Ru De En

ТИББИЙ ХИЗМАТ САМАРАДОРЛИГИ ВА СИФАТИГА БАҲО БЕРИШ МЕЗОНЛАРИ БУТУНЛАЙ ЎЗГАРДИ

Ҳар тонгни шукроналик билан қаршилаймиз. Негаки, турмушимиз фаровон, мамлакатимиз тараққиёти илдам. Юртдошларимиз ўй-хаёли ширин ташвишлар билан банд, қалби яратувчанлик ишқи билан лиммо-лим. Бу, шубҳасиз, ҳурлик, имконият ва ёрқин келажак ҳадя этган Мустақиллигимиз шарофатидир. Хабарингиз бор, жорий йил 8 июлда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами улуғланиб, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган эзгу ғояни мужассамлаштирган ҳолда маданий-маърифий тадбирларниташкил этиш мақсад қилиб олинган.

Истиқлол берган имкон

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

         Ушбу жараён соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам жадаллик билан кечаётир. Тиббиёти ривожланган давлатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Айниқса, сўнгги икки-уч йилда тиббий хизматни янада юксалтиришга дахлдор хайрли ташаббуслар соғлиқни сақлаш истиқболини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долрзарб масалалар, тиббиёт муассасалари фаолиятига оид тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш вазифасини қатъий қўйдилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунга келиб тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатига баҳо беришда мезонлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинганда, статистик маълумотлар эмас, халқимиз фаолиятимизга қандай баҳо бераётгани, аҳоли давлат томонидан яратилган замонавий тиббий хизматлардан нечоғлик баҳраманд бўлаётганига асосий урғу берилмоқда. Табиийки, бу тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб юқори тузилмаларгача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда.

Натижада тез фурсатда бутун бошли тизимда кескин жонланиш бўй кўрсата бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, пировардида энг улкан мақсад — одамларни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида урғу берилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шиддатли ислоҳотлар палласи

Шу ўринда соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, кейинги икки-уч йил ичида бу йўналишда 150 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашмоқда. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узаймоқда. Оналар, болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Эътиборли жиҳати, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Жорий йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди, бу ўтган йилдагига қараганда 1,3 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш яхшиланаяпти. Жорий йилда 231 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 972 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик – 3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди.

Соҳа тараққиётида янги давр

Қайд этиш керакка, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.   Фармон билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида муҳим вазифалар белгиланди.

Жумладан, соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув тизими ва ҳудудларда “кластер” моделини шакллантириш, молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизми ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш, фармацевика тармоғи, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тиббиёт фанини ривожлантириш ҳамда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар акс этган концепция ижросини таъминлаш барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди

Аслида ҳам жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этиш учун соҳада бошқарувни халқаро андозалар талаблари даражасига олиб чиқиш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Бугун тиббиёт тизимида қўлланилаётган молиялаштиришнинг смета усулида тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинмоқда. Бу тиббий хизмат сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Эндиликда тиббиёт муассасаларида “ҳар бир даволанган ҳолат учун” тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш чоралари кўрилаяпти.

Концепцияга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан айрим туманлардаги тиббиёт муассасаларида жаҳон тиббиётидаги энг илғор амалиётлардан бўлган киши бошига молиялаштириш бўйича тажриба-синов ишлари бошланди. Ушбу эксперимент чуқур таҳлил этилиб, ижобий натижалар 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш механизмларини қўллаш, айрим даволаш-профилактика муассасаларини инвесторларга ишончли бошқарувга бериш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, 2021 йил 1 январдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич татбиқ қилиш каби вазифалар соҳа ривожида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Хусусий тиббиётни ривожлантириш ҳам бугунги тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилиб, кўрилган чоралар туфайли 2018 йилда хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 889 тага кўпайиб, умумий сони 4670 дан ошди. Биргина мисол. Айни пайтда пойтахтимизда замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу мажмуа 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Давлат томонидан Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан биргаликда бунёд этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион долларни ташкил этади. Яна бир тиббиёти ривожланган, жумладан, онкология йўналишида кўплаб ютуқларга эришган Германия давлати билан ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширишга киришилди.

Келгусида бу тармоқни янада ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш алоҳида эътиборда бўлади. Бундан ташқари, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий ҳам режалаштирилган бўлиб, электрон тиббиёт картаси, электрон касаллик тарихи ва телемедицина каби йўналишлар уч босқичда амалга оширилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бирламчи тиббиёт – муҳим йўналиш

Ислоҳотлар жараёнида тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сабаби, бугунги кунда қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда шаҳар оилавий поликлиникаси деб аталувчи тиббиёт муассасалари аҳолига яқин жойлашгани учун кимдир шифо истаб, кимдир тиббий маслаҳат олиш илинжида ушбу муассасаларга тез-тез мурожаат қилади. Бунда одамларнинг талаб ва эҳтиёжига мос тиббий хизмат кўрсатилса, табиийки, халқимизда тиббий хизматга нисбатан ишонч ва қониқиш ҳисси юқори бўлади. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, илгари самарасиз ишлаган бир қатор қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 793 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди.

Қишлоқ врачлик пунктларидан фарқли равишда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори билан бир қаторда, бешта тор мутатассис – гинеколог, педиатр, хирург, стоматолог, ультатовуш таҳлил аппаратида ишлайдиган шифокор фаолияти таъминланди. Шаҳар оилавий поликлиникаларида эса ўнта йўналишда тор мутахассислар аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Яна бир муҳим соҳа – оилаларга бориб аҳоли орасида тиббий маданият тарқатувчи патронаж ҳамширалар фаолияти такомиллашаяпти. Бу соҳадаги ишларни ташкил этишда тиббиёт муассасалари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини ривожлантиришга эътибор кучаймоқда.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги ислоҳотларнинг янада кенг қамровли ва муҳим кўриниши – туман ва шаҳар тиббиёт муассасалари тизимидаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар фаолиятида яққол намоён бўлади. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида кўп тармоқли марказий поликлиникалар ташкил этилган ва уларнинг моддий-техника базаси йил сайин янгиланаяпти. Қатор кўп тармоқли марказий поликлиникалар янги, замонавий биноларга эга бўлди. Ушбу шифо масканларида аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий шароитлар яратилган.

Яқинда ушбу тиббиёт муассасалари яна бир янги тиббий технология – она ва бола скрининг кўригини ўтказиш учун замонавий ультратовуш таҳлил аппарати билан жиҳозланди. Ушбу тиббиёт масканларида пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги тиббий-илмий муассасаларда ишлаётган етук олимлар, малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказиш анъанага айланган.

Саломатлик йўлидаги дадил қадамлар

Аслида ҳам она ва бола саломатлигини асраш давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган “2018 – 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар ривожига катта туртки бўлмоқда.

Ҳозирда республика ва 12 та ҳудудий скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолияти туфайли туғма нуқсонли болалар туғилишининг олди олиняпти. Республика, ҳудудий ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарларда “Қизлар саломатлиги марказлари”, кўп тармоқли марказий поликлиникалар негизида эса “Аёллар маслаҳатхоналари” каби тузилмалар фаолияти йўлга қўйилгани, тиббий-профилактика ва патронаж хизматини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар оналик ва болалик муҳофазасини янада кучайтиришга замин бўлади. Келгусида тиббий генетика, аёллар ва болалар учун ихтисослаштирилган шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантириш асосида замонавий скрининг турларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, аҳоли саломатлигини асрашда муҳим тузилма – шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар такомиллашиб бораётир. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

Сўнгги икки йил ичида тез тиббий ёрдам хизматининг махсус санитар автотранспорт парки 1490 та янги автомашиналарни ҳарид қилиш эвазига батамом янгиланиб, уларнинг умумий сони 2396 га етказилди. Натижада, тизимнинг махсус автотранспортга бўлган талаби мамлакатимиз тарихида биринчи марта тўлиқ қопланди. Тез тиббий ёрдам машиналарининг 10 фоизини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, хорижда ишлаб чиқарилган реанимобиллар ташкил этмоқда. Ушбу автотранспортлар шошилинч вазиятларда тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қиладиган замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозланди. Натижада тез тиббий ёрдам хизмати халқаро мезонлар даражасига кўтарилди.

Биргина 2018 йилда ушбу тизим муассасаларига 13 миллиондан зиёд беморлар мурожаат қилган бўлиб, шулардан 9,8 миллион нафарга яқини тез тиббий ёрдам “103” хизмати бўйича ва 3,3 миллионга яқини стационар тузилмаларга мурожаат қилишган. 2019 йилнинг ўтган 5 ой мобайнида эса умумий мурожаатлар сони 4 миллионда зиёдни ташкил этиб, 1,2 миллиондан ортиқ беморга стационар муассасаларда ёрдам кўрсатилди. 

Бундан ташқари, аҳоли чақирувларини автоматик белгилаш каби муҳим вазифаларни бажариш мақсадида тез тиббий ёрдам бошқармасининг автоматлаштирилган тизимини яратиш, Сall-марказларни халқаро талабларга кўра тўлиқ жиҳозлаш, тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ва шифохонагача бўлган босқичда тиббий ёрдамни такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

Мураккаб ва ноёб операциялар ўзимизда амалга оширилмоқда

Юртимизда тиббиётнинг жадаллик билан ривожланаётганини шу вактгача жазм этилмаган ўта мураккаб ва ноёб операциялар ўзимизда муваффаккиятли амалга оширила бошланида ҳам кўирш мумкин. Бу борада сўнгги йилларда муҳим лойиҳалар амалга оширилаяпти. Хориждаги тиббий клиникалар билан ҳамкорликда қатор хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, давлат тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам замон талабидан келиб чиқиб такомиллашаяпти.

Ҳозирда мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослашган бўлимлар, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали ташкил қилинди. Чунончи,  2018 йил 12-13 декабрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган кардиология ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиаллари иш бошлади. Ушбу масканлар энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозанган бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар беморларни самарали даволаш имконини бермоқда

Эътиборли томони, ихтисослаштирилган марказларнинг ушбу филиаллари ҳудудларда мавжуд касалликлар кўлами чуқур таҳлил этилган ҳолда, эҳтиёж юқори бўлган жойларда ташкил этилаётгани ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги улкан ғамхўрликдир. Қувонарлиси, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларда кейинги йилларда даволашнинг 500 дан ортиқ янги усуллари қўлланила бошланди, жарроҳлик муолажалар 50 фоизга, юқори технологик операциялар 52 фоизга ортган.

Шу ўринда айрим мисолларга тўхталиб ўтсак.  Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда. Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. Ўтган йил Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди.

Дарҳақиқат, замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунга кўра, трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу келгусида ҳам давом этади. Келгусида мамлакатдамизда молекуляр ва нуклеар тиббиёт, робот ёрдамидаги операциялар  учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ҳам кўзланмоқда.

Агар кузатадиган бўлсак, ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли технологиялар” барча соҳаларда кенг татбиқ этилмоқда: “Ақлли уй”, “Ақлли қишлоқ”, “Ақлли шаҳар” каби тизимлар мамлакатнинг муваффақиятли ва барқарор ривожланишини таъминламоқда. Чунки “ақлли технологиялар”нинг асосий мақсади — кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир.  Мамлакатимизда ҳам “Ақлли тиббиёт” айни шу мезон асосида ишлаб чикарилмоқда. Ушбу технологиялар касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи йирик бир тизим ҳисобланади.

 

Соҳа истиқболи малакали кадрларга боғлиқ

Президентимизнинг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу борадаги муаммолар атрофлича таҳлил этилиб, асосий вазифалар белгилаб берилди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад тиббий таълим сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус профессионал тиббий таълим тизимини энг яхши халқаро тажрибалар даражасида босқичма-босқич шакллантириш ва тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашдан иборат.

Тиббиёт тизимида яратилаётган замонавий шароитлар туфайли сўнгги йилларда чет эллардаги нуфузли клиникаларда ишлаётган юздан зиёд ватандошларимиз юртимизга қайтиб кардиохирургия, нейрохирургия, эндокринология, педитрия ҳамда травматология ва ортопедия каби йўналишларда халқимизга тиббий хизмат кўрсатаётгани ҳам тиббиётимизнинг ютуғидир.

Шифокорлар малакасини ошириш, тиббий таълим ва илм-фан соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳам доимий эътиборда. Ўтган  йилда беш юз нафардан кўпроқ ёш мутахассисларнинг чет элда малака ошириши, 400 нафардан зиёд хорижлик мутахассислар юртимизга ташриф буюриб, тиббиёт муассасаларида маҳорат дарсларини ташкил этиши тиббиётимиз олдида турган долзарб вазифаларнинг ечими йўлида янада муҳим қадам бўлмоқда.

 

***

Соғлиқни сақлаш ривожи йўлидаги улкан мақсадларни ўз вақтида рўёбга чиқариш тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган 70 минг нафардан зиёд шифокорлар ва 300 минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимларининг шарафли бурчидир. Шу боис, ходимларнинг самарали фаолият юритиши учун муносиб шароит яратиш ва меҳнатга яраша ҳақ тўлаш чоралари кўрилаяпти.

Бизга эса ушбу эътиборга монанд ҳалол меҳнат қилиш, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган замонавий тиббий хизматдан аҳолининг барча қатламини баҳраманд этиш ва халқимизни рози қилиш вазифаси юкланмоқда. Ишонамизки, бундай масъулиятли вазифани уддалаш учун тиббиётимизнинг илмий ва амалий салоҳияти етарли. Барчамиз баҳамжиҳат бўлиб,  имкониятларни тўлиқ ишга солиб меҳнат қилсак, “саломатлик посбони”, деган улуғ номга муносиб бўлишга, халқимизнинг ишончи ва меҳрини қозонишга албатта эришамиз.

 

Алишер Шадманов,
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири.

© Все права защищены 2019г. E-mail: journal@medicalexpress.uz