Ru De En

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУНОСИБ ҲИМОЯЛАШ ШИФОКОРЛАРНИНГ БОШ МАҚСАДИДИР

Сўнгги йилларда барча жабҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимидаги улкан ислоҳотлар соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Муҳими, ушбу ўзгаришлар халқимиз ҳаётида акс этиши, уларда шукроналик кайфиятининг кучайишига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Агар аҳоли саломатлиги муносиб ҳимояланса, жамиятда соғлом турмуш тарзи барқарор бўлса, бу тиббиёт вакилларининг энг катта ютуғидир.

              Муносиб эътибор – улкан ўзгаришлар асоси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлашга оид юздан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўламини кўрсатиб турибди. Уларда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётир. Чунончи, кўп тармоқли, ихтисослашган, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларини бунёд этиш, замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар билан таъминлаш, билимли ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилиб, соҳа тараққиётига катта-катта маблағлар ажратилиб, инвестициялар жалб этилаяпти.

– Эътиборли томони, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. – Жорий йилда соҳага 9,6 триллион сўм йўналтирилиши белгиланган бўлиб, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,4 баробар кўп. Бу каби соғлиқни сақлашни тизимли равишда молиялаштириш нафақат бугунги кун, балки келажак учун ҳам бебаҳо инвестициядир.

Ушбу кўрсатилаётган эътибор соҳа тараққиётида муҳим аҳамият касб этаяпти. Бунда, энг аввало, бошқарув ва ташкилий ишлар такомиллаштирилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятида иш юритиш ва бошқарувнинг замонавий тамойиллари жорий этилди. Қолаверса, бирламчи тиббий-санитария бўғини фаолияти давр талабига мослаштирилди. Самарасиз ишлаётган қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилиб, улар қошида тез ёрдам шохобчалари очилди. Ушбу поликлиникаларда умумий амалиёт врачи билан бирга, терапевт, педиатр, стоматолог, гинеколог врачлар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Она ва бола саломатлиги – эзгу мақсад

Шунингдек, бирламчи тиббий ёрдам тизимида ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, қиз болалар ва ўсмир қизларга юқори технологик, ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий инфраструктурасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда республика, ҳудудий ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарларда «Қизлар саломатлиги марказлари», кўп тармоқли марказий поликлиникалар негизида эса «Аёллар маслаҳатхоналари», шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ишонч телефони» (1003) таркибида кун-у тун фаолият кўрсатувчи «Тезкор алоқа» тармоғи фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур қизлар саломатлиги марказлари қиз болалар ва ўсмир қизларга махсус тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар гинекологияси бўйича юқори технологияларга асосланган ўқув, илмий ва моддий-техника базасини шакллантиришга йўналтирилган. Бундан ташқари, тўпланган тажрибани республика соҳавий муассасаларига етказиш, шунингдек, болалар гинекологияси соҳасида  диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича юқори технологияларга асосланган, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам бериш борасида ҳам фаолият олиб боради. Аёллар маслаҳатхоналарининг асосий мақсади эса ҳомиладорликка қадар, ҳомиладорлик ҳамда туғруқдан кейинги даврда малакали акушерлик ва гинекологик амбулатор ёрдам кўрсатишдир. Шунингдек, ушбу маслаҳатхоналар ўзига бириктирилган ҳудуд аҳолисининг репродуктив саломатлигини асраш ҳамда оилани режалаштириш орқали она ва бола саломатлигини ҳам муҳофаза қилади.

Шунингдек, жорий йил 20 сентябрдан 20 октябргача давом этган “Соғлом аёл ойлиги”да ҳам ўсмир қизлар ва фертил ёшдаги аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга эътибор қаратилди. Тиббий кўрикни юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят шифохоналари, республика илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртларидан 110 минг нафардан кўпроқ олимлар, малакали шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалар жалб этилди. Ойлик доирасида саккиз миллион нафар фертиль ёшдаги аёллар ва ўсмир қизлар қамраб олинди.

Тез тиббий ёрдам янада такомиллашади

Яна бир муҳим соҳа – Шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги ўзгаришларни ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида шошилинч тиббий ёрдам хизматига аҳолидан ўн бир миллиондан кўпроқ мурожаат тушди. Уларнинг саккиз ярим миллиондан кўпроғига тез тиббий ёрдам тизими орқали тиббий хизмат кўрсатилди. Уч миллионга яқин бемор стационар ва амбулатор шароитда даволанди.

Бунда тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базаси такомиллашаётгани ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Ўтган йили тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш уч баробарга кўпайди.

Яна бир қувонарли жиҳат, Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ушбу йўналишдаги камчилик ва муаммолар таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш чоралари белгилаб берилди. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси тузилди.

Шунингдек, 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланди. Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази этиб қайта ташкил этилди. Тез тиббий ёрдам хизматини  авиация техникаси билан жиҳозлаш чора-тадбирлари белгиланди.

Бундан ташқари, аҳоли чақирувларини автоматик белгилаш каби муҳим вазифаларни бажариш мақсадида тез тиббий ёрдам бошқармасининг автоматлаштирилган тизимини яратиш, Сall марказларни халқаро андозалар бўйича тўлиқ жиҳозлаш, тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ва шифохонагача бўлган босқичда тиббий ёрдамни такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилангани диққатга сазовор.

Тизимдаги барча йўналишларда шу каби самарали фаолият гувоҳи бўлишимиз мумкин. Дарвоқе, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ҳам йилдан-йилга кенгайиб бораяпти. Ҳозирда неврология ва инсульт йўналиши ҳисобига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Ушбу марказларнинг ҳудудларда филиалларини ташкил этиш чоралари ҳам кўрилаётир. Муҳими, мазкур тиббиёт муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Жорий йилда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 7 та тиббиёт олий ўқув юрти ва уларнинг 4 та филиалини бакалавриат йўналиши бўйича  2000 нафар талаба тугатиб, ишга йўлланма олган бўлса, 4395 нафар йигит-қиз талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

 

Фармацевтика саноатида инвестиция улуши ортмоқда

Маълумки, аҳоли саломатлигини асрашда кўзланган натижага эришиш учун тиббиёт ютуқлари билан бирга, дори-дармон таъминоти ҳам катта роль ўйнайди. Биргина мисол, Президентимизнинг «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва уларнинг айланишини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижалари Ўзбекистонда тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхати тасдиқланди. Бу ҳам бўлса, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Эътиборли томони, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун жорий йилда 914,6 млрд. сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди.

– Ҳозирда мамлакатимизда 150 дан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 га яқин номдаги дори-дармонлар тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланилаяпти,  – дейди Алишер Шадманов. – Бундан ташқари, республикамизда чет эллик инвесторларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар сабабли, йилдан-йилга хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар улуши ортмоқда. Айни пайтда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 млн. АҚШ долларига тенг 9 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунда Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва туркиялик инвесторларнинг ҳиссаси катта бўлаяпти.

Эътиборли жиҳати, фармацевтика саноатига ихтисослашган эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши соҳанинг истиқболдаги тараққиётини белгилашда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналари  рўйхатга олинди. Мазкур эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 1 361,1 млрд. сўмга тенг 30 та лойиҳа амалга оширилади ва 1903 та янги иш ўринлари яратилади.

 

Кадрлар малакаси таълим сифатига боғлиқ

Соҳада таълим сифатига қаратилаётган этибор ҳам таҳсинга лойиқ. Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида икки йилдирки, тиббиёт олий ўқув юртларига ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, квота бериш амалиёти қўлланилмоқда. Соҳа таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишларида ўқиш муддати 7 йилдан 6 йил ва «тиббий профилактика» йўналишида 6 йилдан 5 йил қилиб белгиланди. Шунингдек, ўқув режаларидаги ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 23 фоиздан 7 фоизга қисқартирилиб, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми  55 фоиздан 85 фоизгача оширилгани ҳамда халқаро стандартларга мос янги ўқув режалари ишлаб чиқилгани ҳам таълим бериш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозирда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали шифокорлар билан таъминлашда давлат грантлари асосида бакалавриатура йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари бўйича қабул йўлга қўйилгани ҳам эътиборга лойиқ. Чунончи, 2017 йилда 1180 та, жорий йилда 1548 та квота шакллантирилди. Мақсадли тайёрланаётган кадрлар 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатда тегишли ҳудудларда ишлаб беришади. Бундан ташқари, пенсияга чиққан мутахассисларимиз малакасини ошириб, ишга жалб этилиши, хориждаги мутахассисларимизнинг юртимизга қайтиб, фаолият юритаётгани, юқорида айтиб ўтганимиздек, жорий йилда ўқув йилининг қисқариши эвазига иккита курснинг ўқишни тамомлаши каби омиллар ҳам соҳадаги кадрлар етишмовчилигини бартараф этишда қўл келаётир.

– Ушбу чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди. Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади, – деди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.

Тиббий олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам вазирлик диққат-марказида бўлиб келаяпти. Жумладан, 7 та тиббиёт олийгоҳи объектларига 57,6 млрд. сўм, шунингдек, учта тиббиёт олийгоҳлари клиникаларига 35,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлар жадаллик билан олиб борилаяпти.

 

Профилактикадан соғлом турмуш тарзигача

Яхши билим олган, етук кадрлар эса, шубҳасиз, соғлиқни сақлаш соҳадаги белгилаб олинган келгусидаги улкан мақсадлар ижросида муҳим босқичдир. Ушбу ўзгаришлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ энг яхши замонавий профилактика, касалликлар диагностикаси ва даволаш тажрибаси билан характерланади.

Бунда шифокорларнинг асосий вазифаси, аввало, касалликлар профилактикаси бўлади. Бунинг учун бирламчи тиббий-санитар ёрдам тармоғи оптималлаштирилиб, фаолиятни беморнинг оғриқдан азият чекиб шифокорга мурожаат қилишидан эмас, балки касалликларни эрта босқичда аниқлашдан бошлашга қаратилади. Бу патронаж ва реабилитация ишларини кучайтиришни талаб қилади. Энг кўп тарқалган касалликларни аниқлаш учун оммавий скрининг ривожлантирилади. Шунингдек, «Соғлом овқатланиш» дастурларини амалга ошириш йўли билан нотўғри овқатланишни эрта босқичда аниқлаш ҳамда касалликлар профилактикасига катта эътибор қаратилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Дастур, шунингдек, ортиқча вазндан азият чекувчи кишиларни парҳезли овқатланиш билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади.

Афсуски, кўпчилик шифокорга бориш касалхонада даволаниш билан тугаши кераклигига ўрганиб қолган. Илғор тиббиётга кўра, терапевтик касалликларнинг аксарияти шифохонага жойлашишни талаб қилмайди. Шу боис, беморлар зарур тиббий муолажаларни олиш учун мурожаат қилувчи кундузги стационарлар тармоғи кенгайтирилади.

 

Келажак тиббиёти замонавий технологияларга асосланади

Замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунга кўра, трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу келгусида ҳам давом этади. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг бир неча тиббиёт муассасаларида буйрак кўчириб ўтказиш операциялари бажарилмоқда. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ишга туширилди. Академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказида жигарни кўчириб ўтказиш билан боғлиқ операциялар амалга оширилмоқда. Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида илдиз ҳужайраларини кўчириб ўтказиш йўли орқали қон касалликларини даволаш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Авваллари мамлакатимизда бундай даволаш имкониятларининг йўқлиги туфайли беморлар чет мамлакатларга даволаниш учун боришга мажбур бўлишар, бу эса жуда катта харажатларни талаб қиларди. Эндиликда вазият тубдан ўзгаради, шунингдек, маҳаллий клиникаларда даволаниш ҳамёнбоп нархларда бўлади. Бунинг учун эса олий тиббиёт муассасаларининг клиникалари ривожига, уларда юқори технологияли даволаш усулларининг жорий қилинишига урғу берилиши аҳолини мамнун этиши турган гап. Бу ҳудудий клиникаларда шифокорларни тайёрлаш ва юқори технологияларни татбиқ қилиш учун ҳам шароит яратади. Келгусида мамлакатимизда жарроҳ-роботлар, радиожарроҳлик учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ҳам кўзланмоқда.

– Узоқ муддатли истиқболда минтақалардаги самарасиз фаолият кўрсатаётган шифохоналар фаолияти тўхтатилиб, стационар тиббиёт муассасалари тармоғини оптималлаштиришни режалаштираяпмиз. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига мувофиқ, тиббий хизматларнинг деярли барча жабҳаларини ўз ичига олган йирик замонавий, кўп профилли тиббиёт марказлари ишга туширилади, – дейди Алишер Шадманов. – Фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам кўрсатиш учун транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шифокорлар энг қисқа фурсатларда керакли манзилга етиб бориб, шошилинч ёрдамга муҳтож беморни стационарга етказишлари учун замонавий ва реанимацион автомобиллар, темирйўл транспортида махсус вагонлар ва ҳатто вертолётлар билан таъминланади.

***

Мухтасар айтганда, юртимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда юқори технологияли даволаш усуллари янада ривожланади. Бу эса шифокорларнинг аҳоли саломатлиги йўлида янада самарали фаолият юритишига замин яратади. Тиббиёт ходимлари куни арафасида алоҳида эътироф этиш керакки, сермаҳсул натажаларга эришиб, келгусида тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган улкан мақсадлар сари дадил одимлаётган соғлиқни сақлаш соҳасининг фидойи вакиллари бундан кейин ҳам куч-ғайрат ва фаоллик билан меҳнат қилишларига шубҳа йўқ.

 

Фурқат Санаев,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи.

© Все права защищены 2018г. E-mail: journal@medicalexpress.uz