Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ўзбекистонлик онколог шифокорлар кореялик ҳамкасблари билан телемост ўрнатди

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги делегация Корея Республикасига амалий ташриф билан бўлган эди.

Сафар давомида давлатимиз раҳбарининг тизимни ривожлантиришда Корея тажрибасини қўллаш бўйича топшириғидан келиб чиқиб, делегация Сеул миллий университетининг Бунданг шифохонаси фаолияти билан танишиб, шифохона бош шифокори Пек Нам Чжон билан учрашганди.

Муҳокамалар чоғида саратонга ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзбекистонлик шифокорлар учун тренинглар ташкил этиш, Бунданг шифохонасининг етакчи шифокорларини Ўзбекистонга таклиф этиш, шунингдек, тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришда Жанубий Корея томонининг энг яхши амалиётларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилган эди.

Шунингдек, Бунданг шифохонасида Ўзбекистоннинг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари малакасини ошириш масалаларини ўрганиш ҳамда Жанубий Корея шифохонаси ходимларининг маҳорат дарсларини ўтказиш учун Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишиб олишганди.

Бугун эса Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Сеул миллий университети Бунданг шифохонаси билан телемост ўрнатилди.

Унда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Сабиров ва Сеул миллий университетининг Бунданг клиникаси бош шифокори Пек Нам Чжон бошчилигидаги соҳа мутахассислари иштирок этишди. Кореялик мутахассислар юртимизда онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган марказ, унинг филиаллари фаолияти билан танишди.

Мулоқот давомида икки давлат мутахассислари юртимизда барпо этилаётган 650 ўринли онкология марказининг қурилиши, жиҳозланиши, диагностика ва даволаш ишларини ташкил қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. Мутахассисларнинг икки томонлама малака ошириш ишларини ташкил қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида онлайн консультациялар ташкил қилиниб, икки шифохона мутахассислари юртимиздаги мунозарали беморлар ҳолатини муҳокама қилиб, клиник тавсиялар олинди.

Шунингдек, онкологик касалликларни эрта ташхислаш ва скринингини ташкил қилиш йўналишида Корея тажрибасини жорий қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Энг долзарб бўлган касалликлар, жумладан, кўкрак бези саратони, бачадон бўйни саратони ва колоректал саратонни ташхислаш ва даволаш бўйича вебинарлар ташкил қилишга келишиб олинди.

Телемедицина имкониятларидан фойдаланиб амалга оширилган ушбу тадбир давомида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Сеул миллий университети Бунданг клиникаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки томонлама мутахассислар алмашинувини ташкил қилиш, даволаш тактикалари ҳамда ўқув-услубий материаллар билан алмашиш, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик ўрнатиш имконини беради.

Маълумот учун: Сеул миллий университети Бунданг шифохонаси университетнинг тиббиёт бўлими сифатида 2003 йилда очилган. Шифохона Жанубий Кореяда тиббиёт йўналишида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ушбу шифохона АҚШдан ташқарида 7 босқичли сертификатни қўлга киритган биринчи муассаса ҳисобланади. У АҚШ тиббиёт ахборот жамияти томонидан энг юқори даражадаги ахборотлаштириш соҳасида тан олинган. Муассаса АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларига замонавий тиббиёт ахборот тизимларини экспорт қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib
 

29.06.2021 734

Похожие новости