Ru De En

Янги концепция: тиббиётни ривожлантириш ва аҳоли саломатлигини самарали ҳимоялаш кафолатидир

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, пировардида энг улкан мақсад — одамларни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Ўтган йилда олиб борилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея номланган 2019 йилни ҳам улкан мақсад-у вазифалар билан бошлаб олдик. Муҳими, инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш каби ишлар қатори, соғлиқни сақлаш тизими ҳам янада ривожлантирилади.

Тиббиётимизда янги давр

Юртбошимизнинг ўтган йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш борасида белгилаб берилган кўплаб устувор йўналишлар аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини, улкан мақсадларга эришиш йўлидаги шаштини янада кучайтирди. Мурожаатда барча саъй-ҳаракатларимизнинг асосида тинчлик ва соғлиқ турганига алоҳида эътибор қаратилиб, миллатимиз генафондини сақлашда профликатика ва соғлом турмуш тарзининг ўрни алоҳида эканига урғу берилди. Яъни, касалликларнинг олдини олиш, тизимни молиялаштириш, тиббиётда давлат хусусий шерикчилигига эътибор қаратиш, онкологик касалликлар, шу билан бирга, бошқа турли хавфли касалликлар профилактикасига устувор аҳамият бериш лозимлигини қайд этиб ўтилди. Ушбу устувор вазифалардан аён бўладики, фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашиб, фаол меҳнат қилишимиз талаб этилади.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ушбу Фармон билан тасдиқланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури соҳа ривожида янги даврни бошлаб беради. Ушбу жараён нафақат фуқароларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам катта хайриҳохлик билан кутиб олинди.

Чунончи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб ҳам тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган 7 йиллик ривожлантириш концепциясига юқори баҳо бериб, дунё давлатларининг энг илғор тажрибаларини ўзида уйғунлаштирган ушбу концепция тизимни янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини асраш баробарида, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини ҳам беради, дея эътироф этган эди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Устувор йўналишлар ижроси

Концепцияда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида қўйидаги устувор вазифалар акс этган:

- соғлиқни сақлаш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;

- тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантириш;

- тиббиёт соҳасини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш;

- тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш;

- оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

- хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизмини ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш;

- фармацевика тармоғини жадал ривожлантириш;

- тиббий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака оширишнинг самарали тизимини яратиш, тиббиёт фанини ривожлантириш;

- Электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш.

Кўриниб турибдики, ушбу вазифалар ижросини таъминлаш тиббиёт ходимлари зиммасига улкан масъулият юклайди. Жумладан, 2019 йил 1 апрелдан республикамиз айрим туманларида тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини эксперимент тартибида жорий этилади.

Жорий йил 1 июлдан вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар муассасаларида аралаш молиялаштириш тизимини жорий этиш, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади. Бундан ташқари, айрим даволаш-профилактика муассасаларини ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга берилади. Ўзбекистонда замонавий бошқарув тизими ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” модели шакллантирилади. 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади.

 

Соҳада соғлом рақобат муҳити шакллантирилади

Дарҳақиқат, Концепцияда жуда муҳим йўналишларга эътибор қаратилган. Мисол учун хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш масаласига олайлик. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, аҳолини янада сифатли ва замонавий тиббий хизмат билан қамраб олиш имконини беради.

Шундан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, ўтган йилнинг ўзида 400 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Бундан ташқари, тиббиёти ривожланган хорижий давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштираяпмиз. Айни пайтда пойтахтимизда замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу мажмуа 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Давлат томонидан Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан биргаликда бунёд этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион долларни ташкил этади. Тиббиёт марказининг қурилиши ва жиҳозланиши билан бир қаторда, марказда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги тиббиёт муассасаси 280 ўринга эга бўлиб, клиникада кунига 250 беморни қабул қилиш ва йилига 1500 дан кўпроқ мураккаб ва ноёб операция ўтказиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Кореа Республикаси Миллий тиббий суғурта хизмати ўртасида юртимизда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий қилишда ўзаро ҳамкорлик бўйича шартнома имзолангани ҳам диққатга сазовор.

Шунингдек, яна бир тиббиёти ривожланган, жумладан, онкология йўналишида кўплаб ютуқларга эришган Германия давлати билан ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширишга киришдик. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Мангейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.

Натижада, ўта оғир, мураккаб ва гумонли ҳолатларга ҳам аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имкони юзага келади. Энг муҳими, ушбу замонавий шифохонада германиялик етакчи мутахассис ва олимлар доимий асосда ишлайди. Бундан ташқари, Мангейм университети клиникаси профессорлари томонидан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Шу тариқа мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба тиббиётнинг барча йуналишлари бўйича Германиянинг энг илғор тиббиёт марказида мутахассисларимизни мунтазам тайёрлаш ҳамда малака ошириш тизимига асос солинди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида Германиянинг «Fresenius Vamed» ҳамда «Dautrus Capital” каби нуфузли компаниялари билан амалга оширилиши мўлжалланаётган қатор истиқболли лойиҳаларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жумладан, Ўзбекистон-Германия бизнес форуми доирасида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда германиялик ҳамкорлар билан пойтахтимиздаги Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди. Лойиҳага 100 миллион евро миқдоридаги инвестиция жалб этилади. Қувонарлиси, кейинчалик вилоятларда ҳам немис технологияси асосида ишлайдиган шундай кўп тармоқли клиникалар очилиши режалаштирилган.

 

Бирламчи тиббий хизмат ривожлантирилади

Концепцияда яна бир соҳа – бирламчи тиббий профилактика хизматини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият берилади. Унга мувофиқ, тиббий профилактика ва касалликларни эрта аниқлаш ишлари янги босқичга кўтарилади. Бундан ташқари, даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг татбиқ этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларидаги жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини мамлакатимиз тиббиётига жорий этишга асосий эътибор қаратилади.

Бу борада жаҳон тиббиётининг илғор услубларидан самарали фойдаланилаётир. Хусусан, юртимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишга ихтисослаштирилган қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари, шаҳар оилавий поликлиникалари, туман ва шаҳар марказларида кўп тармоқли марказий поликлиникалар ташкил этилиб, улар фаолияти замон талаби ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Ушбу тизимда малакали шифокорлар билан бир қаторда, 80 минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари эл саломатлиги йўлида меҳнат қиляпти.

Шу билан бирга, бу йўналишда аҳолига энг яқин бўғин — патронаж хизмати йўлга қўйилиб, унинг мақоми, мақсади ва вазифаси аниқ белгиланди. Айтиш жоизки, бирламчи тиббий-санитария бўғинида ишлаётган ўрта тиббиёт ходимларининг 26 минг нафардан кўпроғи айнан патронаж ҳамширалардир. Кейинги йилларда патронаж хизматини ривожлантириш, бу йўналишда фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимларининг малака ва маҳоратини ошириш, патронаж ҳамшираларни иш жараёнида зарур бўладиган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга йўналтирилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Патронаж ишларини юритишда давлат, жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Маҳаллаларда “Саломатлик мактаблари” фаолият юритяпти.

Шу ўринда патронаж ишларининг уч босқичда амалга оширилаётганини таъкидлашни истардим. Бунда аҳолининг ҳар олти ойда хатловдан ўтказиш, хонадонларда мақсадли патронаж тадбирларини ташкил этиш орқали касалликларнинг олдини олиш,  ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад этиб белгиланган.

 

Соғлиқни сақлаш соҳасига 12,1 триллион сўм

Ўтган йил ислоҳотларга бой йил бўлди. Натижада, кўплаб соҳаларда улкан ижобий ўзгаришлар бўлди. Бу эса юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.

2019 йилда ҳам ислоҳотлар жараёни давом этади. Йил номига монанд инвестицияларни фаол жалб этиш ҳамда ижтимоий ривожланишга урғу берилади. Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ҳам ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи Давлат дастурда 5 та асосий йўналишлар: давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш; қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш; иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш; ижтимоий ривожланиш ҳамда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек ташқи сиёсат йўналишлари қамраб олинган.

Давлат дастурида ижтимоий соҳа, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб вазифалар белгиланган. Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига жами 12,1 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп демакдир. Шундан дори воситалари ва тиббий буюмлар харидлари харажатларига 1 триллион  сўм ажратилгани диққатга сазовор. Бу аҳоли саломатлигини асраш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улкан марралар сари

Шу ўринда жорий йилга Давлат дастурига кўра соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича амалга оширилиши режалаштирилган энг муҳим вазифалар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсак.

Хусусан, жорий йилда Давлат дастури доирасида 231 та тиббиёт объектида, жумладан, 13 та республика, 44 та вилоят тасарруфидаги муассасалар, 59 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, 99 та қишлоқ, шаҳар оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари, 16 та бошқа тиббиёт муассасаларида 972,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 27 та янги объект қуриш, 176 та объектни реконструкция ҳамда 28 та объектда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, мамлакатимизда инвестиция дастурлари доирасида шифохоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳага янги технологияларни татбиқ этиш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда Давлат тиббиёт муассасалари фаолияти ва  уларнинг натижадорлик кўрсаткичларини баҳолашнинг рейтинг тизимини жорий этилади.

Айни пайтда мазкур мазкур рейтинг баҳолаш тизимининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими йўлга қўйилиши белгиланган.

Ҳар йил якунига кўра, мазкур рейтингни оммавий ахборот воситалари ва вазирлик сайтида эълон қилиб бориш, баҳолашни муассаса фаолиятининг якуний натижалари ва ўлчанадиган кўрсаткичлари асосида ўтказиш ҳамда бирламчи тиббиёт муассасаларида профилактика билан боғлиқ кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилади.

Рейтинг натижасига кўра, энг юқори баҳоланган муассасалар раҳбарлари ва ходимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш, паст баҳо олганларга меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий жазо чораларини қўллаш назарда тутилган.

Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, Тез тиббий ёрдам хизмати учун жаҳон талабларига мос бўлган, ҳаракатланиш давомида беморга реанимацион тиббий ёрдам кўрсатиш имконини берадиган 75 та реанимобиллар ва ҳаракатланиши қийин йўллардан юра оладиган 50 та махсус тез тиббий ёрдам автомашиналари сотиб олинади. Шошилинч ёрдам хизматини янги босқичга кўтариш мақсадида авиация техникаси билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтириш ҳам диққат марказимизда. Режада узоқ қишлоқ ва овулларда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга мунтазам равишда тиббий ижтимоий ёрдам кўрсатувчи тиббий ва ижтимоий ходимлар, «Қизил ярим ой» жамияти ходимлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, Ёшлар иттифоқи вакилларидан иборат «Мобиль ижтимоий гуруҳлар» фаолиятини ташкил этиш назарда тутилади.

Халқ генофондини сақлаш учун ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рационини янада яхшилаш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда Мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби вазифалар ҳам жорий йилда амалга оширилади.

***

Кўриниб турибдики, Концепция ва Давлат дастурида дунё стандартидаги замонавий тиббиётни, жумладан, соҳадаги энг сўнгги технологиялар ва илм-фанни юртимизда татбиқ этиш орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш баробарида, тизимли профилактика билан ҳалқимизни қамраб олиш ҳамда кўмакка эҳтиёжи бор фуқароларга сифатли тиббий ёрдам беришгача бўлган кенг қамровли жараён жорий йил давомидаги саъй-ҳаракатларимиз асоси бўлиб қолади. Фаолиятимиз самараси эса, шубҳасиз, халқимиз баҳосида намоён бўлади.

 

Алишер Шадманов,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири.

 


© Все права защищены 2019г. E-mail: journal@medicalexpress.uz