24 март — Жаҳон силга қарши кураш куни! ЎЗБЕКИСТОН ФТИЗИАТРИЯ ХИЗМАТИ ЕВРОПА ҲУДУДИДАГИ 53 МАМЛАКАТ ОРАСИДА КУЧЛИ УЧТАЛИКДАН ЎРИН ОЛГАН

Роберт Кох томонидан 1882 йил 24 март куни сил касаллиги патогени аниқлангани муносабати билан дунё бўйлаб шу кун Жаҳон силга қарши кураш куни этиб белгиланган.

ЖССТ маълумотига кўра, дунёда йилига 8,6 миллион киши туберкулёз (сил) хасталигига чалинмоқда, 1 миллиондан ортиқ бемор эса унинг турли асоратлари туфайли вафот этади. Шу боис, жаҳон миқёсида бу касалликнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган ушбу долзарб тиббий-ижтимоий муаммога қарши курашиш соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бугунги кунда юртимизда туберкулёзга қарши кураш ишларини ташкил этишда тиббий-профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усуллари йўлга қўйилган. Хусусан, бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида махсус хоналар ташкил этилган ва замонавий тиббий-таҳлил воситалари билан жиҳозланган.

Туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда эса касалликка барвақт ташхис қўйиш ва уни эрта аниқлаш имконияти яратилган.

Аҳолига бу йўналишда ихтисослашган тиббий ёрдамни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш борасида ҳам барча шароитлар мавжуд. Кейинги йилларда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг диспансерлари тубдан таъмирланди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

ЖССТ томонидан тавсия этилган «Туберкулёзга барҳам бериш» стратегиясига кўра бу йўналишда ишлаб чиқилган миллий дастур ўз самарасини бермоқда. Ушбу стратегияни амалга ошириш натижасида туберкулёзга чалинган беморлар стандарт диагностика ва клиник хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган даво олмоқдалар.

Фтизиатрия муассасаларида туберкулёзга қарши дори воситаларига чидамли турларни ташхислашни мукаммаллаштириш мақсадида 50 дан ортиқ ўта замонавий генно-молекуляр диагностика аппаратлари ўрнатилди. Узлуксиз ва кенг қамровли даволанишни таъминлаш учун бу касалликка чалинган беморларга юқори сифатли даволаш курси учун дорилар бепул берилади. Дориларга чидамли туберкулёзга чалинган беморларни даволаш учун замонавий қисқа курслар жорий этилмоқда ва унга қарши янги дорилар қўлланилмоқда.

— Илгарилари туберкулёзни аниқлашга 3-4 ойлаб вақт талаб этиларди. Тиббиётга диагностика ва даволашнинг янги усуллари кириб келиши натижасида бугунги кунда касалликка генно-молекуляр усулида бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйилмоқда, — дейди РИФПИАТМ директори Наргиза Парпиева. — Илғор операция усуллари жорий этилиши, самарали дори-дармонлар қўлланилиши натижасида беморларнинг касалликдан соғайиш муддати ҳам 2 йилдан 9 ойга қисқарди. Тиббиётимиздаги бундай муҳим ютуқлар туфайли юртимизда туберкулёз билан касалланиш кўрсаткичи 2,5 баробарга, ўлим кўрсаткичи 6-8 баробарга қисқарди. Айни пайтда олимларимиз туберкулёзга чалинган беморларнинг даволаниш курсини яна олти ойга қисқартириш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Яна бир эътироф этишга арзирли ютуғимиз, ЖССТ маълумотига кўра, туберкулёзга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида кучли учталикдан ўрин олгани бўлди. Яъни, мамлакатимиз бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида силга қарши курашиш дастурининг бажарилиш натижалари бўйича 2-ўринни эгаллаган.


Инсон манфаатини таъминлашга йўналтирилган бундай муҳим чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизда туберкулёз касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, даволаш самарадорлиги бугун 91,2 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яхшироқ англашилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib
 

24.03.2021 428

Похожие новости