Ru De En

ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Бу йил она Ватанимиз истиқлолининг 27 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг тантана қилинмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Истиқлолимизнинг бу йилги байрам шодиёналари Президентимиз ташаббуси билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида нишонланаётгани жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, баҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик, бунёдкорлик, яратувчилик руҳини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳа, бугун Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари тобора чуқурлашмоқда.  Инсон ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимояси, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, замонавий шароитлардан ҳар бир инсоннинг тўлиқ баҳраманд бўлишига эришиш ислоҳотларнинг бош мақсадида айланди.

Инсон омилига йўналтирилган бундай муҳим чора-тадбирларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун жамиятнинг бошқа соҳалари каби тиббий-ижтимоий соҳадаги ишларни ҳам янги босқичга олиб чиқиш долзарб вазифага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида  бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, охирги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича 104 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга йўналтирилган давлат бюджети маблағлари йилдан-йилга кўпаймоқда. Жорий йилда бу мақсадларга 9,6 трлн. сўм йўналтирилди, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,4 баробар кўпдир.

Шунинг билан бир қаторда, тиббиётнинг барча бўғинларида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Энг аввало, соҳада бошқарув ва ташкилий ишлар такомиллаштирилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятида иш юритиш ва бошқарувнинг замонавий тамойиллари жорий этилди.

Қолаверса, тиббиётнинг барча бўғинида замон талабига мос келмайдиган иш юритиш усулларидан воз кечилиб, аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб янгича тизим жорий этилди. Бу жараёнда, энг аввало, одамларга яқин бўлган ва аҳоли тез-тез мурожаат қиладиган бирламчи тиббий-санитария бўғини фаолиятига янгича мезонлар жорий этилганини эътироф этиш жоиз. Бунинг натижасида самарасиз ишлаётган ҚВПлар тугатилиб, уларнинг ўрнида 793 та қишлоқ оилавий   поликлиникалари ташкил этилди. ҚОПлар қошида тез ёрдам шахобчалари очилди. Эндиликда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалият врачи билан бирга терапевт, педиатр, стоматолог, гинеколог, УТТ шифокори  аҳолига хизмат кўрсатмоқда.     

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Малакали кадрлар – ислоҳотлар таянчи

Маълумки, аҳолига замонавий тиббий ёрдамни тўлақонли ташкил этишда малакали мутахассисларнинг ўрни катта. Сир эмас, тиббиётнинг турли бўғинлари, айниқса, бирламчи тизимда врачлар етишмовчилиги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир этмоқда. Бу муаммоларнинг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида мана икки йилдирки, тиббий олий ўқув юртларига ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб квота бериш амалиёти қўлланилмоқда. Жорий йилда тиббий олий таълим муассасаларидаги бакалавриат йўналишига қабул квотаси 27,5 фоиз, магистратурага 28 фоиз, клиник ординатурага 15 фоизга оширилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 сентябрда қабул қилинган “Тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, мақсадли тайёрланган тиббиёт кадрлари 3 йилдан 10 йилгача ҳудудларда ишлаб бериши лозим.     

Ўтган йили бу борада муайян чора-тадбирлар амалга оширилди. Яъни, тиббий олий ўқув юртлари бакалавриатура йўналиши 7-босқич талабаларидан 1811 нафари умумий амалиёт врачи, 901 нафар клиник ординатура битирувчилари ишга жойлаштирилди. Натижада тиббиёт муассасаларининг кадрларга эҳтиёжи маълум даражада қопланди. Бу чора-тадбирлар тиббиёт соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш, тиббий-профилактика ишларини ривожлантиришда ўз самараларини беришига ишончимиз комил.

Шошилинч тиббий ёрдам:тезкор, сифатли, самарадор

Соғлиқни сақлаш тизимида яна бир муҳим соҳа – тез ёрдам хизматидир. Ўтган йили бу соҳа учун 1232 та махсус автомашиналар харид қилиниб, жойларга етказилди. Тез тиббий ёрдам хизматининг дори билан таъминланиши  3 баробарга кўпайди. Шошилинч вазиятларда аҳолига тиббий ёрдамни тез ва самарали ташкил этиш шифокорлардан билим, маҳорат, тажриба талаб этади. Операцияларнинг муваффақиятли чиқишида замонавий шароитлар билан бир қаторда жаҳон тиббиётида қўлланилаётган янгича операция услубларини мукаммал эглаллашнинг ҳам аҳамияти чексиз.

Шу мақсадда РШТЁИМнинг ҳудудий филиалларида ўндан зиёд  маҳорат дарслари ташкил этилди. Бу жараёнда назарий билимларни ошириш билан бир қаторда тўқсонга яқин жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилди, беш юзга яқин беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шошилинч тиббий ёрдам хизматига жаҳон тиббиётининг ютуқларини кенг жорий этиш мақсадида Россия, Туркия ва бошқа тиббиёти тараққий этган давлатларнинг нуфузли илм-фан марказлари билан алоқалар кенгайтирилмоқда. Бунинг натижасида тиббиёт амалиётига буйрак  ва жигар кўчириб ўтказишдек ноёб операциялар татбиқ этилди.

Ихтисослашган тиббий ёрдам:марказдан ҳудудларга

Тиббиёт тизимида устуворлик касб этувчи муҳим йўналишлардан яна бир ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидир. Яқин-яқингача бу соҳада малакали тиббий ёрдам олиш учун пойтахтдаги тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга тўғри келар, бу аҳоли ўртасида тиббий хизматга эътироз келтириб чиқараётгани барча аён ҳақиқатдир.

Кейинги 2-3 йил мобайнида бу борада жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида ихтисослашган тиббиёт марказлари тармоғи кенгаймоқда. Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 15 тага етди. Айни кунларда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳудудларда ҳам филиалларини ташкил этиш чоралари кўрилаётир. Бундан ташқари, ихтисослашган марказлар олимларининг вилоят ва туманларга мунтазам равишда чиқишлари ташкил этилиб, бу жараёнда бир қатор тиббий-ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг беш ойи мобайнида Тошкентдан борган олимлар иштирокида ҳудудларда олти юзга яқин маҳорат дарслари ташкил этилди, эллик олти мингдан зиёд аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар иштирокида ўтказилган бир ярим мингдан зиёд операцияларнинг олти юзга яқини юқори технологияли операциялардир. Албатта, бу чора-тадбирлар халқимизнинг узоғини яқин, машаққатини енгил қилиш, узоққа шифо излаб бормай, ўзи яшаётган ҳудудда соғлиғини тиклашига замин яратмоқда. 

Соғлом она – соғлом бола

Она ва бола саломатлигини асрашга доир тиббий-ижтимоий лойиҳалар қамрови ҳам кенгайиб боряпти. Она-бола скрининг хизмати ютуқларини бирламчи бўғинда жорий этиш мақсадида туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларда пренатал ташхис хоналари ташкил этилди. Ушбу тиббиёт муассасаларини замонавий скрининг аппаратлари билан жиҳозлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда, ҳудудий скрининг муассасаларининг моддий-техника базасини янада яхшилаш чоралари кўрилаётир. Хусусан, туман ва шаҳар поликлиникаларини 200 та УЗИ-сканер аппарати билан жиҳозлаш бўйича тендер савдолари ўтказилмоқда.

Нукус, Бухоро, Самарқанд, Фарғона “Она ва бола скринингги” марказларини замонавий диагностика ускуналари, цитогенетик текшириш ўтказиш учун рақамли микроскоп, лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари кўрилаётир. Самарқанд Фарғона, Андижон, Термиз, Нукус, Бухоро “Она ва бола скринингги” марказларини неонатал ва пренатал текширув ўтказишда ишлатиладиган тиббий жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, туғруқ ёшдаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, болаларни юқумли касалликларга қарши эмлашга оид дастурлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ишлар она ва бола саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олишда муҳим самаралар бермоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Дори-дармон таъминоти яхшиланяпти

Айтиш керакки, аҳоли саломатлигини асраш кенг қамровли масала бўлиб, бу борада кўзланган натижага эришиш учун тиббиёт ютуқлари билан бирга аҳолининг дори-дармон таъминоти ҳам муҳим омил саналади. Шу мақсадда тиббиёт билан бир қаторда фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори-дармон таъминотини яхшилашга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда.  Бугунги кунда мамлакатимизда 150 та фармацевтика корхоналари фаолият юритяпти. Улардан 123 таси маҳаллий, 21 таси қўшма, 6 таси чет эл корхоналаридир.

Давлатимиз томонидан ушбу соҳа ривожи учун  кенг имкониятлар яратилаётгани туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи кенгаймоқда, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сони кўпайиб боряпти. Яъни, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 2000 йилда уч юз турда дори воситалари ишлаб чиқарган бўлса, 2017 йилга келиб бу кўрсаткич саккиз баробарга ошиб, 2276 тага етди. Фармацевтика соҳасидаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тармоғини янада кенгайтиришдир. Шу мақсадда қиймати 400 миллион АҚШ долларлик етмиш битта инвестиция лойиҳалари асосида бир қатор янги фармацевтика корхоналарини ташкил этилиши режалаштирилган.

Фармацевтика корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқарилаётган ушбу замонавий дори-дармонни аҳолига етказиб бериш ҳам муҳим вазифа. Аҳолининг бу эҳтиёжини қондириш мақсадида ҚВПлар, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва бошқа бирламчи тиббиёт муассасалари қошида ижтимоий дорихоналар ташкил этилмоқда. Айни пайтда жойларда 2135 та шундай дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йил охиригача яна тўқсонга яқин шундай дорихоналар ташкил этилиши режалаштирилган. Олис, тоғли ҳудудларда яшайдиган аҳолига бу борада қулайлик яратиш мақсадида кўчма ижтимоий дорихоналар ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда 13 та “Исузи”, 100 та “Damas” машиналарида шундай кўчма дорихоналар ташкил этилиб, улар чекка ва олис ҳудудларда яшайдиган аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Хусусий тиббиёт ривожланмоқда

Маълумки, аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжи ва талабини тўлиқ қондириш учун соҳада рақобат муҳитини кучайтириш, илм-фан ва технологияларнинг ютуқларини соҳага кенг татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда хусусий тиббиёт ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор бу борада ечимини кутаётган вазифалар ижроси йўлида муҳим қадам бўлмоқда. Айтиш жоизки, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг ўнга яқини айнан ушбу соҳага тааллуқли бўлиб, ушбу ҳужжатлар асосида хусусий тиббиёт ривожи учун янги уфқлар очилди.

Жумладан, тиббий фаолиятга лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи камайди. Хусусий тиббиёт ташкилотлари шуғулланиши мумкин бўлган ихтисосликлар 50 тадан 126 тага кўпайди. Ушбу йўналишда фаолият юритувчи тадбиркорларга бир қатор солиқ ва молиявий имтиёзлар берилди. Бунинг натижасида хусусий клиникалар сони ошиб боряпти. Бу аҳолига юқори технологиялар воситасида тиббий диагностика ва даволаш ёрдамини кўрсатишга замин яратмоқда.

Шунингдек, аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама-қўллаб қувватлаш, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, илм-фан ва технологияларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган муҳим чора- тадбирлар тиббиётимизни равнақ эттириш ва халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим самаралар бераётир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Янгиланаётган шифохоналар

Ҳаёт давом этар экан, тиббий ёрдамга эҳтиёж ҳам ошиб бораверади. Аҳолининг бу эҳтиёжини қондириш учун яратилаётган шароитлар ва имкониятларни доимий кенгайтириб бориш, тиббиётга ажратилаётган сармояни муттасил ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда кейинги йилларда бу борадаги вазифаларни талаб даражасида ташкил этишга қаратилаётган эътибор инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётир.

Хусусан, 2018 йилда 360 та тиббий-ижтимоий муассасаларда қурилиш-реконструкция ишлари бажарилаётир. 2017 йилда эса 181 та иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган эди.

Ўтган 2016-2017 йилларда элликка яқин туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, 11 та руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 64 та поликлиникалар, 29 та бошқа турдаги шифохоналарда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, 152 та муассаса фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастури доирасида туманларда жойлашган 175 та тиббиёт муассасалари модернизация қилиняпти. “Обод маҳалла” дастурига ҳам 57 та тиббиёт муассасалари киритилиб, уларда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун 71,4 миллиард сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Албатта, бу ишларнинг барчаси халқимиз, келажак авлодларимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Илм-фан ва тараққиёт

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш тиббиётнинг турли йўналишларига оид илмий тадқиқотларни янада ривожлантиришни, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни талаб этади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритаётган илм-фан муассасалари бу борада қатор илмий лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига оид 64 та патент, 40 дан ортиқ ЭҲМ дастурларга сертификат олинди. Ихтироларнинг салмоқли қисми янги жарроҳлик усуллари, бу йўналишда қўлланиладиган мослама ва асбоб-ускуналар яратишга бағишланган. Шунингдек, касалликларни прогнозлаш ва ташхислаш бўйича янги усуллар ҳам яратилди.  

  Аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳимояси ҳам доимий эътиборда бўлиб, кейинги йилларда бу йўналишда бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар изчиллик билан ижро этилиши натижасида тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий муҳофазалаш, саломатлигини асрашда алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамиятимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, улар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 мартдаги қарори асосида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Бу жамғарма маблағлари ногиронлиги бўлган шахсларга кўмак бериш, инклюзив таълимни ривожлантириш, реабилитация сифатини ошириш ва бошқа тиббий-ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилмоқда.

Бундай хайрли ишлар изчиллик билан давом этмоқда. Ишонамизки, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган бундай муҳим тиббий-ижтимоий лойиҳалар Давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари олдига қўйилган муҳим вазифа – тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш орқали халқ ишончини қозониш, элнинг розилигини олиш, аҳолининг тиббий хизматга ишончини ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.  

                                                                           Фурқат Санаев,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш
вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи.

 


© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz