Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ​организмда антитаначалар миқдори юқори бўлса, вакцина олмаса ҳам бўладими?

ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева жавоб берди:

— Инсон танасида эмлангандан сўнг қандай ўзгариш бўлганини билиш учун эмланишга қадар антитаначалар титрини аниқлаш ўтказилиши мумкин.

Бу каби текширувни ихтиёрий равишда фуқароларнинг ўзлари ёки вакциналарнинг 3-босқич клиник тадқиқотларида иштирок этаётган даврда ўтказса бўлади.

Маълумки, бугунги кунда “COVID-19” билан касалланган одамлар организмида антитаначалар бир неча ой сақланиши тасдиқланган. Бундай ҳолатларда антитаначалар юқорилиги иммун ҳимоянгиз борлигини билдиради. Бироқ агар вакцина олсангиз, организмда антитаначалар титрини янада оширадиган иммун жараён кузатилишини ва иммун ҳимоянгиз мустаҳкамланишини таъминлайсиз.

Аксинча, вакцина олмасангиз, кейинчалик шу антитаначалар титри меъёр даражасидан пастга тушиб, организмингиз ҳимоясиз қолиши ва шу вақтда вакцинага эҳтиёж туғилиши мумкин.

Бу дегани, беморлар билан ниқобларсиз ва ўзаро масофа сақламасдан мулоқотда бўлинганда, инфекция организмга тушиши ва касаллик чақириши мумкин. Шу боис, сиз иммун ҳужайралар, яъни антитаначалар миқдорини аниқлаганингизда ҳам, уларни назорат қилиб туришингиз, коронавирусдан ҳимояланишда карантин қоидаларига қатъий риоя қилишингиз ва имкон қадар ўз вақтида вакцина олишингиз талаб этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

24.05.2021 370

Похожие новости