Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар халқ ҳаётида акс этади

Соғлиқни сақлаш соҳаси ривожи — давлат ва жамият тараққиёти, халқ ҳаётининг фаровонлигида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам, тизимдаги ўзгариш ва янгилланишлар биринчи навбатда одамларнинг ўзига сезилиши, ҳаёт фаолияти, саломатлигидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлиши зарур. Мамлакатимизда ҳар доим бу соҳага катта эътибор қаратилиб келинади.

Жорий йил 1 апрелда бўлиб ўтган Аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш масалалари бўйича ўтган видеоселекторда “Биз бундан тўрт йил аввал мамлакатда тинчлик ва соғлиқни сақлашни ислоҳотларнинг энг муҳим бўғини этиб белгилаган эдик. Шу мақсадда ўтган даврда жуда катта ишлар қилинди, охирги қабул қилинган Фармон ва қарорлар ҳам тизимни тубдан ислоҳ қилишга қаратилди”, дея бежиз таъкидламади Президент Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғлишида билдирилган фикр-мулоҳазаларга таянилиб, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, 2021 йилнинг 5 май куни Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Янги Фармон соҳа тараққиётини юқори босқичга кўтаради

Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга бепул ордер бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Унга кўра, 2021 йил 1 ноябрга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этади.

Янги тартибга мувофиқ, эндиликда, эҳтиёжманд оилалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими асосида аниқланади. Шу билан бирга, имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Шунингдек, меъёрий ҳужжатда ўрта тиббиёт ходимлари учун 20 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши белгилланган. Ўрта тиббиёт ходимлари учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан эса яна қўшимча 10 мингта  штатлар ажратилади.

Шунингдек, Фармонда яна бир муҳим жиҳат — ўрта тиббиёт ходимларининг мақомини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

2021 йил 1 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда,  ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳат — ҳамширалик иши фаолиятини амалга оширувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ўрнатилган тартиб билан бир қатор талаблар ҳам санаб ўтилган.

Ҳужжатда тиббиёт тизимида етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари ва муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилади. Бунинг учун 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўровига асосан Молия вазирлиги ушбу жамғармага 50 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратади. 2022 йилдан бошлаб эса зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилиши белгиланган.

Жамғарма маблағлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассислар, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан уларни моддий рағбатлантириш тўловларини амалга ошириш, етакчи хорижий тиббиёт муассасаларида стажировка ўташлари ва малака оширишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун йўналтирилади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига бир неча фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилди.

Жумладан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига:

  • махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобил тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;
  • нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этишга рухсат берилди.

Фармонига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари тайёрлаш бўйича янги тизими жорий этилиб, қабул квотаси икки бараварга оширилади. Бир сўз билан айтганда, ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ижроси  соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, кейинги тўрт йил ичида соҳа тараққиёти йўлида ҳисса қўшувчи кўплаб қонун ҳужжатлари чоп этилган. Жумладан, тиббиёт тизимига оид 226 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улардан, 5 та қонун, Президентнинг 89 та Фармон, фармойиш ва қарорлари ҳамда ҳукуматимизнинг 132 та қарор ва фармойишлари ижроси доирасида соҳада туб ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларга қўл урилди.

Бир сўз билан айтганда, тиббиёт соҳаси йилдан-йилга тараққий этиб, фаолиятининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди. Қуйида соҳа доирасида амалга оширилган ўзгариш ва янгиланишларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.

Касалликни эрта аниқлаш — уни даволашдан кўра афзал

Одамларни бирон жойи безовта қилса, оғриса, биринчи бўлиб, оилавий шифокорлик пункти ё бўлмаса оилавий поликлиникасига мурожаат қилади. Шу боис, ҳам тиббиёт тизимининг қўйи бўғини, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари тармоқнинг энг муҳим бўлаги ҳисобланади. Аммо ўтган йиллардаги мамлакатимиздаги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғиндаги  камчиликлар юрак-қон томир касалликларига   ўз вақтида ташхис қўя олмаслик ҳолати туфайли содир бўлди. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда. Биринчи бўғинда сифат пастлиги учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлмоқда эди. Чунки шароит билан талаб, иш ҳажми мутаносиб эмас. Масалан, қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилганди.

Ўтган йили аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш мақсадида Президентнинг бир қатор Фармон ва қарорлари эълон қилинди.

Уларга кўра, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор этиб қайта номланди. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб, фаолияти янги босқичга кўтарилади. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аммо бу тизимни тўлақонли ҳал этиш учун кбирламчи тизимнинг кадрлар муаммосини ҳам ечиш масаласи долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолди. Тан олиб айтиш керак, айни пайтда ҳам бмрламчи тизимда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 та шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар тор мутахассис етишмайди. Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун чекка ҳудудларда эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинган эди. Бундай жойларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Аммо ҳали камчиликлар буткул бартараф этилмади. Кўрилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотлар натижасида бу каби муаммолар тех орада ўз ечимини топиши шубҳасиз.

Тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик — саломатлик асоси

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш кўпгина касалликларга чалинишнинг олдини олади. Шу боис бугунги кунда аҳолини жисмонан фаоликка, тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилишга одатлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Боиси хасталикни даволагандан кўра уни олдини олган мақбулдир. 

Мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган оммавий тиббий хатлов жараёни ва ундаги маълумотлар асосида аҳолини тўрт гуруҳга ажратиш ишлари ҳам айни шу йўналишдаги чора-тадбирлар ҳисобланади.

Жорий йилда кўп тармоқли поликлиникаларнинг штат меъёрларини қайта кўриб чиқилади, янги мутахассисликлар - валеолог, нутрициолог, кинезиолог, реабилитологдан иборат “Саломатлик гуруҳлари” ва “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналари ташкил этилиб, аҳолига тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик масалаларида якка тартибда профилактик тадбирларни олиб бориш ташкил қилиниши. Бугунги патронаж хизматининг асосида мана шу вазифалар устувор қилиб белгиланган. Оила шифокори ва унга терапия, педиатрия, акушер-гинекология, патронаж йўналишда ёрдамчи ҳамширалар бириктирилиши натижасида аҳоли саломатлигини тўлиқ эришилади.

Халқаро олимлар тавсиялари ва жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда оддийгина саволнома, лаборатор ва антропометрик текширувлар (бўй узунлиги, бел айланаси, вазн) орқали ортиқча вазн ва  семизлик, жисмоний нофаоллик, овқатланиш характеристикаси, кандли диабет ва юрак қон-томири касалликларини аниқлаш амалиётга жорий қилинади. Бу асосида эса аҳолига “Индивидуал патронаж” — юқоридаги касалликларга мойил бўлганларнинг алоҳида рўйхати юритилиб, улар индивидуал патронаж хизмати билан қамраб олинади.

Шунингдек, “Манзилли скрининг” — тиббиёт бригадалари маҳалла ва оилалар кесимида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш бўйича манзилли скрининг тадбирлари ўтказилади. Хусусан, ҳомиладорлар, 5 ёшгача бўлган болалар, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилиши йўлга қўйилади.

Аҳолини соғлом турмуш тарзига ундовчи “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлаб чиқилади. Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказлари ташкил этилади ҳамда 5 ёшгача бўлган болаларни патронажининг унверсал-прогрессив модели ташкил этилади.

Юқоридаги амаллар билан аҳоли соғлом турмуш тарзига одатлантирилса, соғлиқни сақлаш тизими энг катта ютуққа эришган бўлади. Чунки кўпгина касалликларнинг сабаби турли иллатлар, камҳаракатлилик, овқатланиш рационига амал қилмаслик ҳисобланади.

Тез тиббий ёрдамнинг оперативлиги ва натижадорлиги ортмоқда

Тез тиббий ёрдам хизматининг сифат самарадорлиги ортиши кўплаб инсонлар ҳаёти сақланиб қолишига замин яратади. Турли кўнгилсиз ҳолатлар, фалокатларда кишилар ўз вақтида керакли тиббий ёрдам кўрсатилмаганидан вафот этишади.

Шу боис ҳам мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг бу тизими ривожига алоҳида урғу бериб келинади. Тизимдаги ислоҳотлар ҳамда замонавий тиббий технологиялар ёрдамида хизматнинг тезкорлиги ва натижадорлиги янада  оширилди.

 Жумладан илгари “Тез тиббий ёрдам” тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 500 сўмни ташкил этса, айни пайтда 6500 сўм ажратилган.

Хусусан, мамлакатимизда 2016 йилда атиги 800 та “Тез ёрдам” шохобчалари мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 1 минг 666 тага етказилган. Тез тиббий ёрдам бригадалари жами 1 минг 648 тани ташкил килган бўлса, 2 минг 685 та ҳисобланади. Ўша даврда тармоқда бор йўғи 4 та реанимобиль бор эди. Биргина ўтган 2020 йил 4 ойи давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилинди. Бугун эса тез тиббий ёрдам хизматида 435 та реанимобиль мавжуд. Аста-секин тез тиббий ёрдамда “Дамас” русумли автомобиллардан бутунлай  воз кечиш режалаштирилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида тез тиббий ёрдамнинг кечикишлари 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа эди. Ҳозир эса атиги 8-12 дақиқани ҳосил қилади. Рақамлардан тизимнинг оперативлиги, натижадорлиги ошгани, қисқа фурсатда анча яхшиланганини англаш қийин эмас.

Шошилинч тиббий хизмат тизимида амалга оширилган ислоҳотлар кўпгина кишиларнинг турли хасталиклар билан эрта вафот этишининг олдини олди. Кейинги йилларда турли замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган бўлди. Албатта, бунда у ердаги малакали мутахассисларнинг хизматларини ҳам унутмаслик зарур.

Хусусан, умуртқа поғонасини ностабил синишлари туфайли ўлим ва чуқур ногиронлик кўрсатгичлари 40-50% ни ташкил этар эди. Аммо Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази барча худудлардаги филиалларида умуртқаларнинг ностабил синишларини хирургик даволашнинг замонавий транспедикуляр металлоконструкция билан мустахкамлаш усуллари тадбиқ қилинди. Бу эса юқоридаги фоизларни сезиларли даражада камайишига олиб келди. Бундан ташқари, илгари марказларда тос-сон бўғинини эндопротезлаш амалиётлари сон суяклари синишлари ўткир даврида ўтказилмас эди. Бугунги кунда тос-сон бўғинини эндопротезлаш амалиётлари ҳаётга тадбиқ этилган.

Шунингдек, Марказий Осиёда биринчи бўлиб бош миянинг қон томир нуқсонларини (аневризма, мальформациялар, Моя-Моя касаллиги) диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий юқори технологик усуллари ҳамда юқори технологик кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операцияси бажарилган бўлиб, уларнинг 98% ишлаб турган юракда бажариладиган бўлди.

Энг қувонарли янгиликлардан бири илгари буйрак ва жигар етишмовчилигида орган трансплантацияси амалиётлари ўтказилмасди. Бу эса кўпгина ватандошларимизнингэрта вафоти ё бўлмаса катта маблағ эвазига хорижий мамлакатларда операция қилдириб келишига тўғри келарди. Айни пайтда эса бу икки мураккаб амалиёт юртимизда ҳам амалга оширилмоқда айнан РШТЁИМ трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилади. Айни пайтда буйрак трансплантацияси операциялар сони 130 га етган. Бу йилдан эса ҳар йили 100 та шундай мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши  режалаштирилмоқда.

Шошилинч тиббий хизмати такомиллаштирилгани натижасида 2016 йил шикастланишлар оқибатидаги болалар ўлими кўрсаткичи 19 фоиз ногиронлик улуши 30 фоизни   ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич айни пайтда 19 фоиздан 12 фоизгача, ногиронлик эса 30 фоиздан 22 фоизгача пасайди.

Тез тиббий ёрдам, шошилинч тиббий хизматнинг фаолияти кейинги тўрт йилда янги босқичга кўтарилгани аҳолининг тез ва самарадор, сифатли тиббий ёрдам олишига замин яратмоқда. Бу эса халқнинг давлат ва соҳадан рози бўлишлари йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.

Ихтисослашган тиббий хизмат — аҳолига янада яқинлашмоқда

Бундан бир неча йиллар олдин кўпгина ноёб, мураккаб операцияларни ўтказиш учун беморлар турли хорижий мамлакатларга боришига тўғри келарди. Кейинги йилларда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар натижасида бундай амалиётлар, эндиликда ўзимизда мувафаққиятли амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017-2019 йилларда ўнлаб марказлар, хусусан,  онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология, наркология, болалар хирургияси йўналишларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил қилинди. Республика аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказларни сони 2016 йил 10 та унинг ҳудудий филиаллари эса атиги 2 та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 20 тага етказилди ҳудудлардаги филиаллари эса 124 тани ташкил этмоқда. Рақамлардан ҳам маълумки, соҳада қичқа фурсатларда эришилган катта натижалардан бири. Ислоҳотларни давом эттириб бу йил ҳудудий филиалларни 48 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу эса аҳолининг ўз туман ёки шаҳарчасида бемалол малакали тиббий хизмат олиши мумкин деганидир.

Бугунги кунда трансплантацияси амалиёти жорий этилиб, 500 дан ортиқ - буйрак, 10 та - жигар ва 35 та ўзак ҳужайра операциялари ўтказилди.

Замонавий телемедицина тизими орқали кардиология, акушерлик-гинекология, травматология-ортопедия, нейрохирургия, аллергология, нефрология ва бошқа йўналишлари бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳудудий филиалларда трансляция қилинаётгани барча ҳудудлардаги мутахассисларнинг билим-малакаси бирдек ортириб борилаётганидан дарак беради. Шу пайтгача 150 та трансляция амалга оширилган бўлса, бу йил 250 тагача етказиш мақсад қилинган.

Ихтисослаштирилган марказларнинг тараққий этиб бориши, ҳудудлардаги филиаллари ортиб бориши натижасида 1 минг 471 нафар беморларга яшаш жойининг ўзида юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларни республика марказларига келиши олди олинди.

Шунингдек, трансплантация операциялари ўтказилганлиги туфайли 300 нафарга яқин фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши олди олинди ва 2 млн 100 минг АҚШ долларга тенг маблағ тежаб қолинди.

30-69 ёшли аҳоли ўртасида юрак қон томир касалликларидан эрта ўлим кўрсаткичи 13 фоиз, ҳавфли ўсма хасталикларидан 9 фоиз, ўткир миокард инфаркти, инсультдан эрта ўлим ҳолати 8, 7 фоизга камайишига эришилди.

Хусусий тиббиёт — соғлом рақобат, сифат ва самарадорлик гарови

Бугунги кунда Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Хусусий тиббиёт ривожи соҳада соғлом рақобатни юзага келтириб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада кўтарилиши, нархларнинг эса арзонлашишини таъминлайди. Тармоқнинг тараққий этишига эса мамлакатимизда етарлича имконият ва имтиёзлар мавжудлиги замин яратмоқда.

Хусусан, Президентнинг 2017  йил  1  апрелдаги “Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хусусий тиббиёт ташкилотлари 129 та тиббий ихтисосликлар бўйича лицензия олишларига имкон яратилганини айтиш мумкин. Бундан аввал улар атиги  50 турдаги хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эди.

2020 йил 18 февралдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан эса, “Асака” банкига хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди. Шунингдек, қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Асака” АТБ билан биргаликда 2020 йилнинг 1 октябрига қадар халқаро молия институтлари билан хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун яна 100 миллион АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли кредит линиялари жалб қилинди.

2021 йилда эса хусусий тиббиёт муассасалари транспланталогия каби мураккаб жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказа оладиган бўлади. Шунингдек, “Ҳамширалик иши” ва “мобил тиббиёт”ни ташкил этиши ҳам мумкин.

Айни пайтда уларнинг сони 6 минг 107 тага етган. Шундан 4 минг 939 таси амбулатор ва 1 минг 168 таси стационар типдаги ташкилотлардир. 2021 йилда уларнинг сонини 6 минг 650 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Малакали кадрлар соҳа эртасини белгилайди

Давлат ва жамият, соҳалар ривожида етук, малакали кадрлар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам кейинги йилларда Ўзбекистонда таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, тиббиёт таълим тизимида ўлкан ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилди. Таълим муассасалари сони салмоғи янада кўтарилди.

Хусусан, 2016 йил мамлакатимизда тиббиёт йўналишида 7 та олий таълим муассасаси айни пайтда 9 тага етказилган. Жорий йилда эса Н.И.Пирогов номидаги Россия илмий тадқиқот тиббиёт университети Жиззах филиали ҳамда Туркиянинг Соғлиқ билимлар университетининг Гулистон филиалини ташкил этиш ҳамда 5 та университетда (Қарши, Навоий, Жиззах, Гулистон, Наманган давлат университетлари) тиббиёт факультетлари ва Даволаш иши ва Педиатрия иши таълим йўналишлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

2016 йил таълим муассасаларида 14 та бакалавриат 41 та Магистратура мутахассисликлари мавжуд бўлган бўлса, айни пайтда 16 та бакалавриат 51 та магистратура йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Тиббиёт таълим муассасалари квоталари бакалавриат 72 фоиз, Магистратура 92 фоизга кўтарилди. Аввал мавжуд бўлмаган механизм мақсадли қабул бўйича 1 минг 500 та квота жорий этилди. Клиник ординатура йўналиши квоталари 2 марта ортирилиб, аввал мавжуд бўлмаган интернатура йўналишига 417  нафар талаба қабул қилинди.  Шунингдек, янгича тизим қўшма таълим дастурлари  орқали  7 та давлат 19 та университетда 5 та бакалавриат йўналиши  бўйича 1 минг 500 нафар талаба ва 9 та мутахассислик бўйича 100 нафар клиник ординаторлар тайёрланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 1 минг 297 нафар хорижий талаба 16 та давлат (Туркманистон-514, Покистон-183, Ж.Корея-126, Хиндистон-125, Россия-120, Қозоғистон-91, Қирғизистон-63, Тожикистон-35, Афғонистон-21)дан келиб таҳсил оляпти.

Қувонарлиси, бу йил Президентимизнинг таклиф ташаббусларига биноан тиббиёт таълим муассасаларидаги квоталар сони сезиларли даражада ортмоқда. Хусусан, бакалавриат 7 минг 850 та ( 30 фоиз); мақсадли квота  2 минг 509 та (67 фоиз); магистратура 1 минг 643 (19 фоиз); клиник ординатура 3 минг 245  та (25 фоиз); интернатура 25 та мутахасислик бўйича (31 фоиз) 600 та (44 фоиз) кўтарилади. Жорий йил тиббиёт таълим муассасаларига кредит модулли ўқитиш тизими тўлиқ жорий этилиб, талабаларга таҳсил бериш механизми ўзгаради.

Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш йўналишида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 7 апрелидаги “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан республикамиздаги тиббиёт коллежларида ўқитиш тизими бутунлай ислоҳ этилди ҳамда уларнинг 47 таси Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилди. Тиббиёт коллеж ва техникумларида хорижий тажрибалар асосида ўқитиш тизими буткул янгиланди.

Ходимларни моддий таъминлаш, мавқеини кўтариш ва малакасини ошириш ҳам соҳа ривожида катта ўрин тутади. Ўтган давр мобайнида тиббиёт ходимларининг ойлиги 2,6 баробарга ошди ҳамда тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатига барҳам берилди.

Малака ошириш соҳасига келсак, 2016 йил жами 62 минг 132 нафардан 16 минг 344 нафар шифокорлар малака оширган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич жами 63 минг 745 нафардан 29минг 696 (45 фоиз) нафарга етди. Илгари тиббиёт ходимларининг хорижий мамлакатларда малакасини ошириш тизими йўлга қўйилмаган эди. Бу йилга келиб, 570 нафар маҳаллий мутаxассис 31 xoрижий давлатнинг eтакчи тиббиёт ва таълим муассасаларида малакасини oширди ҳамда 421 нафар eтакчи  хорижий мутаxассислар малака ошириш жараёнига жалб этилди.

Тиббиёт ходимларини малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассаслари сони  аввал 4 та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, жами 33 та(10 та ОТМ, 22 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида, 1 та ИТИ)ни ташкил этмоқда.

Салмоқли ўзгариш ва янгиланиш, амалга оширилган ишлар мамлакатимизда малакали кадрлар сони кўпайишига замин яратмоқда. Бу эса аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаяпти

 

 “Она ва бола соғлиғига эътибор

жамиятга, келажакка эътибор

Она ва бола саломатлигини сақлаш тизими халқимизнинг эртасини бунёд этувчи маънан етук, жисмонан соғлом ёш авлодни вояга етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу йўналишга давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили алоҳида аҳамият қаратилиб келинади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳар бир мамлакат учун шу йўналиш бўйича ривожланганлик даражасини белгиловчи  мезонларни ишлаб чиққан. Унга  кўра, агар бола ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида туғилиб, вазни  500 грамм ва ундан ортиқ, бўйи 25 см ва ундан ортиқ бўлса, у тирик туғилган  ҳисобланади. Табиийки, қатор давлатлар бу тавсияларни ўзларидаги неонатология соҳасининг ривожига қараб, турли йилларда қабул қилишди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, баъзи мамлакатларда бу мезонлар 28 ҳафтадан бошлаб, боланинг вазни 1000 грамм, бўйи 35 см деб ҳам белгиланган. Шу сабаб, Ўзбекистонда бу мезонларга ўтиш учун қабул қилинган давлат дастурларида  қатор долзарб вазифалар, аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилди.

Жумладан, ҳомиладор аёллар саломатлиги доимий назорат остида бўлиб, 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги пренатал ташхис хоналарида 92.6% фарзанд кутаётган аёллар ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда. Жорий йил бу бўйича 100 фоизлик натижага эришамиз.

Хусусан, болалар саломатлигини сақлашда педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган 280 ўринли Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил этилди.

Нафақат республика муссасаларида балки Вилоят муассасаларида юрагида туғма нуқсонлари бўлган болани даволаш учун шифо ўринлар сони 3 барорабар оширилиб, 220 тага етказилди. Республика тиббиёт ташкилотларида кам таъминланган оилаларнинг ногирон фарзандларини юқори лаб ва танглайида туғма нуқсонлари бўлган ҳар йили 300 нафар болани жарроҳлик йўли билан даволаш орқали соғломлаштиришга эришилди.

Бир сўз билан айтганда, юртимиздаги бошқа соҳалар каби тиббиёт соҳаси ҳам жадал тараққий этиб, иш самарадорлиги ортиб, фаолияти тубдан ўзгариб бормоқда. Ҳар жиҳатдан ривожланиб, замонавийлашиб бораётган тармоқ янги Ўзбекистонимизда халқимизнинг ҳаётдан рози, бахтли ва фаровон яшашини кафолатлаши шубҳасиз.

Фурқат Санаев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот котиби.

 

05.07.2021 676

Похожие новости