ССВ: БУГУНГИ КУНДА ЮРТИМИЗДА ЙИЛИГА ЎРТАЧА 750 МИНГТА ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Хабарингиз бор, жорий йил 13 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда хирургия хизматини трансформация қилишга оид тақдимот билан танишди.

Унда давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар билан бир қаторда тизимдаги камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари ҳақида сўз юритиб, бунинг учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Сир эмаски, тиббиёт тизимида эришилган ютуқлар, энг аввало, хирургия хизмати ривожи ва ушбу соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва салоҳияти билан ўлчанади. Қайси мамлакатда тиббиётнинг ушбу йўналиши тараққий этган бўлса, аҳоли ҳам соғлиқни сақлаш соҳаси ва унда кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлади.

Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда хирургия хизматини янада такомиллаштириш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юртимизда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш, ташхислаш, операция қилиш ва даволаш бўйича мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Натижада бугунга келиб, юртимизда йилига ўртача 750 мингта, шундан шошилинч равишда 300 минг, режали 450 минг жарроҳлик амалиётини бажариш йўлга қўйилди. Ушбу жарроҳлик амалиётларининг 24 мингтаси республика тасарруфидаги клиникаларда ўтказилаётган бўлса, 550 мингтаси вилоят марказларида, 170 мингтаси эса туман миқёсида амалга оширилмоқда.

— Қувонарлиси, соҳага қаратилаётган юксак эътибор, яратиб берилаётган шароит ва берилаётган имкониятлар туфайли бугунги кунда биргина марказимизнинг ўзида йилига қилинаётган жарроҳлик амалиётлари сони ўртача 6,5 мингта, операциялар тури 350 та, шунингдек, вилоят марказларида 130 та, туман шифохоналарида эса 60 тага етди, — дейди Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод ИСМАИЛОВ. — Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра келгусида туманлараро марказларда қилинадиган жарроҳлик амалиётлари турини 79 тага, вилоят даражасида 168 тагача етказиш ва бунинг учун ҳудудларда зарур шароитлар яратиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, юртимиздаги 32 та шифохонада замонавий эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилди.

Ваҳоланки, 2016 йилда республикада атиги 15 та ангиограф мавжуд эди, холос.

Шу билан бирга, ҳозирда мамлакатимизда 82 нафар интервенцион кардиолог мутахассислар фаолият юритмоқда.

Албатта соҳада яратиб берилаётган бундай шароитлар ўз-ўзидан халқимизга хирургия йўналишида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бераётир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

 
15.09.2021 456

Похожие новости