафолатли, самарадор  
 
Шошилинч тиббий хизмат тизими- ни такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш борасида ҳам изчил ислоҳотлар ўтказилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 мартдаги «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони ҳамда «Шошилинч тиббий ёрдам фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори билан тизим фаолияти тубдан янгиланди. 
 
2017 йилнинг ўзида тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бу ҳудудларнинг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини берди. Тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш эса 2 баравар кўпайди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 25 январда имзоланган «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлиги, сифати ва самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини яхшилаш ва ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. 
 
Мазкур қарор билан илгари тиббиётимиз тарихида кузатилмаган бир қатор муҳим янгиликлар жорий этилдики, ушбу ўзгаришлар ҳар бир фуқаронинг саломатлигига бевосита дахлдордир. Яъни, эндиликда мамлакатимиздаги барча тиббиёт муассасалари ҳаёт учун хавфли дамларда шошилинч тиббий ёрдам сўраганларга бепул хизмат кўрсатишлари қонун билан кафолатланади. 
 
Сир эмаски, илгари шошилинч тиббий ёрдамга мўлжалланган автотранспорт воситалари ҳатто 10–12 йиллаб ишлатиларди. Оқибатда манзилга ўз вақтида етиб бориш, беморни тиббиёт муассасасига етказиш каби вазифаларни бажаришда муаммолар кузатилар эди. Қарорга мувофиқ, энди шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг автотранспортлари шаҳар жойларда ҳар 8 йилда, қишлоқ жойларда эса ҳар 7 йилда янгиланиб борилади. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматининг ихтисослаштирилган автотранспортлари за- монавий тиббий ускуналар ва рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) билан жиҳозланади. 
 
Бу борада яна бир муҳим янгилик — тез тиббий ёрдамни чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган, ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этилишидир.
 
Хабарингиз бор, шу кунга қадар бу соҳада ишлаш учун тиббий билим талаб этилмас эди. Президентимизнинг мазкур қарорига мувофиқ, энди янгидан ташкил этилаётган Call-марказларда қўнғироқларга шифокорлар жавоб беради.
 
Call-марказлар 2018 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларини, 2019 йилда эса бутун республикани қамраб олади ва йил якуни бўйича барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида бу 103 тез ёрдамига айланади.
 
Қарорда, шунингдек, тиббиётнинг мазкур тезкор тизимини энг замонавий алоқа ва техника воситалари билан таъминлаш, бирламчи тиббий ёрдам муддатини янада қисқартириш, унинг сифатини яхшилаш, бу борада илғор иш услубларини жорий этиш билан боғлиқ амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган. 
 
Имтиёз, имконият ва рағбат
 
Маълумки, яқин-яқингача хусусий тиббиёт муассасалари фақат муайян ихтисосликлар бўйича фаолият юритиши мумкин эди. Ўз-ўзидан аёнки, бу тармоқ ривожига муайян таъсир ўтказарди. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантиришни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада, юртимизда чет элдаги нуфузли клиникалар билан ҳамкорликда қўшма клиникалар ташкил этилмоқда.
 
Шунингдек, гемодиализ, лаборатория таҳлили, стерилизация сингари тиббий хизмат турларини давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусий тиббиёт муассасаларига, тиббий фаолият ҳисобланмайдиган ошхона, кир ювиш каби хизматларни хусусий сектор ихтиёрига бериш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, улар 2022 йилнинг 1 январигача барча солиқ ва божхона тўловларидан озод этилди. Хорижнинг нуфузли кли- никаларидан келиб фаолият кўрсатувчи мутахассисларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳам солиқлар бекор қилинди. Юртимизда нодавлат тиббиёт тизимига берилаётган бундай юксак эътибор ва имтиёзлар сабаб, уларнинг сони бир йил ичида 450 тага кўпайиб, қарийб 4 мингтага етди. 
 
Жорий йилда илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда барча тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизимини жорий этиш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Пойтахтимизда ўз фаолиятини бошлаган «Акфа медлайн» хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
 
Яна бир муҳим жиҳат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитдаги хусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш имконияти берилгани соғлиқни сақлаш тизимида рақобат муҳитини кучайтириш ва тиббий хизмат сифатини юксалтиришга замин яратади. 
 
Малакали кадрлар — ислоҳотлар таянчи 
 
Бугун соғлиқни сақлаш тизими олдида турган муҳим вазифаларни ўз вақтида, самарали ҳал этиш, халқимизнинг замонавий тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш учун аввало соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари 2017 йил 12 декабрь куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ҳолатни ҳудудлар кесимида таҳлил этиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимлари хусусида тўхталган эди. 
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вазифаларни ҳал этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқди.
 
Ўрганиш натижасида вакант ўринлар аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш юзасидан бир қатор амалий чоралар ишлаб чиқилди. Хусусан, тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини мақсадли йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йил январ ойида тиббиёт олий таълим муассасаларининг 7-босқич бакалавриат битирувчилари якуний давлат аттестациясидан ўтказилди ва улардан 1811 нафари умумий амалиёт шифокори сифатида ишга йўлланма олди. Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида УАШга бўлган вакансиялар тўлиқ қопланди.
 
Бундан ташқари, 926 нафар 2-босқич клиник ординатура битирувчиларидан 907 нафарини тор соҳа мутахассиси сифатида ишга жойлаштириш ҳисобига тор доирадаги мутахассисларга бўлган ванкансиялар яна қисқаради. Шунингдек, бу йил тиббиёт олий ўқув юртларида бакалавриатура йўналиши- да таълим олаётган 6-босқич талабалар ҳам ўқишни якунлаб, ишга йўл олади.
 
Яна бир янгилик: жорий йилдан бошлаб пенсия ёшидаги шифокорлар меҳнат фаолиятини давом эттирган тақдирда уларга ойлик маош ва пенсия тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди. 
 
Ўтказилаётган ушбу амалий саъйҳаракатлар натижасида жорий йилда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 82 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.
 
Умуман олганда, қилинаётган ишлар кўлами қанчалик катта бўлса, олдимизда ечимини кутиб турган вазифалар ҳам шунчалик залворли. Уларнинг оқилона ечимини топиш учун тиб- биётга замонавий илм-фан ютуқларини янада чуқурроқ татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада сўз юритилар экан, кейинги пайтларда «ақлли тиббиёт» деган атама тез-тез тилга олинаётгани бежиз эмас.
 
Зеро, бугунги юксак технологиялар асрида тиббий-диагностика соҳаси ҳар қанча ривожланмасин, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал, деган мақсад борган сари устуворлик касб этмоқда. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Чунки, касалликни даволаш давлат учун ҳам, оила учун ҳам анчагина катта харажатларни талаб этади. Энг самарали йўл — касалликнинг олдини олиш, жамиятда тиббий маданиятни юксалтириш. Ана шу вазифаларга оқилона ечим топиш мақсадида масофадан туриб профилактика ишларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган «ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиб- бий ахборот маркази» концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этиш тиббиётимизнинг эртанги тараққиёти йўлида яна бир муҳим қадам бўлади.
 
Албатта, бундай йирик-йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ўз-ўзидан бўладиган осон иш эмас. Давлатимизнинг доимий эътибори, жамоат ташкилотлари, халқаро молия муассасалари ва хорижлик ҳамкорларимизнинг ўз тажрибалари воситасида берадиган ҳар бир кўмаги бу борадаги эзгу мақсадла- римизга эришишда бизга катта мадад бўлади.
 
Фурқат Санаев, 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш
вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи.
 
 
 

© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz