ЯНГИ ЙИЛДА ТИББИЁТ СОҲАСИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

2020 йил 29 декабрь санаси бутун ўзбек халқи, хусусан, соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳаси вакиллари учун унутилмас тарихий санага айланди. Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси йўлланди. Унда давлат ва жамиятни ривожлантириш, хусусан, соғлиқни сақлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш борасида устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди.

Президентнинг юксак эътибори — тиббиётчилар зиммасига  улкан масъулият юклайди

Мурожатнома аввалида Давлатимиз раҳбари дунё мамлакатлари ҳамда юртимиздаги пандемия шароити, коронавирус инфекцияси оммалашишини олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида урғу бериб ўтди. Бу бежиз эмас. Боиси, 2020 йил давлат ва жамият, халқимиз учун оғир синовли давр бўлди. Дунё халқларини таҳликага солган коронавирус инфекцияси балоси, афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Қайд этиш керак¸ давлатимизда юритилган оқилона сиёсат ҳамда тиббиёт ходимларининг фидойилиги натижасида пандемия даврини катта иқтисодий-ижтимоий йўқотишларсиз ўтказмоқдамиз.

Мурожаатномада таъкидланганидек, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди. Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Хориждан 600 минг нафардан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 минг нафарга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди. Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Албатта, ўз вақтида кўрилган ушбу чора-тадбирлар коронавирус оммалашишини олдини олиш, аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этди.

Аммо бу ҳали падемия даврини тугагани, коронавирус балосининг буткул чекинганини билдирмайди. Шу боис ҳам Мурожаатномада кейинги 2021 йил коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши қайд этилди.

Жумладан, ушбу вазифани бажариш мақсадида 2021 йил давлат бюджетидан 3 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, кейинги 2021 йил вирусга қарши курашда муҳим аҳамият касб этган тармоқ Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилаётгани коронавирусга қарши янада мардонавор курвашишимизга замин яратади.

Президентимиз ўз маърузасида: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилларига кўра, пандемия хавфи ҳали узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Демак, инсоният бошидаги синовлар яна қанча давом этишини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди... Мана шундай шароитда ким ютади? Тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар пандемия хавфини ўз вақтида ва бир ёқадан бош чиқариб, бартараф этишга ва бу курашда енгиб чиқишга қодир бўлади. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди.” дея тъакидлади. 

Шунингдек, мураккаб шароит бўлишига қарамасдан кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизни давом эттиришимиз зарурлигини қайд этди.

Энг қувонарлиси, Давлатимиз раҳбари  Мурожаатномасида 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилиш таклиф этилди ва қатнашчилар томонидан бир овозда маъқулланди.

Бу бежиз эмас, чунки ёшларга эътибор  юрт-миллат келажагига бўлган эътибор ҳисобланади. Ўтган оғир падемия даври эса аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасининг ҳам нақадар муҳим эканлигини яна бир карра исботлади. Шу жиҳатдан 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили, деб номланиши айни муддао бўлди. Бу эса тиббиёт соҳасининг янада тараққий этиши, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари зиммасига бундан-да катта масъулият юклашини билдиради. Шу боис Мурожаатномада келгуси йилларда соҳани ривожлантириш йўлида қандай туб ислоҳотлар амалга оширилиши қайд этилди.

Давлат дастури ислоҳотларда муҳим дартуриамал бўлади

2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас, чунки ёшларга эътибор  юрт-миллат келажагига бўлган эътибор ҳисобланади. Ўтган оғир пандемия даври эса аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасининг нақадар муҳим эканлигини яна бир карра исботлади. Йилнинг бундай номланиши 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида катта ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилишини билдиради.

/uploads/news/_DSC8626.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Албатта, ушбу ислоҳотлар, биринчи навбатда Давлат дастурида белгилланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилади. Чунки Давлат дастури соҳалардаги мавжуд камчилик ва муаммолар ўрганилиб, таҳлил қилинган ҳолда ишлаб чиқилади. Шу боис ҳам унинг ижроси давлат ва жамият тараққиёти, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Хўш, жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурига биноан соҳада қандай ўзгаришлар амалга оширилади? Ҳужжатда соҳанинг қайси йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган.

2021 йил 3 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжатга биноан эса, 273 банддан иборат 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури тасдиқланди. Дастурнинг IV қисмининг иккинчи бўлими 177-бандидан 199- бандига қадар тиббиёт тизимида амалга оширилиши мўлжалланган энг муҳим чора-тадбирлар ўрин олган.

Давлат дастурида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронликни белгиллаш жараёнини соддалаштиришга эътибор қаратилган. Хусусан, Фармонда илғор хорижий тажриба ва кенг жамоатчилик таклифлари инобатга олинган ҳолда, 2021 йил 1 июнга қадар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги амалиёт жорий этилиши белгиланган.

  • муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имкониятини яратиш;
  • ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади.

Бундан ташқари, Давлат дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиб, унинг мақсадларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланган

Ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан жойлардаги филиаллари ўртасида телемедицина тизими йўлга қўйилган эди. Дастурга биноан бу тизим жорий йилда янада оммалашади.

Шунингдек, мураккаб тиббий амалиётлар ҳудудларда ҳам амалга оширилиб келинмоқда. Дастурга биноан туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади. Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида буйрак трансплантацияси амалиётлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳужжатда оғир хасталикларга чалинган аҳоли вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, онкология ва онкогематология касалликларидан азият чекаётган беморларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни молиялаштириш учун 250 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилмоқда. Ушбу маблағ зарур дори воситалари  билан таъминлаш, оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекаётган фуқароларга ўзак хўжайра трансплантацияси амалиётларини ўтказиш ҳамда ташхислаш ва мураккаб операцияларни ўтказиш учун зарур тиббий анжомларни харид қилишга сарфланади.

Юртимиздаги гемодиализ ёрдамига муҳтож беморларни бепул тиббий ёрдам билан қамраб олиш учун эса 137 миллиард 780 миллион сўм йўналтирилмоқда. Гемодиализга муҳтож беморлар ҳар йили 20 фоизга кўпаяётгани инобатга олиниб, 5 мингдан ортиқ беморлар бепул гемодиализ воситалари билан таъминланади. Ушбу хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида 2021 йилда 100 та сунъий буйрак аппарати, 33 та сув тозалаш мосламаси, 44 та миксер, 665 минг 280 та комплект диализатор тиббий техника буюмлари олиниши режалаштирилган. Эндокрин касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда эндокринология муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 150 миллиард сўм ажратилмоқда.

Бу, албатта, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги муҳим чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.

Давлат дастурига биноан 2021 йил 1 июлдан бошлаб “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолият олиб боришига рухсат бериладиган бўлди. Бу, албатта, ўрта тиббиёт ходимлари учун катта имтиёзлардан бири. Бу амалиёт уларнинг аҳоли саломатлигини оширишдаги масъулиятини оширади ҳамда тиббиёт таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлашда қўл келадиган механизмдир.

Шунингдек, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизими ҳам янада такомиллаштириладиган бўлди. Хусусан, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ҳамда тиббиёт коллежлари Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасалари, бошқа турдаги клиникаларга бириктирилади. Бир сўз билан айтганда, ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашда бутунлай янгича тизим жорий этилиши кузда тутилмоқда.

/uploads/news/_DSC7318%20(1).jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Давлат дастурида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш  масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Хусусан, жорий йилда тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ишлари жадаллашади. Хусусан, бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори, оилавий шифокор сифатида қайта номланиб, унга ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар бириктирилади.

Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади. Шу билан бирга, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади. Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади. Шундан, жорий йилда 100 та оилавий шифокор пункти, 17 та  қишлоқларда жойлашган оилавий поликлиникалар ҳамда шаҳардаги оилавий поликлиникалар ташкил этилиши назарда тутилган.

Давлат дастуридаги аҳамиятли бандлардан яна бири — олис чекка ҳудудлардаги аҳоли саломатлигини тиклаш, уларни тиббий, скрининг текширувлардан ўтказишга хусусий шифохоналарни ҳам жалб қилинилиши кўтилмоқда. Ушбу ислоҳотлар мамлакатимизнинг марказдан олис ҳудудларида ҳам пойтахтдан қолишмайдиган сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яратиш ҳамда барчани бирдек ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш мақсадида амалга оширилмоқда.

“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида саломатлик акцияси

Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир янгиланиш ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққол намоён бўлади.

Бу ўринда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида  аҳолига ихтисослашган тиббий хизматни яқинлаштириш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, , ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, айниқса, аҳолига маҳаллабай тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мазкур устувор вазифаларни бажаришда мунтазам ўтказилаётган тиббий кўриклар, ижтимоий акцияларнинг аҳамияти тобора ошиб бораётир. 

Шундай хайрли ишларнинг давоми сифатида бугун  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида саломатлик акциясига старт берилди. Дастлаб Наманган вилоятидан бошланган мазкур йирик акция ҳудудларда  соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг ижро ҳолатини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “темир дафтар”га киритилган аҳолига юқори технологик замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкиллаштирилмоқда.

Акция доирасида 150 нафардан зиёд  малакали тиббиёт ходимлари, жумладан, вазирлик таркибий тузилмалари раҳбарлари, пойтахтдаги тиббиёт олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг раҳбарлари сафарбар қилинди. Шу билан бирга, 500 нафарга яқин маҳаллий тиббиёт ходимлари  жараёнларда иштирок этадилар.

Уларга қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • Аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш,
  • Аҳолининг саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, гуруҳларга бўлинишининг тўғри олиб борилишини  ўрганиш;
  • Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “темир дафтар”га киритилган аҳоли орасидан юқори замонавий тиббий ёрдамга муҳтож беморларни танлаб олиш;
  • Зарур мутахассислар жалб этилган ҳолда жойларда амалий тиббий ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо.

“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтаётган акцияни ташкиллаштириш учун Наманганга йўл олган мутахассислар орасида инфекционист,  эпидемиолог, терапевт, невропатолог, анестезиолог, болалар анестезиологи, реаниматолог, педиатр, онколог, дерматолог, оториноларинголог, акушер-гинеколог, уролог, хирург, офтальмолог, кардиолог, эндокринолог, травматолог, фтизиатр, пульмонолог, нейрохирург, нарколог, нефролог, аллерголог, гематолог каби ўз соҳасининг усталари бор.

Текширувлар маҳаллабай кесимда ўтказилиб,  ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахслар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланади.

Акция давомида бир қанча жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, буйрак трансплантацияси, эндопротезлаш, юракка стент ўрнатиш каби энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари  тиббий кўрсатмага қараб, вилоят ёки пойтахтимиздаги энг нуфузли муассасаларида бепул амалга оширилиши мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, икки миллион  саккиз юз минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Наманган вилоятда айни пайтда 775 та маҳалла ва 723 мингдан ортиқ оила бор.

Ушбу акция йил давомида юқоридаги намуна асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилади. Бундан ташқари саломатлик йўналишида бир қатор хайрия тадбирлари, саломатлик акциялари ўтказилиши режалаштирилган. Албатта бундай тадбирлар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор шахсларнинг саломватлигини тиклаб бутун тиббиёт соҳасидан эл-у халқни рози қилиш мақсадида амалга оширилади.

Она ва бола соғлиғига эътибор — жамиятга, келажакка эътибор

Она ва бола саломатлигини сақлаш тизими халқимизнинг эртасини бунёд этувчи маънан етук, жисмонан соғлом ёш авлодни вояга етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу соҳага давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили алоҳида аҳамият қаратилиб келинади.

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатномасида бу тизимга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, бу борада кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши қайд этилди. Шунингдек, аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда Президентимиз Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга юксак эътибор қаратилган. Бу эса соҳа ходимлари зиммасига улкан масъулиятни юклайди. Келгуси йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган туб ислоҳот, янгиланиш ва ўзгаришлар нафақат халқимизнинг бугуни, балки эртасининг ҳам порлоқ бўлишига хизмат қилади. Боиси аҳолини саломатлигини сақлаш, соғлом авлоднинг дунёга келиши, ҳар томонлама етук бўлиб униб-ўсишида муҳим ўрин тутади.

Албатта, белгиланган вазифаларни бажариш, соғлиқни сақлаш тизимида янгиланишларни амалга оширишда тиббиёт соҳаси вакилларидан ҳам машаққатли меҳнат қилиш, фидойилик кўрсатишини талаб қилади. Оқ ҳалат соҳиблари бу борада ҳам давлатимиз раҳбари, бутун халқимизнинг ишончини  оқлаши шубҳасиз.

Фурқат Санаев,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи.

 

23.03.2021 334

Похожие новости