Ru De En

ЎЗБЕКИСТОН ФАРМАЦЕВТИКАСИ: ривожланишнинг ойдин йўлидан

Инсон саломатлигини асрашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатимизда жадаллик билан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг бугунги босқичида бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида, давлатимиз раҳбарининг жойларга уюштираётган сафарлари мобайнида бу борадаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, муаммоларни тезлик билан бартараф этиш, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, замонавий дори-дармон ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, дорихоналар тармоғини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди, тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.
Шу каби тизимли ишлар самарасида 2017 йили 1,6 миллиард шартли қадоқда дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилди. Бу 2016 йилга нисбатан 34 фоиз кўпдир. Шунингдек, ўтган йили соҳада 71 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланиб, шундан 148 миллион долларлик 33 та объект ишга туширилди, 76 номдаги янги маҳсулот ўзлаштирилди.
 
Қарзни узиш вақти келди...
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрда қабул қилинган “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Мазкур агентлик аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларининг маҳаллий тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари билан таъминланганлик ҳолатини тизимли равишда таҳлил қилиб бориш, уларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжларни белгилаш, бу маҳсулотларнинг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилишини ёки импорт қилинишини таъминлашни ўз ичига оладиган тизимли вазифаларни амалга оширмоқда.
Дори-дармон таъминоти соғлиқни сақлаш тизими олдида турган энг долзарб масалалардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг “Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди”, дея таъкидлаган сўзлари бу борада зиммамизда турган вазифа нечоғлик салмоқли эканини ифода этади. Ушбу муҳим масаланинг ечимини топиш, жумладан аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни яхшилаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағ 2017 йилда 821 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу соҳага 915,4 миллиард сўм, яъни 2017 йилга қараганда 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилади.
Энг илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларининг янги жадвали тасдиқланди.
 
Ижтимоий дорихоналар аҳоли хизматида
 
Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, деганларидек, гоҳ шамоллаш, гоҳ сурункали касалликлар хуружи, ҳатто танимизга кичик зирапча кириши ҳам соғлиғимизга таъсир этмай қолмайди. Шундай вазиятларда шифокор тавсия этган дори тезроқ топилса, айни муддао.
Сир эмас, ҳар доим ҳам бунинг имкони бўлмайди. Айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларда дорихоналар йўқлиги боис, туман марказига боришга тўғри келади. Табиийки, бу дард чекаётган инсонни янада мушкул аҳволга солади. Бундай муаммони олдини олишнинг мақбул ечими сифатида ижтимоий дорихоналар тармоғига асос солинмоқда. Шуниси қувонарлики, бундай дорихоналар, айниқса, қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, туман тиббиёт бирлашмалари ва марказий кўп тармоқли поликлиникалар базасида жойлашиши чекка ҳудудларда яшайдиган аҳолини арзон ва сифатли шифо воситалари билан таъминлашда муҳим омил бўлади.
Қолаверса, ижтимоий дорихонада дори-дармон чекланган нархлар асосида сотилади.
Яқин келажакда юртимизнинг турли ҳудудларида 2000 та ана шундай дорихоналар фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Жумладан, 2018 йилда 1000 та ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Айни пайтда реcпублика Қурилиш вазирлиги томонидан ижтимоий дорихоналар биноларининг намунавий лойиҳаси яратилди, бундай бинолар жойлашуви харитаси ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий дорихоналарнинг жойлашиши, аниқлаш мезонлари, дорихоналарни танлаб олиш тартиби ва уларни кейинчалик фаолият юритишини, шунингдек, дори воситаларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олиш ва реализация қилиш масалаларини назарда тутувчи Ижтимоий дорихоналар тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
 
Фармацевтика саноати истиқболлари
 
Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 150 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармондан тиббиётимиз амалиётида кенг фойдаланиляпти.
Аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, самарали, шифобахш тиббий воситаларни ўзимизда ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишдаги вазифаларни изчиллик билан бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикасида фармацевтика тармоғини 2018-2022 йилларда ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” шакллантирилди. Фармацевтика саноатига ихтисослашган эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши соҳанинг истиқболдаги тараққиётини белгилашда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда “Нукусфарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсойфарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари рўйхатга олинди. Ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга иҳтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 518,9 гектар ер майдони танлаб олинди ва вилоят ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ушбу эркин иқтисодий зоналарда чет эл инвестиция кредитлари ҳисобидан 41 та истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида уч ярим мингга яқин янги иш ўринлари яратилади.
Замонавий дори-дармон билан бир қаторда, юртимизда ўсадиган шифобахш гиёҳлар ва саноатбоп экинлардан унумли фойдаланиш ҳам муҳим вазифадир. Зеро, юртимиз флораси турли доривор ўсимликларга ниҳоятда бой, заминимизда 500 дан ортиқ турдаги доривор ўсимликлар ўсади. Бугунги кунда уларнинг 100 дан ортиғи ўрганилган. Ҳозирда 150 дан ортиқ фармацевтика корхоналари фаолият юритаётган бўлса, улардан 52 таси доривор ўсимлик хом ашёсини қадоқлашга, 26 таси гален препаратлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Улар томонидан 360 дан ортиқ ўсимлик препаратлари давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шунга қарамай, соҳада ўз ечимини топиши лозим бўлган қатор масалалар мавжуд. Бу вазифаларни ҳал этиш мақсадида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган. Унга кўра, эркин иқтисодий зоналар ва бошқа ҳудудларда дори воситалари учун хом ашё етиштириш мақсадида иқлимий шароитларни, ер участкалари хусусиятларини ва бошқаларни ҳисобга оладиган қулай хариталарни шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида ҳудудлар кесимида етиштириш учун тавсия этиладиган доривор ўсимликларнинг рўйхатини тасдиқлаш борасида иш олиб борилмоқда. Бу вазифани бажариш учун тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Фармацевтика тармоғи учун малакали кадрлар тайёрлаш ва бу йўналишда олиб борилаётган илмийтадқиқот ишларини кучайтириш, фан ва амалиёт интеграциясини ривожлантириш ҳам муҳим масаладир.
Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида мазкур йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Унга кўра, соғлиқни сақлаш учун устувор дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйхатини аниқлаш, фармацевтика тармоғи учун янги технологиялар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ва "Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини танқидий ўрганиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, ўқув-илмий лаборатория ва дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар экспериментал ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш, фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланди.
Илм-фанимиз олдига қўйилган бундай муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш учун бугун жамиятимизда барча шароитлар яратилмоқда. Жамиятнинг турли тармоқлари, жумладан, илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга эътибор кучаймоқда.
2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном берилиши эса илм-фан салоҳиятини янада юксалтириш, фан ва амалиёт уйғунлигини кенгайтириш, янги-янги ғояларни, илмий, интеллектуал салоҳиятни юзага чиқариш йўлида янада муҳим қадам бўлди. 
Бу имконият илм-фан ривожи, юрт равнақи, жамият тараққиётини юксалтиришнинг муҳим пойдевори бўлиши шубҳасиз.
 
Фурқат Санаев,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.

© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz