Ru De En

ПСИХИАТРИЯ ХИЗМАТИ БЎЙИЧА ЭНГ МУҲИМ 6 ЯНГИЛИК

Жорий йилнинг 16 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Мазкур ҳужжат асосида психиатрия хизматини ташкил этиш ва бошқариш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Хусусан, психиатрия муассасалари фаолиятига замонавий механизмларни жорий этиш, шифокор-психиатрлар билан таъминлашни яхшилаш, мазкур соҳада хусусий тиббиётни ривожлантириш, беморларни парваришлаш ва даволаш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш, руҳий ҳолатлар бузилишининг олдини олишга доир аниқ манзилли ва муддатли қатъий чоралар белгиланди.

Хусусий клиникаларга айрим турдаги руҳий касалликларни даволашга рухсат берилди

Қарорга кўра, 2018 йилнинг 1 майидан бошлаб хусусий тиббиёт ташкилотларига руҳий ҳолат бузилиши ва хулқ-атвор бузилиши билан боғлиқ касалликларни ташхислаш, даволаш бўйича аҳолига айрим хизматлар кўрсатишга рухсат берилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган руҳий ҳолат бузилиши билан кечувчи касалликларни ташхислаш ва даволаш бўйича хизматлар рўйхатини тасдиқлади.

Беморларнинг электрон реестри жорий этилади
 
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб диспансер кузатуви остидаги шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлардан иборат ягона электрон реестр юритилади. Мазкур реестр психиатрия соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида тезкор ахборот олиш имконини ҳам беради.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда диспансер кузатуви остида бўлган шахсларнинг ягона электрон реестрини яратиш устида иш олиб бормоқда. Президент қарорида белгиланган ушбу вазифалар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
 
Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари ҳамкорликда ишлайди
 
Ўз жонига қасд қилиш ҳолати замирида руҳий ва хулқ-атвор бузилиши ётади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб ички ишлар органлари ўз жонига қасд қилинган ҳар бир ҳолат тўғрисида психиатрия хизмати муассасаларини зудлик билан хабардор этиши тизими яратилди. 
Ушбу тизим Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда психиатрия муассасаларини ўз жонига қасд қилиш ҳаракатлари тўғрисида мажбурий равишда хабардор этиш тартиби шаклида ишлаб чиқилди. Эндиликда ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ вазиятлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъат мажлисларида муҳокама қилиб борилиши белгиланди.
Ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий мақсади шундаки, бунда ҳар бир вазият таҳлилий ўрганилиб, аҳоли ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олди олинади.
 
Меҳнат терапияси орқали даволаш
 
Руҳий ҳолати бузилган шахсларни меҳнатга жалб этиш орқали даволаш уларнинг жамиятга мослашувини осонлаштириши тиббиётда аллақачон ўз исботини топган. Ҳужжатда бундай беморлар, шу жумладан, ногиронларнинг меҳнат терапияси, янги касбларга ўқитиш ва ишга жойлаштириш масаласи алоҳида назарда тутилган. Яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги психиатрия муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида даволашишлаб чиқариш корхоналарини тузиш белгиланган.
Шунингдек, қарор билан даволашишлаб чиқариш корхоналарига қатор солиқ имтиёзлари ҳам берилди. Улар 2018 йил 1 июлдан 2023 йил 1 январгача ер солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва мулк солиғидан, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилиниши белгилаб қўйилди.
 
Психиатрия йўналишида қабул квоталари оширилади
 
Аҳолига сифатли психиатрия хизматини кўрсатиш юзасидан кузатилаётган муаммоларнинг асосий сабабларидан бири — малакали кадрлар таъминоти етарли эмаслиги билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, 2018/2019 ўқув йилидан  бошлаб давлат гранти асосида психиатрия йўналиши бўйича магистрларни тайёрлаш юзасидан олий тиббиёт таълим муассасаларига қабул квоталарини қуйидагича ошириш белгиланди:
Тошкент тиббиёт академиясига — 15 нафар, Тошкент педиатрия тиббиёт институтига — 10 нафар, Андижон давлат тиббиёт институтига — 10 нафар, Бухоро давлат тиббиёт институтига — 10 нафар, Самарқанд давлат тиббиёт институтига — 10 нафардан.
Ўз навбатида, ҳужжатда психиатрия йўналиши бўйича клиник ординатурада ўқиш учун ўринлар сони-ни ошириш ҳам кўзда тутилган. Яъни, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали, Андижон давлат тиббиёт институти ва Самарқанд давлат тиббиёт институтида психиатрия йўналиши бўйича клиник ординатурада ўқиш учун ўринлар сони 10 нафаргача оширилади.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Андижон давлат тиббиёт институтларида базавий тиббий маълумотга эга бўлган шифокорлар учун  психиатрия ва суицидология йўналишларида ихтисослашув курслари ташкил қилинади. Курсларда таълим олувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб, уларнинг хизмат сафари харажатлари ҳам қопланади.
Кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ яна бир муҳим янгилик — 2018-2020 йилларда шифокор-психиатрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва хорижнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт муассасаларида малакасини ошириш дастури тасдиқланади.
 
6 Ҳар бир раҳбар шахсан жавобгар
 
Қарорда белгиланган ҳар бир вазифа ўз вақтида сифатли ва тўлиқ бажарилиши учун топшириққа масъул бўлган вазирлик ва идора раҳбарлари шахсан жавобгар эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу чора-тадбирлар дастурлари бажарилишининг бориши ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб борилиши, муҳокамалар якуни бўйича топширилган вазифаларнинг муддатлари бузилиши ва бажарилиши узилиб қолишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилиши белгиланди.
 
 
Психиатрия хизматини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари
  •  психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини самарали бошқариш механизмини жорий этиш;
  •  мамлакатимиздаги ҳар бир аҳоли пунктида аҳолининг барча тоифалари, айниқса, болалар ва ўсмирларни сифатли ва қулай психиатрия ёрдами билан таъминлаш, шунингдек, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш
  • учун дори воситаларига сарфланадиган харажатларнинг ягона мажбурий нормативларини белгилаш;
  •  соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, психиатрия муассасаларининг врач-психиатрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда, шу жумладан, хорижнинг етакчи клиникалари ва тиббиёт ташкилотларида ошириб бориш;
  • Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизмати муассасаларининг айрим функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш, аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун инвестициялар жалб қилиш;
  • ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга туну кун шошилинч ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, шу жумладан, ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш;
  • психиатрия соҳасида инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини амалий фаолиятга кенг жорий этиш;
  • аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимининг самарали фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш, психиатирия муассасалари ва бўлинмаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш.
 
Улуғбек Алимов,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри.

 


© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz