Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Андижон вилоятида онкологик тиббий хизмат янги босқичга кўтарилади

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида қайта қуриб таъмирланган, янгидан жиҳозланган радиология бўлимининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов, пойтахтлик ва маҳаллий онколог-мутахассислар қатнашди.

Маросимда Президентимиз томонидан сўнгги йиллар давомида аҳоли саломатлигини сақлаш, хусусан, онкология соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу давр мобайнида онкология касалликларини даволашга ихтисослашган муассасаларда дори таъминоти даражаси яхшилангани, хорижий клиникалар билан алоқа ўрнатиш, мутахассисларнинг чет элда малака ошириши, аҳолини скрининг текширувларидан ўтказиш ишлари йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Таъкидлаш лозимки, Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилоят филиалида охирги 2 йил ичида маҳаллий бюджет ва ҳомийлик ҳисобидан қарийб, 7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

Жумладан, республикада биринчилар қаторида 500 миллион сўм маблағ эвазига 20 ўринли паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш ва 10 ўринли болалар онкологияси бўлими ташкил этилди. 

Шу йилнинг май ойида онкология марказига 2 миллиард сўм ҳомийлик маблағи эвазига мобил маммограф олиб келинди.

Қолаверса, авваллари андижонликлар нур терапиясини олиш учун бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳрида узоқ навбатда туришларига тўғри келарди. Энди эса ҳудуддаги онкология марказида 2,2 миллиард сўм миқдоридаги маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига радиология бўлими барпо этилди ва энг замонавий радиотерапевтик ускуна ҳамда етук кадрлар билан таъминланди.

Ислом тараққиёт банкининг 550 минг АҚШ доллари ҳисобига Чехияда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий радиотерапия ускунаси
 олиб келиб, ўрнатилди.

Вилоятда радиология бўлими иш бошлаганлиги андижонлик барча беморлар шу ернинг ўзида, ортиқча сарсон бўлмасдан, ўз вақтида нур терапия муолажаларини олиш имконини яратиши қувонарли ҳолдир.

Яқин кунларда 4 нафар радиолог Беларус Республикасида, 5 нафар тиббиёт ходими Ҳиндистонда  малака ошириши, шунингдек, Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларидан бирининг мутахассислари беморларни тиббий кўрикдан ўтказиши ва тиббиёт ходимлар учун “маҳорат дарслари” ташкил қилиниши режалаштирилган.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

07.07.2021 438

Похожие новости