ТИББИЁТ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР: халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда

Инсон қадр-қиммати улуғланган, манфаатлари устувор юртда юксалиш ва тараққиёт бардавом бўлади. Эътиборлиси, мустақиллик йилларида мазкур тамойил асосида мамлакатимизнинг барча жабҳаларида ижобий ўзгариш ва янгиланишлар кузатилиб, халқимизнинг эркин ва фаровон яшаши, бахтли ҳаёти йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, бугун она Ватанимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тез-тез тилга олинмоқдаки, бу истиқлол аталмиш улуғ неъмат туфайли кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз бошчилигида юртимиз тараққиётининг бутунлай янги босқичига қадам қўйгани, эришаётган залворли ютуқлари эътирофидир.

Маълумки, бу йил мамлакатимиз мустақиллигига роппа роса 30 йил тўлади. Ўтаётган ҳар бир кун эса бизни ушбу қутлуғ санага янада яқинлаштирмоқда. Албатта, истиқлол неъматининг юртдошларимизга берган имкониятлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” деган эзгу тамойил ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тўла татбиқ этилиб, кўп соҳаларда, жумладан, тиббиёт тизимида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Айниқса, Президентимизнинг “...Тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак” деган сўзлари соҳадаги ислоҳотларни бутунлай янги босқичга олиб чиқди.

Натижада кейинги тўрт йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу йўлда мисли кўрилмаган ишлар қилинди.

Айниқса, коронавирус касаллиги авж олган пандемия даврида мамлакатимиз тиббиёти жиддий синовдан ўтиб, ушбу хавфли хасталикка қарши курашиш, уни аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш, халқимизни ушбу балодан сақлаш, саломатлигини асраш борасида давлатимизнинг барча имкониятлари ишга солинди. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди.

Қолаверса, шундай мураккаб даврда ўз ҳаётини гаровга қўйиб, юртимизда коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш ишига ўзининг билим ва салоҳияти, профессионал маҳорати билан муносиб ҳисса қўшган 300 дан зиёд тиббиёт ходимлари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан мукофотлангани соҳа ходимлари фаолиятига берилган юксак баҳодир.

Энг муҳими, бугун юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда.

Бирламчи тиббиёт бўғини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айланмоқда

Маълумки, тиббиётнинг бирламчи бўғини аҳоли саломатлигини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда беқиёс ўринга эга. Бироқ тан олиш керак, мамлакатимизда яқин-яқингача тиббиётнинг мазкур бўғинида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган. Хусусан, ўтган йиллар давомида юртимиздаги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи ана шу бўғиндаги камчиликлар, масалан,  юрак-қон томир касалликларига ўз вақтида тўғри ташхис қўя олмаслик ҳолатлари туфайли содир бўлгани, онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида хасталик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқлангани мазкур тизимнинг ўз вазифасини тўла-тўкис амалга ошира олмаганидан далолат беради.

/uploads/news/BAH_1428.JPG

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Хўш, тизимдаги ушбу муаммоларнинг юзага келишига қандай омиллар сабаб бўлди?!

Аввало шуни айтиш керак, бир пайтлар қишлоқ врачлик пунктларида фаолият олиб борган умумий амалиёт шифокорлари зиммасига шу қадар кўп вазифалар юклаб ташланган эдики, бу ўз-ўзидан тизимда тиббий хизмат сифатига салбий таъсир этган. Шифокорларга яратилган шароит билан иш ҳажми мутаносиб эмаслиги, хусусан, 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилгани тизимдаги аксарият муаммоларга сабаб бўлган.

Шу боис, мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш мақсадида Президентнинг бир қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Уларга кўра, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланди ва фаолияти янги босқичга кўтарилди. Ушбу мутахассисларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилди. Мазкур бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб бориши белгиланди. Бу орқали эса тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантирилмоқда.

Яна бир гап. Соҳадаги кадрлар муаммосига зарур ечим топиш мақсадида 2020 йил 12 ноябрда Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, юртимизда “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинди.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда юртимиздаги 243 та маҳалла фуқаролар йиғинлари олис ва чекка ҳудуд сифатида белгиланган бўлиб, ушбу худудларда мамлакатимиз  бўйича жами 84 та оилавий шифокорлик пункти ва 35 та оилавий поликлиника ва уларда 89,5 та вакант штат мавжуд.

Эътиборлиси, ушбу дастур жорий қилинганидан бошлаб, бугунгача 52 нафар тиббиёт ходими 69,75 ставкага ишга қабул қилинди. Шу билан бирга, қатор  тиббиёт ходимларига 30 миллион сўмдан пул маблағи тўлаб берилди.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдамдан аҳоли миннатдор

Шошилинч тиббий ёрдам тизими (ШТЁТ) соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва ўта кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма ҳисобланиб, кейинги йилларда вилоят ва туманлардаги ихтисослашган марказлар филиаллари ва бўлимлардан иборат мазкур йўналишда аҳоли саломатлигини асраш, уларга сифатли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар қилинди.

Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва унга бириктирилган республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳрининг “103” хизмати ШТЁХнинг бош муассасаси ҳисобланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган марказнинг 13 та филиалида аҳолига махсуслаштирилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб келинади. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг 179 та аҳоли пунктларида РШТЁИМнинг субфилиаллари – шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Санаб ўтилган стационарлардан ташқари, тизимга “103” – тез тиббий ёрдам хизмати, санитар авиацияси ва фавқулодда вазиятларда аҳолини тиббий таъминлаш хизмати бириктирилган.

Таъкидлаш лозимки, 2020 йилда ушбу тизим муассасаларига жами 14,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган бўлиб, жорий йилнинг 5 ойи мобайнида бу рақам 4 миллиондан ортиқни ташкил этди.

/uploads/news/BAH_1463.JPG

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сўнгги йилларда турли замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар ва ташкилий ечимлар татбиқ қилинди. Натижада Марказий Осиёда биринчи бўлиб, бош миянинг қон-томир нуқсонларини (аневризма, мальформациялар, Моя-Моя касаллиги) диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий юқори технологик усуллари ҳамда юқори технологик кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операцияси йўлга қўйилиб, уларнинг 88,6 фоизи ишлаб турган юракда бажарилди. Шу билан бирга, марказнинг барча ҳудудлардаги филиалларида умуртқаларнинг ностабил синишларини хирургик даволашнинг замонавий транспедикуляр металлоконструкция билан мустаҳкамлаш усуллари бажарилди.

Муҳим янгиликлардан яна бири шуки, илгари юртимизда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмас, бу ҳолат кўпгина ватандошларимизнинг эрта вафот этиши ёки касалликни хорижий мамлакатларда катта маблағ эвазига даволашига сабаб бўларди. Эътиборлиси, ҳозирга келиб, РШТЁИМ трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Бугунгача ўтказилган буйрак трансплантацияси амалиётлари сони 131 тадан ошган бўлиб, жорий йилдан ҳар йили 100 та ана шундай мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, соҳадаги ислоҳотлар натижасида тез тиббий ёрдам тизими мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган соҳага айлантирилди. Хусусан, юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида бутунлай янгича тизим шакллантирилди. Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги бу каби ижобий ўзгаришлар ва изчил ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Биргина мисол. Авваллари тез тиббий ёрдам хизматида давлат томонидан ҳар бир чақириқ учун жуда кам маблағ ажратилар, зарур дори воситалари етишмас, бу эса ўз-ўзидан оғир аҳволдаги беморларга тез тиббий хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир этарди. Хусусан, 2016 йил “Тез ёрдам” тизимида ҳар бир чақириққа сарфланган маблағ ўртача 745 сўмни ташкил этгани сўзимиз тасдиғи, албатта.

Соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида тизимдаги мавжуд кўпгина муаммолар буткул барҳам топди. Хусусан, охирги йилларда “Тез ёрдам”да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 10 баробардан зиёдга ошиб, бугунги кунда ўртача 7 минг 700 сўмни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда 2016 йилда 800 та “тез ёрдам” шохобчалари ва 1 минг 648 та тез тиббий ёрдам бригадалари фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони мос равишда 1 минг 666 та ва 2 минг 685 тага етказилди.

Қолаверса, 2016 йилда Тошкент шаҳри тез ёрдам тармоғида бор-йўғи 24 та реанимобил бўлиб, биргина ўтган 2020 йилнинг 4 ойи давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилинди. Бугунги кунда республика тез тиббий ёрдам хизматида 435 та реанимобил мавжуд бўлиб, 13 минг аҳолига битта автомашина тўғри келмоқда. Ваҳоланки, бу рақам ҳам бундан бир неча йил аввал 15 минг нафардан иборат эди. Шу билан бирга, тез тиббий ёрдам тизимида босқичма-босқич “Дамас” русумли автомобиллардан бутунлай воз кечиш режалаштирилмоқда.

Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири – охирги йилларда тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Жумладан, тугатилган 441 та қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида тез тиббий ёрдам шаҳобчалари ташкил қилинди ва уларга биттадан бригада бириктирилди.

Шунингдек, 793 та қишлоқ оилавий пункти ва Тошкент шаҳрининг 63 та поликлиникалари қошида ҳам ҳудди шундай шаҳобчалар ташкил қилинди. Натижада, тез тиббий ёрдам бригадаларининг хизмат кўрсатиш ҳудуди радиуси ўртача 15-20 км.дан 8-12 км.гача қисқарди. Айниқса, “103” рақами марказлаштирилиши ҳамда мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати – CALL марказларининг ташкил этилиши орқали “Тез ёрдам”нинг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Яъни, 2016 йилда чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирда атиги 8-12 дақиқани ташкил қилмоқда.

Эндиликда мураккаб операциялар ўзимизда ўтказилмоқда

2017 йил 5 январда Президентимиз соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари билан учрашувда “Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис, соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир” деган эди.

Шундан сўнг юртимизда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим қадамлар ташланди. Қувонарлиси, соҳадаги ислоҳотлар натижасида бир қанча мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўзимизда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Хусусан, юртимизда бугунгача 500 дан ортиқ буйрак, 10 га яқин жигар ва 35 та ўзак ҳужайра операциялари ўтказилди. Ихтисослаштирилган марказлар фаолиятининг тараққий этиб бориши, ҳудудлардаги филиаллари ортиб бориши натижасида кўплаб беморларга яшаш жойининг ўзида юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, трансплантация операциялари ўтказилаётгани туфайли юзлаб фуқароларнинг юқори технологик жарроҳлик амалиётлари учун чет мамлакатларга боришига деярли ҳожат қолмади.

Хусусий тиббиёт фаолияти кенгаймоқда

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш, бу каби тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, тизимга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода бугун мамлакатимизда 6,5 мингдан зиёд хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президентнинг 2017  йил  1  апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юртимизда хусусий тиббиёт ташкилотлари 129 та тиббий ихтисослик бўйича лицензия олишларига имкон яратилгани соҳадаги муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Ваҳоланки, бундан аввал улар атиги 50 турдаги хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган, холос.

/uploads/news/BAH_3843.JPG

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шунингдек, аввал нодавлат тиббиёт муассасасига ишга кириш учун шифокорда малака тоифаси бўлиши талаб этилар, бунинг учун камида 5 йил тиббий фаолият билан шуғулланиши лозим эди. Эътиборлиси, Президентимизнинг шу йил май ойидаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бу мураккабликка буткул чек қўйилди. Яъни жорий йил 1 июлдан нодавлат тиббиёт муассасаси бирор ёш мутахассиснинг билим ва малакасига ишонч билдириб, уни иш билан таъминламоқчи бўлса, улардан малака тоифаси талаб қилинмайди. Мутахассис иш бошлаганидан сўнг, вақти келганида шу иш жойида ишлаб туриб ҳам малака тоифаси олиши мумкин. Хуллас, энди тиббиёт муассасасининг мулкчилик шакли ёш мутахассисларни ишга қабул қилишга тўсиқ бўла олмайди.

Малакали кадрларсиз соҳа истиқболини тасаввур этиб бўлмайди

Мамлакатимизда шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, мавқейини мустаҳкамлаш, муносиб меҳнат шароити яратиш, иш ҳақи ва мавжуд шататлар сонини ошириш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада 2016 йил тиббиёт тизимида шифокорлар учун ажратилган 92 минг 709 та штатлар сони 103 минг 401 тага етказилди. Бундан 4 йил аввал мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида 80 минг 849 нафар шифокор фаолият юритган бўлса, айни пайтда 91 минг 191 нафар малакали мутахассис соҳада самарали меҳнат қилмоқда.

Шунингдек, кейинги йилларда тиббиётда чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасаларида мақсадли қабулни шакллантириш, бу йўналишдаги олий ўқув юртлари сонини ошириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар соҳада кадрлар сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда.

Жумладан, 2016 йил мамлакатимизда тиббиёт йўналишида 7 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун улар сони 9 тага етди. Мамлакатимизда 16 та бакалавриат, 51 та магистратура йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Тиббиёт таълим муассасаларида бакалавриат бўйича квоталар сони 72 фоиз, магистратура бўйича эса 92 фоизга оширилди. Аввал мавжуд бўлмаган механизм – мақсадли қабул бўйича 1 минг 500 та квота жорий этилди.

Албатта бу ижобий ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимиз тиббиёт тизимида малакали кадрлар сони ва сифатини яхшилаш, олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини етук мутахассислар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Она ва бола соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар бир мамлакат учун шу йўналиш бўйича ривожланганлик даражасини белгиловчи мезонларни ишлаб чиққан бўлиб, унга  кўра, агар бола ҳомиладорликнинг 22 ҳафтасида туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ, бўйи 25 сантиметр ва ундан ортиқ бўлса, у тирик туғилган ҳисобланади. Табиийки, қатор давлатлар бу тавсияларни ўзларидаги неонатология соҳасининг ривожига қараб, турли йилларда қабул қилишди. Таққослаш учун айтиш керак, баъзи мамлакатларда бу мезонлар 28 ҳафтадан бошлаб, боланинг вазни 1000 грамм, бўйи 35 сантиметр деб ҳам белгиланган. Шу сабаб, Ўзбекистонда бу мезонларга ўтиш учун қабул қилинган давлат дастурларида  бир қатор вазифалар белгиланиб, ҳаётга татбиқ этилди.

Жумладан, ҳомиладор аёллар саломатлиги доимий назоратда бўлиб, 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникадаги перинатал ташхис хоналарида уларнинг 92,6 фоизи ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда. Жорий йил бу бўйича 100 фоизлик натижага эришилади.

Шунингдек, юртимизда болалар саломатлигини сақлашда педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган 280 ўринли Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил этилди. Нафақат республика, балки вилоят тиббиёт муассасаларида ҳам юрагида туғма нуқсони бўлган болаларни даволаш учун шифо ўринлар сони 3 баробар оширилди. Шу билан бирга, айни пайтда юқори тиббий технологиялар асосида юртимиздаги 10 та тиббиёт муассасасида болалар кардиожарроҳлиги операциялари ўтказилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2016 йил 1 минг 447 та кардиожарроҳлик амалиёти амалга оширилган бўлса, 2019 йил 2 минг 285 та, 2020 йил эса 2 минг 315 та ана шундай мураккаб амалиётлар муваффақиятли бажарилди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда юртимизда эшитишда нуқсони бор ва кар болаларда кохлеар имплантация операциялари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Биргина 2016 йилда “Нейросенсор кар ёки заиф эшитадиган болаларда кохлеар имплантатлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш”  бўйича 150 нафар бола қамраб олинган бўлса, 2018 йилда 239 нафар, 2019 йил 320 нафар, 2020 йилда эса 225 нафар заиф эшитувчи бемор болаларда жарроҳлик операциялари амалга оширилиб, ўтган даврда бу рақам 1000 нафардан ошди.

Бир сўз билан айтганда бугун тиббиёт тизими ходимлари изланишдан, тажриба ва маҳорат орттиришдан бир зум ҳам тўхтагани йўқ. Президентимиз бошчилигида тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар эса халқимизни бугунидан рози қилиш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Фурқат Санаев,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби.

31.08.2021 319

Похожие новости