Ru De En

ЯНГИЧА ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ, ЗАМОНАВИЙ ТАШХИС ВА ИННОВАЦИОН ЛОЙИҲАЛАР

Сўнгги йиллар мобайнида юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси, хусусан педиатрия йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Соҳа олдига долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қўйилди. Шу билан биргаликда, зарур шарт-шароитлар ҳам ҳозирланмоқда. Жумладан, сўнгги уч йил давомида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шу жумладан, реанимобил, МСКТ, замонавий эндоскопик кам инвазив ташхислаш ва хирургик ускуналар, рақамли рентген ва “Premium” классли УТТ аппаратлари, биокимёвий ва иммунофермент автоматик модулли анализаторлар, наслий касалликларни тўлиқгеном таҳлил қилиш учун микрочип сканери, РНК/ДНК ва протеинларни биоанализатори ва бошқалар олиб келиниб ўрнатилди. Ушбу замонавий ускуналар ёрдамида марказ фаолиятида юқори технологик ташхислаш ва даволаш усуллари жумладан, мураккаб операциялар янада кенгроқ амалиётга татбиқ этилди.

Айни пайтда, марказнинг замонавий андозалар даражасида барпо этилган маслаҳат-ташхис поликлиникаси ва даволаш бўлимлари замонавий диагностика ва даволаш технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда неонатология ва педиатриянинг устувор йўналишлари бўйича юқори технологик, замонавий ташхислаш ва даволаш усуллари қўлланилиб, болаларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, шунингдек қулоқ, томоқ, бурундаги реконструктив ва пластик операциялар, қон томир  реконструктив операциялари, рентгенэндоваскуляр операциялари, ўпка ва бронхларда мураккаб операциялар, жигар, ўт йўллари, панкреатодуоденал сохасидаги мураккаб, замонавий операциялар, портал гипертензияда ва ошқозон-ичак, сийдик йўлларидаги реконструктив операциялар бажарилиб келинмоқда.

Тиббиётнинг кундан-кунга ривожланиб бориши натижасида яна бир муҳим ютуқ – соғлом туғилиш кўрсаткичлари ортди. Бугунги кунда жаҳон тиббиётида беш юз грамм туғилган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашиш имконияти юзага келган. Ушбу йўналишда қўлланиладиган илғор технологиялардан мамлакатимиз тиббиётида ҳам самарали фойдаланилмоқда.

Педиатрияда хирургик амалиётини бажаришда кам инвазивли усулларнинг қўлланилиши бемор болаларни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамиятга эга. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг ушбу йўналишда қўлланиладиган замонавий аппаратлар билан жиҳозлангани ва янги даволаш усулларининг ўзлаштирилаётгани касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Марказда жаҳон тиббиётининг янги даволаш услубларини ўзлаштириш юзасидан кенг қамровли илмий-амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Бунинг натижасида эшитиш аъзоларида функционал бузилишлари бўлган болаларнинг эшитиш қобилиятини тиклашда дунё миқёсида кенг қўлланилаётган кохлеар имплантация амалиёти узоқ йиллардан буён муваффақиятли бажарилиб келинмоқда ва марказ мутахассислари томонидан ўтган вақт мобайнида 500 нафардан ортиқ болада ана шундай амалиётлар ўтказилди. Маълумот учун айтиш жоизки, кохлеар имплантация операцияси болалардаги туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги хасталигини самарали даволайди ва уларнинг соғлом болалар қатори ўсиб-улғайишига имкон яратади. Айни пайтда имплантация қилинган болаларни мониторинг қилиш натижалари 96 фоизда ижобий натижа олинганини кўрсатди,  яъни уларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлаган. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олишмоқда.

         Марказда, шунингдек, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш, “Соғлом она – соғлом бола” концепциясини амалга ошириш, республика миқёсида ёш авлодга юқори даражадаги ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида катта ишлар бажарилмоқда. Республика  ҳудудлардаги 13 та болалар кўп тармоқлли тиббиёт марказларида фаолият кўрсатиб келаётган  гастроэнтерология, аллергология, гепатология, кардиоревматология, клиник-диагностик лаборатория, ЛОР аъзоларининг даволаш, неврология, неонатология, маслаҳат поликлиникаси ва қабул, эрта ёшдаги болалар патологияси, пульмонология, болалар ва неонатал хирургияси каби бўлимларида болаларни сифатли ва юқори технологик тиббий         ёрдамни олиш имконига эришишида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг ташаббуси муҳим аҳамият касб этади.  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

      Марказда болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, янги туғилган чақалоқлар ва муддатидан олдин дунёга келган болалар касалликларига ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация ва касалликларни башорат қилиш, кичик ёшли болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг халқаро мезонлар асосида ривожланаётганини баҳолаш, болаларда нафас олиш ва ҳазм қилиш аъзоларининг сурункали ва ўткир касалликларини даволаш усулларини такомиллаштириш сингари қатор йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Мазкур изланишлар самараси ўлароқ,  полиорган етишмовчилиги бўлган чақалоқларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мезонлари, чақалоқлик даврида респиратор дистресс синдромда эрта ёшдаги болаларда ўпка бронх дисплазияси ривожланишини  башоратлаш,  болаларда бронхиал астмани замонавий ташхислаш, даволаш ва олдини олиш усуллари,  болаларда шифохонадан ташқари зотилжамни чўзилувчан кечишини ташхислаш мезонлари, болаларда юрак қон томир касалликларини ривожланиш омиллари ва башоратлаш  мезонлари,  сурункали В гепатити билан касалланган болаларнинг тиббий-психологик реабилитацияси, сурункали вирусли жигар патологияси билан оғриган болаларда рефрактер анемиялар: диагностик ва прогностик имкониятлари, болаларда ингичка ичак энзимопатиясига ташхис қўйиш ва уни даволаш услублари, овқат аллергиясининг гастроинтестинал формалари, ташхиси, даволаш каби ва бошқа ишланмалар республика миқёсида амалиётга татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, целиакия касалигини даволаш йўллари, болаларда антибиотик ассоциирланган диареялар, кардиомиопатияларни шаклланиш ва ташхислашни клиник-функционал мезонлари,  республикамизнинг  даволаш-профилактика муассасаларидаги клиник-диагностика лабораторияларида амалга ошириладиган текширувлар сифатини ошириш, ташқи ва ички назорат қилиш йўлларини ўрганиш, кам вазн билан туғилган болаларни реабилитация ва муҳофаза қилиш  тамойиллари каби ишланмалар жорий этилмоқда.

Қолаверса, халқаро миқёсда тиббиётнинг мазкур йўналишида тажриба алмашиш, дунё тиббиётида эришилаётган ютуқларни билиш учун ҳам мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилгани таҳсинга лойиқ. Жумладан, марказ Россия Федерацияси, Германия, Англия, Австрия, Франция, Польша, Словакия, Туркия, Украина, Белоруссия, Қозохстон сингари давлатларнинг етакчи университет, институт ва клиникалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. ЖССТ, ЮНИСЕФ сингари халқаро ташкилотлар билан амалга оширилаётган алоқалар замирида ҳам соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда аҳоли соғлигини муҳофаза қилишдек эзгу мақсад мужассам.

Марказда мавжуд имконият ва шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда, дунё амалиётида тан олинган мураккаб амалиётларни ўтказишга муваффақ бўлинмоқда. Жигардан ташқари мезопортал шунтлаш Meso-Rex bypass операцияси, эрта ёшдаги болаларда Гиршпрунг касаллигида ичакни трансанал тушириш операцияси –  De la Torre усули, портал гипертензиядаги қизилўнгач варикоз кенгайган веналарини эндоскопик йўл билан даволаш, йўғон ичак полипларини колоноскопик йўл билан олиб ташлаш, Эндохаренгеал аритеноидхордэктомия, премодиоляр имплант билан Кохлеар имплантация операциялари, Котле бўйича  эндоскопик септопластика, УТД назорати остида тери орқали пункцион нефростома ўтказиш, Росса, Мармар сингари ўта мураккаб ҳамда нозик операциялар ва янгича даволаш усуллари амалга оширилди. Бундай амалиётлар тиббиётимиз ривожидан далолат бериши билан бирга, болажонларга табассум ҳадя қилиши билан ҳам қимматлидир.

Шу билан биргаликда, марказ томонидан ҳудудий тиббиёт муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳам доимий эътибордаги масалалардан биридир. Ўтган йил  давомида марказ мутахассислари томонидан ҳудудларга 352 марта чиқишлар уюштирилиб, маҳаллий шифокорлар учун  270 дан зиёд семинар ва маърузалар ўтказилди. Уларда 6000 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари қамраб олинди. Шунингдек, сайёр қабуллар давомида мутахассислар томонидан 14485 нафар беморларга тиббий ёрдам кўрсатилиб, 200 та мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Шулардан 90 дан ортиғи юқори технологик операциялардир.

 

Абдуманноп Абдуқаюмов,
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт
маркази бош врачи

 


© Все права защищены 2019г. E-mail: journal@medicalexpress.uz